Кредит муносабатлари маълум тамойилларга асосланади. Иқтисодий категория сифатида кредит қуйидаги тамойилларга эга:
Кредитнинг қайтарилиши. Бу тамойил кредитнинг умумий белгиси ҳисобланади, лекин у ўз-ўзидан вужудга келмайди. У моддий жараёнларга, қиймат айланишининг тугашига асосланади. Аммо доиравий айланишнинг тугаши – бу қайтариб бериш эмас, қайтариб бериш учун замин тайёрлаш ҳисобланади. қайтариб беришлик объектив белги ҳисобланади ва бу тамойил бошқа иқтисодий категориялардан, шу жумладан молиядан фарқ қилади.
Кредитнинг бу тамойили амалиётда кредит ва ундан фойдаланганлик учун фоиз суммасини кредит берган муассаса ҳисобига кўчириш йўли билан тўланади. Шу йўл билан банклар кредит ресурсларини қайта тикланишини таъминлайди. Собиқ иттифоқ даврида «қайтарилмайдиган ссуда» тушунчаси мавжуд бўлиб, у қишлоқ хўжалигида ҳам кенг тарқалган эди. Бу банкларни корхоналар молиявий ахволини ҳисобга олмаган холда берилиб, аслида у бюджет субсидиясининг қўшимча шакли сифатида намоён бўлади.
Кредитнинг муддатлилиги. Бу кредитнинг маълум муддатга берилишини англатиб, у қисқа ва узоқ мудатли кредитга бўлинади. Бу муддат қарздор учун хохлаган муддатда эмас, балки у шартномада белгиланган муддат ҳисобланади. Кредитни ўз вақтида қайтарилиши иккала томон учун ҳам муҳим ҳисобланади. Қарз берган томон учун кредитни ўз вақтида фоиз билан кайтарилиши уни яна кредитга бериш имкониятини яратади, қарздорни эса шартномада кўзда тутилган жазо чораларидан қутултиради.
Кредитнинг муддатлилиги келиб тушувчи бойликларни тежамли ва қайта ишлатиш муддатига, ишлаб чиқарилган маҳсулотни жўнатиш муддатига, товарларни сотиш муддатига ва пировард натижада айланма маблағларни доиравий айланишини тезлигига боғлиқдир.
Кредитни товар-моддий бойликлар билан таъминланганлиги. Бу тамойилнинг мохияти шуки, бунда хўжалик айланмасида иштирок этувчи банк маблағларининг бир сўмига муайян бойликларнинг ҳар бир суми қарама-қарши туриши керак. Берилган кредитлар товар-моддий бойликлари ва маълум ҳаражатлар билан таъминланган бўлиши керак. Таъминланмаган кредитларнинг берилиши кредитларни банкга қайтиб келмаслигига асос ҳисобланади.
Бунинг учун хозирги шароитда қарз олувчилар банкга товар ёки товар хужжатларини, мулкни гаровга қўяди. Кредит варрант (гаров учун хизмат қилувчи хужжат) ёки учинчи шахс кафолати асосида ҳам берилиши мумкин.
Кредитнинг бу тамойили қарз олувчи ўзига олган мажбуриятларини бузиш шароитида қарз берувчининг мулкдорлик манфаатларини химоя килишни таъминлайди ва ўзининг амалий аксини кредитнинг бирор гаров ёки молиявий кафолат асосида беришда топади. Бу умумиқтисодий баркамоликка эришиш даврида муҳимдир.
Тўловлилик. Бу тамойилга асосан корхоналар фойдаланилган қарз маблағларини ҳисобланган фоизи билан тўлиқ ўтказадилар. Кредит учун хак тўлашнинг иқтисодий мохияти қарз берувчи ва қарз олувчи ўртасидаги қўшимча олинган фойданинг тақсимланишини қайд қилишда намоён бўлади. Хозирги шароитда ссуда фоизи микдори шартномада ўз аксини топади ва у кредитлашнинг ўртача нормаси ва банк маржасидан ташкил топади.
Кредитнинг мақсадлилиги. Бу шу билан боғлиқки, қарз олувчи олинган кредитни маълум максадга (товар моддий бойликлар сотиб олиш, ишлаб чиқариш ҳаражатларини коплаш ва бошқалар) йўналтирилган бўлиши зарур. Бу максадлар кредит берувчи ва кредит олувчи ўртасида тузилган шартномада ўз аксини топади. Корхона олган кредитни фақатгина кредит шартномасида кўрсатилган ишни бажаришга (сотиб олишга ва бошқалар) сарфлаши керак.
Кредитнинг самарадорлиги. Бу тамойил нафақат кредит ва фоиз суммасини банкга қайтариб тўлашни, балки шу кредит ёрдамида кредитланадиган ёки молиялаштириладиган соҳа, тармоқ, корхона канча самарадорликка эришишини ифодалаши зарур. Шунинг учун ҳар бир лойиха кредит ҳисобига бажариладиган бошқа тадбирлар самара берадиган бўлсагина уларга маблағ ажаратилиши лозим.
Бинобарин самардорлик кредитнинг зарурий тамойилларидан бири бўлиб унга риоя қилиш кредитнинг бошқа тамойилларининг бажарилиши учун асос ҳисобланади.