4. Товар-моддий захиралар ҳисоби
4.1. Товар-моддий заҳираларни тан олиш
Товар-моддий захиралар — фаолият юритиш жараёнида кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб туриладиган ва ишлаб чиқариш жараёнида бўлган, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган моддий активлар ҳисобланади.
Товар-моддий захиралар корхоналарда қуйидаги кўринишда бўлиши мумкин:
- маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш, маъмурий эҳтиёжлар ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган хом ашё ва материаллар, харид қилинадиган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар, ёқилғи, тара ва тарабоп материаллар, эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва хўжалик жиҳозлари, бошқа материаллар захиралари;
- боқувдаги ва яйловдаги ёш ҳайвонлар, катта ёшдаги ҳайвонлар, паррандалар, асалари оилалари, сотиш учун асосий подадан яроқсизга чиқарилган катта ёшдаги чорва моллари, сотиш учун четдан қабул қилинган чорва моллари;
- механизм қисмлари, қурилмалар, буюмларга тугалланмаган ишлов берилиши ва уларнинг йиғилиши ҳамда тугалланмаган технологик жараёнлар кўринишида тугалланмаган ишлаб чиқариш. Хизматлар кўрсатувчи ва ишлар бажарувчи ташкилотларда тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг қиймати сифатида қабул қилиш-топшириш ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва ташкилот томонидан тегишли даромад сифатида тан олинмаган тугалланмаган хизматлар (ишлар) бўйича харажатлардан ташкил топади;
- корхонада тайёрланган тайёр маҳсулот (реализация қилиш учун мўлжалланган ва шартномада ёки қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларнинг талабларида назарда тутилган техник ва сифат тавсифларига мувофиқ келадиган ишлов берилиши (бутланиши) тугалланган актив);
- бошқа юридик ёки жисмоний шахслардан харид қилинган (олинган) ва ташкилотнинг одатий фаолияти давомида қўшимча ишлов беришсиз сотиш ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар. Бунда узоқ муддатли активлар объектлари (бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар ва бошқалар) ҳам кейинчалик сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган ҳолларда товар бўлиб ҳисобланиши мумкин.
Товар-моддий захираларни актив сифатида тан олишнинг куйидаги мезонлари мавжуд:
- корхонага келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий нафнинг келиб тушишига ишонч мавжудлиги;
- активнинг қиймати ишончли баҳоланиши мумкинлиги;
- уларга бўлган мулкий ҳуқуқининг корхонага ўтганлиги.
Товар-моддий заҳираларнинг биринчи шартга мослигини аниқлашда корхона дастлабки тан олиш пайтида мавжуд бўлган фактларга асосланиб бўлажак иқтисодий нафнинг олиниши эҳтимоллиги даражасини баҳолаши лозим бўлади. Бунинг маъноси шундаки, корхона олинган активга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва бошқаришга боғлиқ бўлган барча бўлажак даромадлар (улар одатда товар-моддий заҳираларнинг чиқиб кетиши, шунингдек сотилишидан тушадиган даромадлар шаклида намоён бўлади) узига тегишли бўлишига ишонч ҳосил килиши лозим ва мазкур объектга эгалик қилишга боғлик барча таваккалчиликни (жумладан мулкнинг тасодифан ишдан чиқиши ёки бузилиши хавфи, шунингдек уни саклаш, кайта ишлаш ва ҳисобдан чиқаришга боғлик кўзда тутилган харажатларни) ўз зиммасига олади. Иқтисодий наф олиш эҳтимоллигининг мавжудлиги корхона актив билан боғлик бўлган, иктисодий моддий бойликларга эга бўлиши ва шунга мувофиқ тегишли таваккалчиликни уз зиммасига олиши хусусида ойдинлик киритилишини тақозо этади. Одатда иқтисодий манфаатлар ва таваккалчиликлар корхонага тулик ўтгандагина бундай аниқлик пайдо бўлади. Бунгача эса активни харид қилиш операцияси деярли талофатларсиз (жарималарсиз) бекор килишини мумкин, шунинг учун актив тан олинмайди.
Товар-моддий заҳираларни тан олишнинг юқорида келтирилган иккинчи шарти бухгалтерия ҳисоби амалиётида одатда осон қониқтирилади, чунки активни харид қилиш операцияси натижасида унинг қиймати аниқланади. Масалан, товар-моддий заҳиралар бошқа шахслардан сотиб олинаётганда уларнинг қийматини баҳолашнинг асосий ишончли курсаткичи товар-моддий заҳираларнинг томонларни қониқтирадиган ва олди-сотди шартномасида кўрсатилган баҳоси ҳисобланади; товар-моддий заҳиралар корхонага бепул келиб тушганда баҳолашнинг асосини тегишли ўтказиш ҳужжатларида кўрсатилган товар-моддий заҳиралар қиймати ёки улар келиб тушган пайтдаги бозор қиймати ташкил килади. Бунда, агар актив корхонанинг ўз кучи билан мустақил яратилган бўлса, унинг қийматини материаллар, ишчи кучини сотиб олиш буйича ташқи томонлар билан олиб борилган операциялар ҳамда товар-моддий захираларни яратиш (ишлаб чиқариш) жараёнидаги бошқа харажатлар асосида ишончли баҳолаш мумкин.
Товар-моддий заҳираларни тан олишнинг учинчи шарти шундан келиб чиқадики, маълум муддатга (масалан, молиявий ҳисоботни тузиш санасигача) бўлган даврда корхона ихтиёрида бўлган барча заҳиралар, улар қаерда жойлашган бўлишидан қатьий назар, товар-моддий захираларга олиб борилади. Яъни, буюмни корхонанинг товар-моддий захираларига ўтказишнинг ҳал қилувчи мезони бўлиб унинг мазкур буюмга бўлган мулкий ҳуқуқи ҳисобланади. Шунинг билан бирга, корхонага тегишли ҳудудда бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг мулки бўлган буюмлар бўлиши мумкин. Консигнация шартномаси асосида келиб тушган товарлар ёки товар-моддий захираларни сотиш ҳақида ҳисоб-китоб ҳужжатлари расмийлаштирилиб, аммо ўз вақтида харидор томонидан олиб чиқиб кетилмаган товарлар бунга мисол бўла олади. Булар корхонанинг товар-моддий захираларига кирмайди.
Сотиб олинган ва ҳали йулда бўлган товарлар, агар уларга бўлган мулкий ҳуқуқ корхонага берилган бўлса, унинг товар-моддий захираси ҳисобланади. Мулкий ҳуқуқнинг берилиши санаси одатда товарларни сотиб олиш шартномасида белгиланади. Чунончи, ФОБ (FOB (free on board) destination), манзилга етказиб бериш шартларига кўра, етказиб берувчи сотиб олинган товарни корхона томонидан кўрсатилган манзилга етказиб бергандан кейин мулкий ҳуқуқ амал килади. Бу пайтгача йўлда бўлган товар корхонанинг товар-моддий захираларига тегишли булмайди. ФОБ (FOB shipping point) жўнатиш шартлари буйича товар корхона томонидан сотиб олинганда таъминотчи товарни етказиб берувчига топширган пайтдан эътиборан мулкий ҳуқуқ харидорга ўтади, ушбу пайтдан бошлаб йўлдаги товар уни харид қилган корхонага тегишли товар-моддий захираларининг бир қисми ҳисобланади.
Корхонаннинг товар-моддий заҳираларига, шунингдек, савдо агенти томонидан консигнация келишувлар доирасида берилган товарлар ҳам киради. Бундай келишувларда кўзда тутилишича, товар эгаси уни савдо агентига топширади, савдо агентининг вазифаси эса ушбу товарни сотишдан иборат. Агент товарни сотиб олмайди, аммо ўз зиммасига уни сақлаш бўйича мажбуриятни олади. Товарни сотгандан сўнг агент унинг олдинги эгасига савдо тушумини ўтказиб беради. Агент харажатларини қоплаш, шунингдек унга комиссион мукофот бериш тартиби консигнация шартномасида кўрсатилади. Агент ихтиёрида сотувда бўлган товарлар агентнинг эмас, балки уларни берган корхонанинг товар-моддий захираларига киради.
Товар-моддий захираларга бўлган мулк ҳуқуқи, улар билан боғлиқ таваккалчилик ва мукофотларнинг ўтиш пайти маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартлари келишиладиган маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси асосида белгиланади.
Корхонанинг товар-моддий захираларига таъминотчи томонидан юклаб жўнатилган, мулкий ҳуқуқ харидорга ўтмаган, аммо қабул қилиш пайтида харидор томонидан яроқсиз деб топилган ва қайтарилиши лозим бўлган товарлар киритилмайди.
Товар-моддий захиралар бухгалтерия ҳисобининг бирлиги захиралар тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантириш ҳамда уларнинг мавжудлиги ва ҳаракати устидан лозим даражада назоратни таъминлаш мақсадида корхона томонидан мустақил равишда белгиланади. Товар-моддий захираларнинг хусусиятлари, уларни харид қилиш ва улардан фойдаланиш тартибидан келиб чиқиб товар-моддий захираларнинг бирлиги номенклатура рақами, партия, бир турдаги гуруҳ ва ҳоказо олиниши мумкин.
Бошқа корхоналарлардан олинган товар-моддий захиралар ҳам, корхонада ишлаб чиқарилган товар-моддий заҳиралар ҳам, меъёрий ҳужжатларда бошқача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, корхонанинг тегишли омборхонасига қабул қилиниши керак.
Таъминотчи томонидан юклаб жўнатилган ва йулда бўлган, мулкий ҳуқуқи эса харидор томонидан товар-моддий захира қабул қилинган пайтда харидорга ўтган товар-моддий захиралар учун тўланган бўнак миқдори бухгалтерия ҳисобидаги ҳисоб-китоблар счётида дебиторлик қарзи сифатида кайд этилади.
Корхонада келиб тушган моддий қийматлар учун мулкий ҳуқуқ (тегишли равишда хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи) бўлмаса, ушбу моддий қийматлар балансдан ташқари счётларда шартномада назарда тутилган баҳо бўйича ҳисобга олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |