Дунё халқларини инжиллаштириш бўйича мавжуд режаларнинг мазмун-моҳияти нимада?
2002 йилда АҚШда “Бутунжаҳон христианлиги тенденцияси” китоби нашр этилди. Унда 2000 йилга бўлган кўрсаткичлар ва христианлик 2025 йилгача эришиши лозим бўлган сифатий ҳолат қиёсий таҳлил қилиниб, саккиз асосий мақсад белгиланган. Хусусан, унда ёзилишича:
- Ер юзи аҳолисининг “Инжил” билан таништирилиши 73,1 фоиздан 100 фоизга етказилиши;
- дунё аҳолиси таркибидаги христианларнинг улуши 33 фоиздан 40 фоизга ўсиши;
- христианларнинг 10 фоизини ташкил қилган миссионерларнинг улуши 20 фоизга кўтарилиши;
- христианлар ўз даромадларининг 1,8 фоизини черков ҳисобига ўтказиб келишган бўлишса, бу кўрсаткич 3 фоизга етказилиши;
- ҳар 3000 кишига 1 та миссионер тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич ҳар 1000 кишига 1 та миссионерни ташкил этиши;
- черков мавжуд бўлмаган, аҳолиси 50 000 дан ортиқ 116 та шаҳарнинг барчасида черковлар юзага келиши;
- черковлар тузилмаган 1000 дан ортиқ этник гуруҳнинг ҳар бирида черковлар ташкил этилиши;
- ё умуман таржима қилинмаган, ёки қисман таржима қилинган барча тилларга “Инжил” таржима қилиниши лозим.
Реал воқелик ва миссионерлар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларни ўрганиш, афсуски, бу режаларда белгиланган мақсадларга аста-секин бўлса-да, эришилаётганини кўрсатади.
Миссионерларнинг анънавий равишда буддавийлик устувор бўлган ҳудудларда инжиллаштириш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида нима дейиш мумкин?
Буддавийлик устувор бўлган мамлакатларга христиан миссияларининг юборилиши узоқ тарихга эга. Манбаларда бу ҳудудларда илк миссиялар XVI-XVII асрларда пайдо бўлгани қайд этилади. Европалик мустамлакачилар ушбу давлатларни босиб олиш учун қуролли қўшинларини жўнатишдан олдин, миссионерлардан иборат “десант”ни йўллашган. Хусусан, протестант миссионери Р.Адлер “Ҳаворий Павлус даврида ва ҳозирги кунда миссионерлик усуллари” китобида ёзишича, Хитойда “Қўллаб-қувватлаш жамияти” номли миссионерлик ташкилоти зиёлилар ва мансабдор шахсларни ўзига жалб қилиш орқали муваффақиятларга эришган.
Миссионерлар фаолияти Жанубий Корея, Филиппин, Тайвань каби давлатларда ҳам катта мувафақият келтирган.
Ҳозирги кунда Жанубий Корея аҳолисининг катта қисми, филиппинликларнинг аксарияти христианликка эътиқод қилиши ана шу зафарли юришларнинг натижасидир. Масалан, айрим маълумотларга кўра, Корея ҳудудида илк христиан жамоаларининг пайдо бўлиши ҳақидаги рақамлар 1890 йилга тегишли бўлиб, бу даврда мамлакат ҳудудида 17,6 минг католик яшаган. 1911 йилда ушбу кўрсаткич 76,8 минг кишига етади. Бу даврга келиб ўта фаол миссионерлик билан шуғуллана бошлаган протестант ташкилотлари ҳаракати натижасида эса уларга эргашувчиларнинг сони 116,1 минг кишини ташкил этади. 2001 йилга келиб, 47 миллиондан ортиқ жанубий кореяликларнинг 12 миллиони ёки 25 фоиздан ортиғи христианлаштириб бўлингани ҳам бу йўналишда олиб борилган ҳаракатлар кўлами ва уларнинг натижасини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Тайваннинг ҳар қандай йўл билан Хитойга қўшилиб кетишининг олдини олишга қаратилган сиёсий стратегия доирасида фаолият олиб борган миссионерлар барча восита ва услубларни ишга солган ҳолда орол аҳолисининг деярли 100 фоизга христианлашишига эришдилар.
Бугунги кунда ҳам, қайд этилган мамлакатлар миссионерлар фаолиятининг асосий обьекти бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, бошқа бир сифатий ҳолат ҳам содир бўлаётганини таъкидлаш зарур. Эндиликда ушбу ҳудудлар халқаро миссияларнинг субьектига ҳам айланиб улгурди. Узоқ Шарқ, Марказий, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги миссионерларнинг аксариятини корейслар ташкил этаётгани ҳам бунга мисол бўла олади.
Нима учун миссионерлар «1040 ОЙНА» ҳудудига қизиқишларини диний омил билан асослашга уринишади?
Дарҳақиқат, шундай. Хусусан, уларнинг фикрича, ушбу ҳудудда “Библия”даги кўплаб воқеалар содир бўлган. Худо илк инсонлар Одам ва Ҳаввони шу ҳудудга туширгани, Исо Масиҳ туғилиб ўсиб, ўз ҳаворийлари билан фаолият олиб боргани ҳамда илк христиан черкови шу ерда пайдо бўлгани ҳақидаги фикрлар шулар жумласидандир. Бу ҳудуд қуруқликнинг 13 қисмини ташкил қилиши, 4 миллиард аҳоли истиқомат қилиши, инжиллаштириш зарур, деб ҳисобланаётган давлатларнинг асосий қисми шу ҳудудда жойлашгани ҳам бу халқларга «Нажот келтирувчи Хушхабар»ни етказиш зарурлигига “асос” сифатида келтирилади.
Бу гаплар асл мақсадни яшириш учун бир ниқоб, холос. Аслида асосий мақсад ушбу ҳудудлардаги халқларни инжиллаштириш йўли билан уларнинг бирдамлигига путур етказиш, ички низоларни келтириб чиқариш орқали уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан қарам ва тобе қилишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |