Миссионерлик тизимида протестантликка мансуб ташкилотлар кўплигининг сабаблари нимада?
Протестантликда миссионерлик дин арконларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай фаолият билан шуғулланиш ҳар бир протестант учун фарз ҳисобланади. Бу ҳозирда дунёдаги халқаро миссионерларнинг кўпчилигини протестант миссионерлари ташкил этилишига ўзига хос ғоявий-ақидавий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Протестантлар орасида биринчи бўлиб миссионерлик билан 1772 йилда Германиянинг Гернгут шаҳарчасида пайдо бўлган жамоа шуғулланган эди. Унга раҳбарлик қилган Н.Л.Цинцендорф Голландия, Англия ва Шимолий Америкада узоқ йиллар миссионерлик фаолиятини олиб бориши натижасида катта жамоа тузишга эришди.
XVIII-XIX асрларда протестант миссонерлигининг юқори чўққига чиқиши Англиянинг колониал сиёсати ва XVII-XVIII асрларда Европада кўплаб янги оқимларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар сонининг тез ортиб бориши билан боғлиқ бўлди. Бундай оқимларнинг юзага келиши католик черковидан норозилик ва янгиликка интилишининг ҳосиласи эди. Натижада, 1795 йилда конгрегационистлар, пресвитерианлар ва англиканлар каби протестантлик оқимлари Лондонда ўзларининг миссионерлик жамиятларига асос солдилар. XIX аср ўрталарига келиб протестант миссионерлик ташкилотлари Бельгия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Франция, Швейцария, Швеция ва бошқа Европа давлатларида фаол иш олиб бордилар.
Шу даврда Шимолий Америкада ҳам ўнлаб протестант миссионер жамоалари фаолият юрита бошлади. Фаол миссионерлик билан ўша даврда кенг тарқалган “Библия” жамиятлари ва христиан адабиётини тарқатишга ихтисослашган ташкилотлар шуғулландилар.
Шунингдек, миссионерлик фаолияти билан христианлик доирасида юзага келган, издошлари сони озчиликни ташкил қиладиган квакерлар, меннонитлар каби янги конфессиялар ҳам шуғуллана бошлаганини қайд этиш зарур.
Умуман олганда, бугун католиклик ва протестантликда миссионерлик билан шуғулланиш ҳар бир масиҳийнинг бурчи даражасига кўтарилган
“Еттинчи кун адвентистлари” ўз миссионерлик фаолиятида нималарга алоҳида эътибор беради?
Адвентистларнинг дунё бўйича 46 000 дан ортиқ черкови фаолият кўрсатмоқда. Миссионерликни амалга оширишда “Еттинчи кун адвентистлари” анъанавий усуллар билан бир қаторда радио, телевидение, интернет каби замонавий усуллардан ҳам фаол фойдаланишмоқда. Аммо ушбу ташкилот ўз миссионерлик фаолиятида асосан тиббий миссияларга катта аҳамият қаратишини алоҳида қайд этиш лозим. Бу билан улар Исо Масиҳ томонидан амалга оширилган табиблик ишини давом эттиришаётганини даъво қилишади.
Бундай фаолиятни тизимли ташкил этиш мақсадида “Еттинчи кун адвентистлари” томонидан 1956 йилда АДРА (ADRA - Adventist Development and Relief Agency-Адвентистларнинг беғараз ёрдам ва тараққиёт агентлиги) номли ташкилот ҳам тузилган. Агентлик ўзининг 125 минтақавий бўлимлари орқали дунёнинг турли нуқталарида бепул тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади. Ушбу агентликнинг МДҲ бўйича минтақавий маркази 1992 йили Москва шаҳрида очилган бўлса, 1998 йилдан Қозоғистонда унинг ваколатхонаси иш олиб бормоқда.
Агентлик томонидан 2006 йилда Тожикистонда бепул тикиш-бичиш курслари очилиб, 2008 йилнинг октябрида курс битирувчилари ва бошқа уй бекаларига бепул тикув машиналари тарқатилган. 2008 йилда ушбу агентлик Қирғизистонга вирусли геппатитга қарши 9,6 миллион АҚШ доллари қийматига тенг вакциналар етказиб берган. Жанубий Осетияда ҳам мазкур агентлик бир неча хайрия тадбирларини амалга оширган. Шуниси алоҳида эътиборга моликки, агентлик Марказий Осиёдаги барча хайрия тадбирларини АҚШ ҳукумати номидан амалга ошириб келмоқда.
Агентлик томонидан олиб борилаётган ҳаракатларда баъзан очиқдан-очиқ, аксарият ҳолларда зимдан христианликнинг тарғиб қилиниши унинг ёрдамлари асло беғараз эмаслигини кўрсатади.
“Иегово шоҳидлари” фаол тарзда миссионерлик билан шуғулланаётгани ҳақида нима дейиш мумкин?
Дарҳақиқат, “Иегово шоҳидлари” миссионерликка катта эътибор беради. Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб, асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўз издошларини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирги кунда иеговочи миссионерларнинг сони 700 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Жамоа раҳбарияти томонидан миссионерларни тайёрлаш ишларига катта аҳамият берилади. АҚШ нинг Нью- Йорк шаҳрида, жамоанинг бош офиси билан бир жойда “Галаад” номли миссионерлар тайёрлаш маркази мавжуд. Ушбу марказда ташкил этилган 5 ойлик курсларда бутун дунёдан келган миссионерлар таҳсил олишади.
Миссионерлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва адабиётларни нашр этиш учун “Қўриқчи минора, “Библия” ва рисолалар жамияти” тузилган. Ушбу жамият корпорация деб аталиб, бош қароргоҳи ташкилот асосий биноси билан бир жойда, АҚШнинг Бруклин шаҳрида жойлашган. Корпорацияни етти директордан иборат бошқарув кенгаши бошқаради ва улар корпорация президентини сайлашади.
Ҳозирги кунда “Иегово шоҳидлари” 230 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради ва дунё бўйича 111 та минтақавий ваколатхоналарга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |