ЯНГИ ФАН НОМЗОДИ*
Р. Турсунов,
Халқ таълими аълочиси
Шариф Баротовнинг олий илмга интилишига “Педагогика ва бошланғич таълим методикаси” куллиётида ўқиб юрган талабалик йилларида таниқли физик олим Эйнштейн таъбири билан айтганда “Физикадан ҳам қийинроқ” бўлган руҳият фанига унинг ўқитувчилари катта қизиқиш уйғотдилар.
Шарифжон бу қизиқарли фанни чуқурроқ ўрганиш учун бошқа фанларни ҳам яхши билиши кераклигини англаб ҳамма фанлардан “аъло” баҳо олиб ўқиди. Ш.Баротовнинг қобилияти, таланти келажакда ундан яхши илмий ходим чиқишини ҳисобга олиб, уни олийгоҳ психология кафедрасида ишга қолдирдилар. У кўпроқ ўзи битирган “Педагогика ва бошланғич таълим методикаси” куллиётида лекциялар ўқиб айрим курслар билан амалий машғулотлар бажарди. Озгина вақт ичида психология фани бўйича ўзининг билимдонлигини намоён қилиб талабалар ва профессор – ўқитувчилар орасида обрў-эътибор қозонди. Ана шу йиллар ичида унга ҳали талабалик йилларидаёқ пайдо бўлган илмга ташналик ривож топди. Шарифжонда кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда меҳнатга актив ижобий муносабатни тарбиялашни психологик хусусиятларини тадқиқ қилишга қизиқиш туғилди. У педагогик фаолият билан илмий ишни уйғунлаштириб юборди.
Ш.Баротов 1985-1987 йилларда Москвадаги Фанлар академиясига қарашли умумий ва педагогик психологик илмий тадқиқот институтига тажриба ўрганиш учун ўқишга юборилди. Ана шу ўқиш йилларида Шарифжондаги илмий ишга бўлган ихлос орта борди. У мазкур илмий-текшириш институтининг аспирантурасида ўқишга қолдирилди.
Ш.Баротов бошланғич синф ўқувчилари билан иш олиб бориладиган таълим – тарбия жараёнини яхши билиб боргани учун улардаги меҳнат тарбияси билан боғлиқ психологик хусусиятларни, тадқиқ қилиниши лозим бўлган айрим сифатлар ва хусусиятларни зукколик билан илғаб олди ва бу борада қатор илмий тадқиқотлар ўтказди. Шунингдек, комплекс методларни ишлаб чиқди ва уларни нафақат жумҳуриятимизда, балки Иттифоқнинг барча регионларидаги 100 дан ортиқ мактабларда қўллади. Бу хайрли ишларда таниқли психологлардан бири, психология фанлар номзоди Э.А.Фарапонова бевосита раҳбарлик қилди.
Бугунги кунда Ш.Баротовнинг 20 дан ортиқ илмий тадқиқот ишлари (мақола, методик қўлланма ва тезислар тарзида) чоп этилган.
Интилганга толе ёр деганлар, Ш.Баротов кўп йиллик изланишларнинг якуни сифатида 1990 йил 13 ноябрда, Москва шаҳрида “Кичик мактаб ёшдаги ўқувчиларда меҳнатга актив ижобий муносабатни тарбиялашнинг психологик хусусиятлари” мавзуидаги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Унинг илмий ишига махсус оппененлар: психология фанлари доктори А.В. Захарова, психология фанлари номзоди О.И. Зотова, шунингдек илмий совет аъзоларидан психология фанлари доктори М.Г. Тайчинов, академик А.М. Матюшкин ва бошқалар юксак баҳо бердилар.
Олий аттестация комиссияси (ВАК)нинг 27 вевраль, 1991 йилда ўтган кенгаши Ш.Баротовнинг илмий ишини кўриб чиқиб, унга психология фанлари номзоди деган илмий унвон берилиши ҳақида Фанлар Академияси қошидаги “Умумий ва педагогик психология” илмий тадқикот институтини махсуслаштирилган илмий кенгаши қарорини тасдиқлади.
Шарифжон Баротовни бу илмий даража билан чин қалбдан қутлаймиз.
* ушбу мақола “Интилганга толе ёр” рукни остида Бухоро давлат педагогика институтининг Муаллим-педагог (№ 40. ( 920). 1991 йил, 30 апрель) газетасида эълон қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |