Ҳаётда у-бу нарсага етишиш ё тараққий этиш учун инсон қийинчиликларни енгиб ўтиши лозим; инсонни мажбурламаса, ҳаракат қилиши қийин. Қулларни бошқалар зўрласа, озод киши ўзини ўзи зўрлайди. Фарқи шунда. Озодлик ўзи афсона, йўқ нарса, эришиб бўлмайдиган макон: эркак кишига озодлик берилса, тез орада деградацияга учрайди, озодликка чиққан аёлларни кўрамиз – ярим яланғоч, сиёсатга аралашмоқчи бўлади.
Кўчада ёш йигит-қизларни кўриб қоламан, инглиз тилини ўрганишга қатнашади. А шуни уйда ўқиса бўлмас эканми, деб ўйлардим. Кейин хаёлимга келдики, булар ўзини мустақил ўқишга мажбурлай олмайди, шунинг учун ўқув марказлари ушбу босимни, рақобатни ташкиллаштиради.
Муҳими, ҳаётни тушунаман, демаслик – ҳаёт иррационал асосга эга. Ҳамма нарсага мантиқий ёндашадиган бўлсак, ютказиб қўямиз. Мисол ҳам кўз ўнгимизда, иккита ҳуқуқшунос Россия аёлларини туғишга ундамоқчи бўлишди. Владимир Владимирович билан Дмитрий Анатольевич аҳолини кўпайтириш учун аёлларга бола пули беришни қонунийлаштиришди. Ҳудди аёл киши пул учун туғадигандек. Бу сиёсати фойда бермади. Шароит қанчалик яхши (заҳматсиз, босимсиз, енгил) бўлса, аёл киши шунчалик туғишдан қочади, бошқа бўлар-бўлмас хоббилар билан банд бўлади. Пул кўп бўлгани аслида тўсқинлик ҳам қилади. Бола кўриш мол-дунёга боғлиқ бўлганида эди, Москвадаги аёллар фарзандларни кўпайтирарди, бироқ Кавказда аёллар кўпроқ бола кўради, чунки бу нарса шароитга боғлиқ эмас, балки сабаби оддий – аёл кишини ҳаёт туғишга мажбурлаши лозим.
Албатта, уламоларимиз дабдабали тўйларга қарши чиқишяпти, кўп нарса исроф, хўжакўрсинлик, орзу-ҳавас. Лекин гоҳида ўйлаб қоламан, агар шу танғир-тунғурга алданиб, ялтир-юлтур матоҳга учиб, оиласи гапига кўниб, қиз эрга тегса, офис-менеджерликнинг ўрнига яхши келин, хотин ва она бўлса, балки тўйлар ҳам керакдир – аёлларни мажбурлаш фақат эри тарафидан бўлмайди, эрининг кучи етмайди: оила, маҳалла, жамият ҳам қўшилиши лозим.
Бахтли ҳаётнинг асосий қоидаларидан, қанчалик ғалати туюлса ҳам, турмушда қийинчилик бўлмоғи лозим: бахт моддий бойликка боғлиқ эмас, аксинча, пул кўп хатоларни ва камчиликларни ёпади, кўздан беркитади, бироқ ҳал қилмайди.
Босим бўлмаса, ҳатто тарбия кўрган, қаттиқ қўллик билан етиштирилган инсонлар ҳам йўлдан оғади.
«Декларируются семейные ценности, а на деле молодежь эмэмэсками друг другу пересылает порнуху. Бабушка учит, как быть настоящим чеченцем, а потом юноша включает МТV, а там, мягко говоря, учат другому».
https://lenta.ru/articles/2016/08/18/sadulaev/
Гринкарта ўлкамизда маълум ва машҳур бир ўйинга айланиб қолди, ҳатто Халқ Банки лотереясидан ҳам таниқли ва ардоқлироқ. Бироқ, гринкарта билан кетган эру-хотиннинг АҚШда яшаб кетишининг ўзи таваккалчилик. Ҳаёт – гўзал, пул топиш – бемалол, хоҳлаганингни қил, оиланинг кераги ҳам йўқдек. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деб, туппа-туззук оилалар ҳам ўзгариб қолади – эрлар жавобгарликни ҳис қилмайди, аёллар эса латта-путтага сотилиб, оиласини, эрини ташлаб кетаяпти.
Яқинда бир мақола ўқиб қолдим, ўрта хол аҳоли камайиб кетаяпти, ўрта класс кичиклашяпти деган. Бир тарафда бой, забардаст, ижодкор қатлам, бошқа бир тарафда сағал касалманд, семизроқ, смартфонига, овқатга, интернетга гиёҳванд каби боғланган, оддий иш билан кун кечирадиган аҳоли. Буларнинг фарқи айни шу ўзини мажбурлаш ё мажбурлай олмасликда, концентрация ва эътиборни жамлашда.
Хуллас, инсон одамларни мажбурлаши керак – ўзидан бошлаб.
Do'stlaringiz bilan baham: |