КОГОНЛИК ОЛИМ ШАРИФ БАРОТОВ*
Шариф Бектош,
Тил ва адабиёт ўқитувчиси
Куни кечагача фандаги улкан олтин норвоннинг энг юқори чўққисига чиққан ЎЗФА академиги Карим Шониёзов билан фахрлариб маъракаларда йиғинларда, ўзаро суҳбатларда гапираётган бўлсалар, 2011 муборак мустақиллигимиз 20 йиллик тўйи нишонланадиган йилда яна бир ифтихор ғурурни Аллох марҳамат этди. Психология фанлари доктори профессор Шарифжон Баротов Москвадан Халқаро психология фанлар Академиясининг мухбир аъзоси деган шарафга сазовор бўлди. Ўзбекистонда 1- ва ҳозиргача ягона бўлган Психология илмий журнали бош муҳаррири этиб тайинланди.
1960 йилда Когон тумани Талича қишлоғида туғилган.Отаси Рамазон Баротов. Рамазон ишчи, онаси- Сайёра Баротова сифатида эл хизматида бўлишган. У психология фанлари доктори, профессор, Бухоро Давлат университети психология кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси тасарруфидаги психология фанларига ихтисослашган Илмий Кенгаш аъзосидир.
Унинг муаллифлигида чоп этилган 2 илмий монография, 1 дарслик, 20 дан ортиқ ўқув қўлланмалари ва 100 дан ортиқ илмий тезислар ва амалий тавсиялар асосида Ўзбекистон умумтаълим мактабларида илк бор амалиётчи - психологлар штати жорий қилинган ва бу борада кенг қамровли фаолият юритилмоқда.
Шариф Баротов 1977 йилда Когон туманидаги 1-сонли мактабни, 1983 йилда Бухоро Давлат педагогика институтини, 1990 йилда Москва шаҳридаги Фанлар академиясига қарашли Психология илмий тадқиқот институти аспирантурасини тугатиб, номзодлик диссертациясини ёқлади.
1994-1997 йилларда докторантурани тугатиб, таниқли психолог олим, профессор Ғайрат Шоумаров раҳбарлигида “Ўзбекистондаги таълим ва меҳнат муассасаларида психологик хизмат ташкил этилишининг ижтимоий – психологик ва илмий амалий асослари” мавзуидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2005 йилда эса унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссиясининг 120/1- рақамли қарорига мувофиқ Психология кафедраси профессори дипломи берилди.
Шариф Баротов раҳбарлигида 3 нафар фан номзоди тайёрланди. Шунингдек, унинг ўнлаб шогирди номзодлик диссертациялари устида иш олиб бормоқда.
Шариф Баротов томонидан чоп этилган “ Таълимда психологик хизимат асослари” ( Тошкент: “Маънавият”, 1990), “Кичик ёшдаги ўқувчилар фаолиятини баҳолаш” ( Тошкент: “Ўқитувчи”,1990), “Ўқувчи шахсини ўрганиш усуллари”( Тошкент:1992), “Умумий психология” (Бухоро, 2000) “Психологик муҳофаза” (Тошкент: “Фан,” 2008) “Психологик луғат” ( Тошкент: “ Фан”, 2008) каби монография, дарслик ва қўлланмалар мутахассис-педагоглар фаолиятининг муҳим кўмакчиси бўлиб келмоқда.
Ш.Баротов бугунги кунда Бухоро Давлат университети ва вилоят ижтимоий ишларида алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган иқтидорли ва забардаст олимлардан биридир.
Олимнинг қизи Дилафрўз ҳам ота изидан бориб, фанда ўз сўзини айтиш умидида изланмоқда.
Инсон руҳияти−мисли мўъжиза,
Унинг дунёсига кирмоқлик душвор.
Минг битта калитдан қалбнинг қулфига
Мосин топмоқликка бўлди сазовор.
*Шариф Бектош. “Бухоро” нашриёти-2011 йил. 18-бет.
“Когонлик фозиллар” китобдан олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |