Хўжалик операцияларини, активларни ва пассивларни пулда баҳолаш принципи. Молиявий ҳисоботларда ахборотларни умумлаштириш мақсадида барча операциялар ва ходисалар пулда баҳоланади. Барча хўжалик операциялари, ҳолатлар, активлар ва пассивлар ягона, бир хил бирликда ўлчаниши - пул билан баҳоланиши керак. Ўзбекистон Республикасида пул бирлиги - сўм, унинг бўлаклари - тийинлардир.
Ишончлилик принципи. Ахборотда муҳим хато ёки ғаразлилик бўлмаса ва фойдаланувчилар унга таянишлари мумкин бўлса, ишончли ҳисобланади. Операциялар ёки ҳодисаларнинг ишончлилиги одатда бошланғич ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.
Олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик) принципи. Қарорлар қабул қилишда олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик) приципига риоя қилиш активлар ва даромад ошириб баҳоланмаслиги, мажбуриятлар ёки харажатлар эса камайтириб баҳоланмаслиги учун ноаниқлик шароитида баҳо чиқариш учун зарурдир. Мазкур принципи молиявий ҳисоботда активлар ва даромадларни ошириб баҳолашга ҳамда мажбуриятлар ёки харажатларни камайтириб баҳолашга йўл қўйилмаслигини назарда тутади. Бу принципнинг қўлланиши яширин захираларни ташкил этишга ёки таъминотни ошириб кўрсатишга, активлар ёки фойдани, мажбуриятлар ва харажатларни атайлаб камайтиришга ва ошириб кўрсатишга ҳуқуқ бермайди.
Мазмуннинг шаклдан устунлиги принципи. Агар ҳисоб ҳужжатларидаги ва молиявий ҳисоботдаги ахборот операциялар ва ҳодисаларнинг мазмунини тўғри акс эттирса, бу ахборот фақат унинг ҳуқуқий шакли билангина эмас, балки моҳияти ва иқтисодий реаллигига мувофиқ ҳисобга олиниши ва тақдим этилиши зарур. Мазкур принципнинг мазмуни шуни билдирадики, агар ҳисоб ҳужжатларидаги ва молиявий ҳисоботдаги ахборот операциялар ва ҳодисаларнинг мазмунини тўғри акс эттирса, бу ахборот молиявий ҳисоботда ҳисобга олиниши ва кўрсатилиши лозим.
Кўрсаткичларнинг қиёсийлиги принципи. Молиявий ахборот фойдали ва мазмунли бўлиши учун, бир ҳисобот давридаги ахборот бошқа ҳисобот давридагиси билан қиёсланадиган бўлиши керак. Фойдаланувчилар корхона томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлашда фойдаланган ҳисоб сиёсатидан, мазкур сиёсатдаги барча ўзгаришлардан ва шундай ўзгаришларнинг натижаларидан хабардор бўлишлари керак.
Молиявий ҳисоботда олдинги даврга нисбатан бутун қиёсий ахборотни ёритиб бериш зарур. Олдинги даврдаги молиявий ҳисоботларнинг шарҳлари ва баён қилувчи ахборотлари жорий ҳисобот даври учун ҳам тақдим этилиши ва жорий ҳисобот даври молиявий ҳисоботларини холисона тақдим этиш учун зарур бўлса, янгиланиши керак.
Молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичларини тузатиш ёки моддаларини тасниф этишда жорий билан қиёсийликни таъминлаш учун қиёслама суммалар қайтадан тасниф этилиши ва бир вақтни ўзида бундай қайтадан тасниф этишнинг тавсифи, суммаси, сабаби ёритиб берилиши керак. Агар бунинг имконияти бўлмаса, хўжалик юритувчи субъект қайта тасниф этиш сабабини ва агар суммалар қайтадан тасниф этилган бўлса киритилган ўзгартишларнинг характерини ёритиб бериши керак.
Агар ахборот фақат тақдим этиш учун, масалан, маълум бир давр бошидаги ва охиридаги номоддий ва моддий активларнинг сальдосини текшириш учун хизмат қилса, бундай ҳолларда қиёсланадиган ахборот талаб қилинмайди.
Шундай ҳолатлар ҳам борки, жорий давр билан қиёслаш мақсадида қиёсланадиган ахборотни қайта тасниф этиш мумкин бўлмайди. Масалан, олдинги даврдаги ахборот қайта тасниф этиш мумкин бўлмайдиган тарзда тўпланган бўлиши мумкин, бу эса ахборотни ўзгартиришга амалда имкон бермайди. Бундай ҳолатларда қиёсланадиган суммаларга киритилиши мумкин бўлган тузатишларнинг тавсифи ёритиб берилиши лозим.
Қиёсийлик принципига риоя қилиш учун қуйидаги шартларни бажариш керак:
- барча миқдорий ахборотларга нисбатан талаблар;
- ҳисобот йилида ҳисоботни тақдим этишга ёндашув ўзгарганда олдинги давр ахбороти қиёслаш мақсадлари учун қайтадан тасниф этилиши керак.
- агар амалий мулоҳазалар билан қайта тасниф этишни амалга ошириш мумкин бўлмаса, қайта тасниф этиш амалга оширилган ҳолда содир бўладиган ўзгаришларнинг сабаблари ва тавсифи ёритиб берилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |