Таҳлилий функция. Ишончли ва ҳуқуқий асосланган ахборот корхона молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилишда ишлатилади. Таҳлил бу қабул қилинган қарорларни яхшилаш мақсадида ўрганиш жараёнидир.
Ҳисоб функцияси корхона хўжалик фаолияти ҳужжатлар асосидаги ялпи, узлуксиз ва ўзаро боғланган ифодасидир.
1.5. Бухгалтерия ҳисоби ахборотларидан фойдаланувчилар
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида» ги қонунига биноан, бухгалтерия ҳисобининг мақсади фойдаланувчиларни ўз вақтида тўлиқ ҳамда аниқ молиявий ва бошқа бухгалтерия ахбороти билан таъминлашдир.
Бухгалтерия ҳисобининг мақсади фойдаланувчиларни ўз вақтида тўлиқ ҳамда аниқ молиявий ва бошқа бухгалтерия ахбороти билан таъминлашдир.
«Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос» (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 14 августда 475-сон билан рўйхатга олинган) бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан (молиявий ҳисоботдан) фойдаланувчилар қаторига ҳақиқий ва бўлғуси инвесторлар, кредиторлар, мол етказиб берувчилар, харидорлар, ходимлар, шунингдек ҳукумат муассасалари, вазирликлар, идоралар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор фойдаланувчилар киради. Молиявий ҳисобот ахборотига эҳтиёж қуйидагиларда вужудга келади:
- инвесторларда тақдим этилган инвестициялар билан боғлиқ хатарлар муносабати билан. Акциядорлар ҳам хўжалик субъектининг дивидендларни тўлаш қобилиятини баҳолашга имкон берадиган ва акцияларни сотиб олиш, сақлаш ёки сотиш кераклигини аниқлашга ёрдам берадиган ахборотдан манфаатдордирлар;
- кредитлари ва фоизлари ўз вақтида тўланишини аниқлашга имкон берадиган ахборотдан манфаатдор кредиторларда;
- суммалари ўз вақтида тўланишини аниқлашга имкон берадиган ахборотдан манфаатдор бўлган мол етказиб берувчилар ва бошқа савдо кредиторларида;
- корхонанинг узлуксиз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор бўлган харидорларда, айниқса улар узоқ муддатли битимга эга бўлсалар ёки мазкур корхонага боғлиқ бўлсалар;
- корхоналарнинг фаолияти барқарорлиги ва рентабеллиги тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор бўлган ходимларда. Улар ҳам корхонанинг ўз иш ҳақларини, пенсияларини ва кейинчалик ҳам ёллаш бўйича ишлаш имкониятларини таъминлаш қобилиятига баҳо бериш имконини яратадиган ахборотдан манфаатдордирлар;
- ресурсларнинг тақсимланиши ва бинобарин, корхоналарнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор бўлган давлат бошқаруви органларида. Уларга ҳам корхонанинг фаолиятини тартибга солиб туриш, солиққа тортиш сиёсатини белгилаш учун ва миллий даромадни ҳамда бошқа статистик маълумотларни аниқлаш учун асос сифатида ахборот керак;
- жамоатчиликда ҳам, чунки корхоналар маҳаллий иқтисодиётга кўпгина усуллар билан, шу жумладан аҳолини иш билан таъминлаш ва маҳаллий мол етказиб берувчиларни қўллаб-қувватлаш билан катта ҳисса қўшиши мумкин. Молиявий ҳисобот жамоатчиликни тараққиёт йўналишлари ва корхоналарнинг фаровонлигини яхшилашда эришилган сўнгги ютуқлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаб, уларга ёрдам беради.
Бухгалтерия ҳисоби корхонанинг фаолияти ҳақидаги ахборотга эҳтиёжи бўлган манфаатдор истеъмолчиларни ахборот билан таъминлаш учун юритилади. Бозор иқтисодиёти шароитида ахборот истеъмолчилар ҳам турличадир. Бу истеъмолчиларга турли даражадаги ахборотга эҳтиёж сезилади. Ушбу ахборотлар асосида бошқарув ва инвестицион қарорлар қабул қилишади.
Иқтисодий ахборот истеъмолчиларни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
- ички истеъмолчилар;
- ташқи истеъмолчилар.
Корхона ҳақидаги иқтисодий ахборот истеъмолчиларининг асосий гуруҳига тавсиф қуйидаги 1-жадвалда берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |