Қўшимча (йўлдош) маҳсулот ҳисоби. Юкорида таъкилаб ўтилганидек, қўшимча маҳсулотлар - бу сотиш қиймати нисбатан паст бўлган маҳсулотлар бўлиб, улар одатда бирга ишлаб чиқариладиган (асосий) маҳсулотларни чиқариш жараёнида арзимаган миқдорда пайдо бўлади. Корхонанинг бош мақсади бўлиб - бирга ишлаб чиқариладиган асосий маҳсулотни чиқариш ҳисобланади, шунинг учун ҳам комплекс харажатлар бўлиниш нуқтасигача қўшимча маҳсулотларга эмас, балки фақатгина асосий маҳсулот таннархига олиб борилиши керак, дейишга асос бор.
Бунда шуни ҳам назарда тутиш керакки, бўлиниш нуқтасидан кейинги пайдо бўладиган қўшимча маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қилинган барча харажатлар қўшимча маҳсулот таннархига киритилиши керак, чунки ушбу харажатлар фақат айнан мана шу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга талаб этилган.
Худди шундай тартибда, 4-сон БҲМС қўшимча маҳсулотларни куйидагича эътироф этади ва баҳолайди: агар ишлаб чиқаришнинг маълум бир технологик жараёнида бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) чиқиб, маҳсулот (ишлар, хизматлар)дан бири ёки бир неча тури асосий (мақсадли) турга тегишли бўлса, унда қолган маҳсулот (ишлар, хизматлар) қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатида қаралиши мумкин. Асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини аниклашда қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг жорий қиймати ёки сотишнинг соф қиймати ишлаб чиқариш жараёнларининг умумий харажатларидан чегириб ташланади, харажатларнинг қолган кисми эса асосий маҳсулот (ишлар, хизматлар)га тегишли бўлади.
Қўшимча маҳсулотни сотишдан олинган тушум (даромад) ёки соф қиймат (даромад) (қўшимча маҳсулотни сотишдан олдинган даромад суммаси минус бўлиниш нуқтасидан кейин унга кейинги ишлов бериш учун сафрланадиган қўшимча харажатлар) бирга ишлаб чиқариладиган ёки асосий маҳсулот (яъни ёрдамчи маҳсулот ёрдамида ишлаб чиқариладиган маҳсулот) таннархидан чегирилиши керак.
Маҳсулот (ишлар, хизматлар) нинг қўшимча турларини ҳисобга олиш қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга оширилади:
- қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни хақиқатда реализация қилиш (кейинги ўринларда - 1-усул деб аталади). Ушбу усулида жорий даврда сотилган асосий маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархи қўшимча маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ҳақиқатда реализация қилиш (реализация қилишнинг соф) суммасига камайтирилади. Қўшимча маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) сотилмаган захиралари қолдиғи бўлиниш нуқтасидан кейин қўшимча маҳсулотларни кейинги қайта ишланишига қилинган харажатлар суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олинади. Қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) қолдиғини ҳақиқатда реализация қилиш (реализация қилишнинг соф) суммаси қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда тан олинади;
- қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ҳақиқатда ишлаб чиқариш (кейинги ўринларда - 2-усул деб аталади). Ушбу усулидан фойдаланилганда асосий маҳсулотни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқаришда сарфланган харажатлар ишлаб чиқарилган қўшимча маҳсулот (ишлар, хизматлар) барча миқдорининг реализация қилишнинг соф суммасига дарҳол камайтирилади. Сотилмаган қўшимча маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қолдиғи реализация қилишнинг соф қиймати бўйича ҳисобга олинади.
Корхоналар қўшимча маҳсулотни ҳисобга олишнинг қайси усулидан фойдаланишни танлаши албатта кўп жихатдан савдо конъюнктурасига боғлик бўлади. Мисол учун, агар сотилмаган қўшимча маҳсулотнинг сотилиб кетиши кафолатланмаса, ки бозор нархлари барқарор ўзгаришга эга бўлмаса, у ҳолда маҳсулот сотилмагунга қадар соф даромадни эътироф этмаслик маъкул. Бироқ, агар келгусида маҳсулотнинг сотилиб кетилиши кафолатланган бўлиб, бозор нархларининг ўзгариши эхтимоли паст бўлса, қўшимча маҳсулотлардан соф даромад уларни ишлаб чиқариш пайтида эътироф этилиши керак. Бу, албатта, ушбу ишлаб чиқариш даврида асосий маҳсулот бирлиги таннархининг камайтирилишини таъминлайди. Соф даромадни ишлаб чиқариш боскичида эътироф этишнинг асосий камчилиги шундан иборатки, бунда фойдани муддатидан илгари эътироф этилишига олиб келади, агар унинг суммаси катта бўлмаса, уни эътиборга олмаса ҳам бўлади. Бундай шароитларда шуни ҳисобга олиш керакки, қўшимча маҳсулотни сотиш нархи нисбатан паст бўлади ва тегишли равишда, унинг фойда суммасига таъсири ҳам жиддий эмас. Шундан келиб чиқиб ва юкорида айтилганлар асосида хулоса қилиб, танланган усул харажатлар ва даромадларни таққослашга асосланиши керак, деб айтамиз.
Шунинг билан бирга, товар-моддий захиралар таннархини аниқлаш усулларига бағишланган мавзуни умумлаштирган ҳолда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, товар-моддий захиралар, жумладан қўшимча маҳсулотлар таннархини аниқлаш усулини ишлаб чиқариш тармоғи хусусиятларидан келиб чиқиб, амалга оширилган танлов корхонанинг ҳисоб сиёсатида 1-сон БҲМС да ўрнатилган тартибда акс эттирилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |