Давлат кредитининг асосий хусусияти кредит муносабатларида давлатнинг қатнашувидир. Давлат кредитида давлатнинг бир томондан қарз берувчи ва иккинчи томондан қарз олувчи сифатида иштирок этиши, қарз берувчи вазифасини бажара туриб давлат давлат кредит институтлари, жумладан Марказий банк орқали иқтисодиётнинг ҳар хил соҳаларини кредитлашни ўз зиммасига олади. Бу марказлашган кредитлар иқтисодиётнинг устивор тармоқларини кредитлаш, давлат аҳамиятига эга бўлган аниқ тармоқ ва соҳаларга, агар бюджетдан молиялаштириш имконияти бўлмаганда вақтинча фойдаланишга маблағ ажратилиши мумкин.
Ундан ташқари тижорат банкларига банклараро кредитлар бозорида кредит ресурсларини ким ошди савдо йўли билан ёки тўғридан тўғри сотиш жараёнида давлат томонидан маблағлар вақтинча фойдаланиш учун берилиши мумкин.
Давлатнинг қарзлари кўпайган ҳолларда давлат бюджети камомадини молиялаштириш мақсадида давлат қарз олувчи сифатида давлат қарзларини жойлаштириш жараёнини амалга оширади.
Давлат хазина мажбуриятларини чиқариш, молия бозорларида давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш, давлат заёмларини чиқариш ва сотиш йўли билан банкларнинг, аҳолининг ва бошқа молия-кредит институтларининг пул маблағларини йиғади ва уларни давлат қарзи ва бюджет камомадини қоплашга сарфлайди. Давлат ўз қарзидан воз кечиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари давлатни ички ва ташқи қарзлари, давлат кафил ва кредитор сифатида ҳам бўлиши мумкин.
Истеъмол кредитининг хусусияти у жисмоний шахсларга берилади. Кредитнинг бу шаклида кредит берувчи сифатида махсус кредит муассасалари билан бирга савдо ва хизматларни сотишни амалга оширадиган жисмоний шахслар ҳам бўлиши мумкин.
Истеъмол кредити икки шаклда: пул шаклида ва товар шаклида берилиши мумкин. Жисмоний шахсларга бундай кредитлар кўчмас мулкка эгалик қилиш учун, ҳар хил товар ва хизматлар, уй жихозларини сотиб олиш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун берилади.
Ўзбекистонда ҳозирги вақтда бундай кредитлар уй-жой сотиб олиш ва қуришга, автомобил сотиб олишга ва бошқа мақсадларга берилмоқда. Мамлакатимизда 2001-2002 ўқув йилидан бошлаб талабаларга ўқиш хизмати учун «Олтин даврим» кредити берилмоқда.
АҚШда бу соҳага кам фоизли йилига 2500 доллар, охирги курсда 5000 доллар миқдорида кредит берилиб талаба уни ўқишни тугатиб ишлаш давомида узади.
Тижорат кредити иқтисодиётда кредит муносабатларининг вужудга келишининг дастлабки шаклларидан ҳисобланади. Тижорат кредитининг объекти бўлиб сотиладиган товарлар, субъекти бўлиб мол етказиб берувчи ва мол сотиб олувчи корхоналар ҳисобланади. Бу кредитнинг асосий мақсади товарларни сотишни тезлаштириш ва шу орқали фойда олишдан иборат.
Тарихан тижорат кредитининг қуйидаги усуллари мавжуд:
Вексел усули
Очиқ счёт орқали
Чегирма бериш.
Мавсумий
Консигнация
Вексел бу қарз мажбурияти бўлиб, қарз олувчи ўз зиммасига қарзни кўрсатилган сўммада, кўрсатилган шартларда, белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятини олади.
Амалиётда векселни оддий ва ўтказма турлари мавжуд.
Оддий векселни қарз олувчи корхона қарз берувчи корхонага беради ва товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун унга тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Ўтказма векселда (бу ҳужжат тратта ҳам дейилади) кредитор томонидан белгиланган товар ва хизматлар сўммаси унинг топшириғига асосан учинчи шахсга ёки векселни кўрсатувчига ўтказилиши лозим ва ҳоказо.