Хайрия ёрдамлари кўрсатиш ҳам миссионерликдаги жуда қадимий усуллардан бири ҳисобланади. Шундай эмасми?
Миссионерлар ҳар қандай киши ва жамият ҳаётида учрайдиган ижтимоий-иқтисодий муаммолардан ўзларининг мақсадларида йўлида фойдаланиб қолишга доимий эътибор бериб келганлар. Улар бугунги кунда ҳам моддий-молиявий ёрдам кўрсатишнинг турли шаклларидан усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг “Кўзи ожизлар жамияти”, “Меҳрибонлик уйи” каби ташкилотларга хайрия сифатида молиявий кўмак беришга, “Қариялар уйларига” ташкилий ва моддий (озиқ-овқат олиб бориш, муҳтож кексаларни овқатлантириш) шаклида ёрдам беришга интилаётганлари ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Шу билан бирга, ҳафтанинг муайян, аксарият ҳолларда пайшанба ва якшанба кунлари ташкил этиладиган хайрия тушликларини ҳам эътиқодий босим ўтказиш учун объектларни - бўлажак прозелитларни танлаб олишга хизмат қиладиган амалиёт шаклларидан бири сифатида қараш лозим.
Умуман олганда, миссионерлар турли хил ижтимоий-маърифий тадбирларни тез-тез ўтказишдан ижтимоий онгда ўз фаолиятлари ҳақида ижобий тасаввурни шакллантириш, ўзаро муносабатлар ўрнатиш ҳамда маҳаллий хокимият вакиллари билан алоқаларни яхшилашдек мақсадларни кўзлайдилар.
Бундай тадбирларга аҳолининг турли қатламлари, жумладан, ёшлар кенг жалб этилади. Иштирокчиларга христиан адабиётларини ҳам ўз ичига олган совғалар улашилади, тадбир сўнгида албатта ибодат ва “Библия” ўқиш ҳам бўлади.
Зилзила, тошқин, очарчилик каби турли офатларнинг содир бўлиши миссионерлар учун айни муддао ҳисобланади. Қаерда юқоридагидек ҳолатлар юз берса ўша ерга биринчи бўлиб миссионерлар етиб боради. Дастлаб улар ўзларини беғараз ёрдам кўрсатаётганларини кўз-кўз қилиб, аста-секин асл мақсадларини намойиш этадилар. Аслида эса миссионерлар ҳеч қачон, ҳеч кимга беғараз ёрдам кўрсатмаганликларини ва кўрсатмасликларини унутмаслик лозим. Бунга далил сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин. 2003 йили Қирғизистон Бош вазири билан учрашув чоғида, АҚШнинг Юта штати делегацияси раҳбари Рассел Нельсон ўз штатидан Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамининг кўпайтирилиши Қирғизистон худудида Мормон черкови фаолияти нечоғлиқ тез қонунийлаштирилиши билан боғлиқ эканини қайд қилган. Россия Федерациясининг Федерал Хавфсизлик Хизмати маълумотларига кўра эса, Мормон черковлари раҳбарияти НАТОга кирувчи мамлакатлар махсус хизматлари вакилларидан иборатдир.
Ёки бошқа бир мисол. Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида жойлашган 5 та Баптист ва Меннонит жамоаларидан иборат миссионерлик қўмитаси 1990-1998 йиллар орасида Қозоғистонга ҳар бири 15-20 тонналик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойафзал, дори-дармонларни ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 398 та транспорт жўнатган. Бундан ташқари миссионерлар учун 208 та автомобиль, 2818 нусха диний адабиётлар тақдим этилиб, умумий қиймати 4 миллион немис маркасига тенг ёрдам кўрсатилган.
Мутахассислар пятидесятникликлар инсонларнинг қайғу-аламлари, муаммолари ва жамиятда ўз ўринларини йўқотиб қўйишлари билан боғлиқ масалаларга алоҳида урғу бериши ва хайрия ёрдамлари кўрсатишдан усталик билан фойдаланишлари туфайли ўзларига эргашувчилар сонини тез суратда ўстириб бораётганларини қайд этмоқдалар. Мазкур мисол ҳам хайрия ёрдамлари ортида ётган туб мақсадларни чуқурроқ англашга хизмат қилади.
Уйма-уй юриб «Хушхабар» етказиш усулининг ўзига хос хусусиятлари нимада?
Бу усул миссионерларга одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилишга асосланади. Бу миссионерликни амалга оширишда энг яхши самара берадиган ва катта маблағ талаб қилмайдиган усуллардан бири ҳисобланади. Масалан, ушбу усулдан фаол фойдалаётган “Иегово шоҳидлари” оқими аъзолари, ўзларини Исо Масиҳ ўз ҳаворийларига буюрган йўлдан фойдаланаётганларини таъкидлашади.
Шу билан бирга, “Иегово шоҳидлари” асосан аёллардан фойдаланган ҳолда савдо марказлари, деҳқон бозорлари ҳудудларида даъватчилик билан шуғулланишга ҳаракат қилишмоқда. Улар муайян ҳудудда “таянч нуқта”ни шакллантириш ва унга таянган ҳолда яқин қўшнилар орасида уйма-уй юриб адабиётларни тарқатишга ҳам алоҳида эътибор бераётганликларини таъкидлаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |