Корхона томонидан бепул (ҳадя шартномаси бўйича) олинган ҳамда асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетиши натижасида олинган товар-моддий захираларнинг таннархи уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиниш санасидаги жорий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Жорий қиймат деганда маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари бўйича товар-моддий захираларнинг қиймати ёки бир-биридан мустақил, хабардор ва бундай битимни амалга оширишни хоҳловчи тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма суммаси тушунилади.
Агар ташкилот томонидан товар-моддий захиралар бепул (ҳадя шартномаси бўйича) олинаётганда товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган тегишли харажатлар мавжуд бўлса, товар-моддий захираларнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади.
Товар-моддий заҳиралар текинга (ҳадя шартномаси бўйича) олинганда уларнинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади. Товар-моддий заҳираларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи корхонанинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:
- жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
- етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
- оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
- биржа маълумотлари;
- давлат статистикаси органларининг маълумотлари.
Узоқ муддатли активлар таркибидан товар-моддий захиралар таркибига ўтказилган активларнинг таннархи ушбу узоқ муддатли активларнинг баланс (қолдиқ) қиймати бўйича белгиланади.
Илгари берилган товар қарзининг қайтарилиши ёки товар қарзини олиш натижасида олинган товар-моддий заҳираларнинг таннархи.Ўзбекистон Республикаси Фукаролик Кодексининг 732-моддасига мувофиқ, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк килиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Бунда қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Қарз товар-моддий захиралар шаклида берилса, карзнинг бундай тури товар қарзи деб аталади. Товар қарзи шартномасига мувофиқ, қарз берувчи қарз олувчига мулк сифатида пул ва тур аломатлари бўлган бошқа ашёларни беради, қарз олувчи эса бир йўла ёки бўлиб-бўлиб худди шундай қарзга олинган шу тур ёки сифатдаги буюмлар миқдорига тенг суммани (қарз суммаси) кайтариш мажбуриятини олади.
Илгари берилган товар қарзининг қайтарилиши ёки товар қарзини олиш натижасида олинган товар-моддий заҳираларнинг таннархи уларнинг товар қарзи шартномасида томонлар ўзаро келишилган қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.