ДЎСТ БЎЛСАНГ ЁНИМДА ТУР
Муҳиддин Рашидов,
БухДУ Экология кафедраси катта ўқитувчиси
Ҳар бир инсон яшар экан доимо ўзига содиқ инсон-дўсти бўлишини хоҳлайди. Уни танлашда, дўстим деб юрганлар орасидан содиқ ва вафодор, асл дўстинг ким эканлигини англаб олиш учун эса вақт керак экан. Бугун бундай дўстим Шариф Рамазанович Баротовлигини ҳаёт менга саралаб берди.
Шариф Баротов билан бир қишлоқда ўсдик, улғайдик, бир боғча ва мактабда ўқидик, ёнма-ён юриб дўстлигимиз тобланди.
Дўстим билан ўрта умумтаълим мактабида 10 йил бирга ўтган кезларимизда у тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги, фаоллиги, устозларга ва дўстларга бўлган ҳурмати билан ажралиб турарди. 1960 – 1980 йиллар даврида аксарият умумтаълим мактабларида синфдаги энг аълочи ўқувчи учун 1 та “Аълочи парта”си ажратилар эди, шунга ҳам дўстим лойиқ топилган, у ўрта мактабни битиргунча шу партада ўтирган. Мана шу дўстлигимизга ҳам ярим аср ўтибдики, ҳали ҳам яқин маслакдош худди ака–ука, оилавий дўст-биродармиз.
Инсондаги барча ижобий фазилатлар: олийжаноблик, меҳр-оқибат, мардлик, ҳалоллик, инсонийликни дўстим Шарифжон Баротов сиймосида кўраман.
Мен шифокорликни танлаб Самарқанд давлат тиббиёт институтида, Шарифжон эса Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)да ўқишни давом эттирди. Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари масофа бўйича бир-биридан узоқ бўлса ҳам бу бизнинг ўзаро меҳр-оқибатимиз сабабли бир қадам эди. Талабалик йиллари яшин мисоли ўтди кетди. Барча синфдошларим ва курсдошларим ҳаёт “саҳнаси”да ўз оиласи, ҳамкасбларига эга бўлди, янги дўстлар орттирди.
Мен вилоят юқумли касалликлар шифохонасида оддий шифокорликдан бўлим мудири, шифохона бош ҳакимининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, вилоят соғликни сақлаш бошқармасида бош мутахассис, Когон туман юқумли касалликлар касалхонасининг бош ҳакими лавозимларида ишладим. Раҳбар бўлиб ишлаб юрган кезларимда атрофимда беҳисоб дўстлар борлиги менга куч – ғайрат бағишлар эди. Дўстларимнинг кўплигидан оламга сиғмасдим.
Ҳар бир инсон ҳаётида қийинчиликлар бўлгани каби, мен ҳаёт қийинчиликларига дуч келганимда айрим “дўст” деб юрган, уйимиз тўрида ўтирган инсонлар ҳатто ўша кунлар кўчамиздан ҳам ўтмади. Ҳақиқий дўстни эса кундалик ҳаёт тасдиқлашининг яна бир бор гувоҳи бўлдим.
Шариф Баротов эса маслакдош бўлди, ўзининг ҳақиқий, асл дўстлигини кўрсатди. Мени Бухоро давлат университетида, бирга ишлашга ундади. Шундан бери дил изҳорларимга сарлавҳа бўлган “Дўст бўлсанг ёнимда тур” сўзлари менинг шиоримга айланган.
Бу воқеаларга ҳам 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашимда Шариф Баротовдан маслаҳатлар оламан, дўстим доимо маслакдошимдир.
Унга Аллоҳ томондан берилган иқтидор бугунги масъулиятли кунда ўз маҳсулини берди.
Биз дўстлар Шариф Баротов билан фахрланамиз, чунки у қишлоғимиз, мактабимизнинг биринчи фан доктори, профессоридир.
Албатта, Ш.Баротовнинг барча ютуқларида оиласининг, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва болаларининг катта хизмати бор. Айниқса, турмуш ўртоғи Яхшигулхоннинг хизматлари бениҳоят катта. Яхшигулхоннинг бутун ҳаёти давомида чин юракдан дўстимни қўллаб-қувватлаши, унга меҳрибонлик кўрсатиши мана шундай кунларга етиб келишига сабаб бўлди.
Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзулланинг асл дўст ҳақида ёзган шеърий мисралари билан фикримни тугатмоқчиман.
Асл дўст ёнингда бўлади ҳар гал
Ортингдан отилса маломат тоши
Баъзилар таскин бермас лоақал
Кимнингдир қайғудан эгилса боши
Аслида бу дунё қайтар дунёдир
Маломат заҳми ҳам битур бегумон
О – қалбим асл дўст ҳар ишга қодир
Сен ундан ажралиб чиқмагин армон
Асл дўст бор жойда тупроқдир ғаним
Бахтимга бор бўлгин, эй асл дўстим.
Do'stlaringiz bilan baham: |