Тўртинчи суҳбат. Замонавий миссионерлик уюшмалари
Замонавий миссионерликнинг қандай умумий хусусиятларини ажратиш мумкин?
Миссионерлик бугун сертармоқ соҳа ҳисобланади. Ҳозирда миссионерлар кириб бормаган жабҳа, улар фаолият юритмаётган мамлакат дунёда топилиши қийин.
Конкрет мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш замонавий миссионерликнинг энг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Шунингдек, эркин тарғибот олиб бориш ва фаолият доирасини кескин кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари, юқорида айтилганидек, ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишга интилаётганини ҳам қайд этиш лозим. Бундай интилиш ортида ўзига хос мантиқ бор, албатта. Тажриба бундай мақом миссионерлик фаолияти ҳақли эътирозларни келтириб чиқарганда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини рўкач қилишига ва унинг ҳимоя механизмларидан фойдаланишга уринишларига, ўз ҳаракатларини хас-пўшлашга ва жавобгарликдан қочишга интилишларига замин яратишини кўрсатади.
Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтиришдан уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ҳисобига ўзларининг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлақ кўпчилигини шу гуруҳга киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Халқаро христиан миссияларининг фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин?
“Миссионерлик” тушунчаси билан бир қаторда “диний миссия” сўзи ҳам кўп ишлатилишини таъкидлаш зарур. Ушбу тушунча черков талқинида – элчилик топшириқларини бажариш, христианликни бошқа диний эътиқоддаги кишилар орасида тарқатиш ҳамда миссионерлар қароргоҳи ҳудудида жойлашган черков, миссионер-монахлар ётоқхонаси, мактаб-интернат ёки уларнинг барчасининг мажмуини англатади.
Бугунги кунда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида миссионерликнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўплаб халқаро христиан миссиялари фаолият олиб бормоқда.
Дастлабки халқаро христиан миссиялари, юқорида қайд этилганидек, 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида пайдо бўлган эди. Бугунги кунда юзлаб шундай мақомга эга миссиялар фаолият кўрсатмоқда. Уларни янада ривожлантириш, етарли моддий, маънавий ва инсон ресурслари билан таъминлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Одатда, халқаро миссияни ташкиллаштиришда маълум бир конфессиянинг барча шахобчалари қатнашади. Масалан, ташкилотнинг нашриёти уни тегишли адабиётлар билан таъминласа, тадқиқот маркази муайян мамлакат аҳолиси, унинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, заиф томонлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва диний адабиётларни маҳаллий тилларга таржима қилиш билан шуғулланади. Миссияни моддий-молиявий таъминлашда ишлаб чиқариш тузулмаларининг, миссионер кадрлар тайёрлаш ва кўнгилли ҳомийларни топишда миссионерлик базаларининг аҳамияти беқиёсдир. Мана шундай куч ва тайёргарлик билан халқаро миссия исталган мамлакатда тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Замонавий халқаро миссиялар бугунги кунда ўз фаолиятини:
- янги халқаро миссиянинг мақсад ва вазифаларини эълон қилиб, кенг кўламдаги тушунтириш ишларини олиб бориш;
- халқаро миссия таркибида маълум мамлакатга юбориладиган кўнгилли номзодларни аниқлаш;
- кўнгилли номзодлар орасидан бўлажак халқаро миссионерларни танлаб олиш;
- танлаб олинган бўлажак миссионерларни махсус мактабларда ўзлари юбориладиган мамлакат аҳолиси, уларнинг тили, урф-одатлари, фаолият олиб боришнинг самарали воситалари ва усуллари бўйича махсус тайёргарликдан ўтказиш;
- тайёр бўлган миссионерни тегишли молиявий манбалар ва махсус режалар билан таъминлаган ҳолда белгиланган мамлакатга жўнатишдек беш босқичда амалга ошираётганини алоҳида қайд этиш зарур.
Қайд этилган хусусиятлар ҳам замонавий халқаро миссиялар ўз фаолиятини тизимли ва тадрижий ташкил этаётгани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |