Миллионлаб ўзбекларимиз четэлга давомий яшаш учун кўчиб кетишяпти. Россия бўладими, АҚШ ё Канада бўладими, Greencard дастури бўйичами – бошқа давлатда ютуқларга эришиш билан бир вақтда ўзбек бўлиб, ўзлигини сақлаб қолиш катта муаммога айланиб қолди.
Ривожланган давлат кучли мафкуравий аппаратга эга бўлади. Масалан, АҚШда турли миллат вакилларига мансуб келгиндиларни «эритиб» АҚШ фуқаросига айлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Фақатгина кучли миллатлар ушбу ассимиляция жараёнига ниманидир қарши қўйишлари мумкин, шулар жумласидан ҳиндистонликлар, хитойликлар, яҳудийлар, лекин уларда ҳам ассимиляция долзарб муаммо.
Кўрган бўлсангиз керак, эру-хотин 2-3 яшар фарзанди билан Greencard ютиб, жўнаворишади. Бир неча йилдан кейин ҳалиги ёш болани кўрсангиз, фақат инглизча гаплашади, ўзбекчани тушунмайди ҳам.
Яъни Европа бўладими, Америка давлатларими, ўзликни, ўзбекликни сақлаб қолиш ўта мушкул иш. Нафақат фарзандлар, балки катталар ҳам у ернинг ҳавосига ўрганар экан, фикрлаши ҳам, қадриятлари ҳам жуда катта имтиҳондан ўтади.
Ривожланган капиталистик давлатларда оила бу фикция, фақат қоғоздаги бир тушунча. Жамият анъанавий оила институтидан йироқлашиб кетган, унга қулай бирлашма, деб қаралади.
Масалан, овқат пиширишни билмайдиган эркак билан аёл қандай қилиб турмуш қуришади? Бошқа жабҳаларда ҳам жамиятнинг бошқа структуралари оиладан олдин туради: ишхона муҳимроқ, хавфсизлик учун полиция бор, таълим-тарбия фақат боғча-мактаб-youtube орқали амалга оширилади.
Яшаш учун пул тўлаш керак – янги кўчиб борган оилаларга дастлабки йилларида жуда қийин бўлади. Шаҳарларда жамоа транспорти йўқ бўлиши мумкин, киши ўзига ва хотинига автомобил сотиб олиши лозим. Турли мажбурий суғурталар мавжуд, тўламаса – жиноят. Шунинг учун ота-она куни билан ишлайди, фарзанд тарбиясига вақт ажрата олмайди.
Молиявий тарафдан катта босим сабабли, болалар давлатнинг текин мактабларига боради. У ерда стандартлаштирилган таълим, ёшликдан беҳаё дарслар, бузилиб кетган тарбия ва ҳоказо. Шахсий ё диний мактаблар эса қуммат.
Давлат ҳам оилаларга қарши, сурункали равишда оила институти билан курашиб келади. Бундай қуролларга мисол – ёшлар адлияси (ювенал юстиция). Яъни оиладаги фарзандларни гўёки ҳимоя қилиш учун қабул қилинган қонунлар мажмуаси, кўп давлатларда алоҳида агентликлар фаолият кўрсатади. Уйда болалар катталарга қарашишга ҳуқуқлари йўқ, овқат пиширишда, уй тозалашда қатнаша олмайди, бу ёшларни эксплуатация қилишга киради. Болалар фақат ўзларини хоналарида ўйнашлари мумкин, ўйинчоқдан бошқа буюм ва жиҳозларни ўйнашса, ота-онага огоҳлантириш, жарима ёки фарзанддан жудо қилиш қўлланилади. Ота-она фарзандини уриша олмайди, қаттиқ гапириб, у-бу ишга мажбурлай олмайди, бундай ҳолатларда ёшликдан болаларга полицияга арз қилиш кераклиги уқтирилади.
Ҳудди ота-она бегонанинг боласини катта қилаётгандек. Аслида ҳам шундай, катталар ўз фарзандларини тарбия қилишга ҳуқуқлари йўқ, ўз маданияти ва урф одатларини янги наслларга мерос қолдиролмайдилар.
Ижтимоий, молиявий, маданий босим ўзликни сақлаб қолишни жуда ҳам мушкуллаштириб юборади. Фақатгина бўш вақти бор, пули етарли оилаларгина фарзандларини ўзлари билгандек вояга етиштиришга ҳаракат қилишади, лекин шунда ҳам ушбу кучли тоталитар режимларда оилалар хавф остида.
Қисқаси, четэлга биз эмас, фарзандларимиз керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |