Чала ўзгариш билан ривожланувчи ҳашаротлар (Hemimetabola).
Сувараклар (Blattodea) туркуми.
Суваракларнинг кўпинча япалоқлашган танаси қалин хитин билан қопланган бўлиб, қора жигар ранг ёки қизғиш рангда ёки қизиғиш рангда: чўзиқ тангасимон ёки овал – тухумсимон бўлади. Яхши ажралган ва пастга йўналган бошида бир жуфт узун – кўп бўғимли мўйлов, катта мураккаб ва кичкина содда кўзлари ҳамда кавшовчи типда тузилган оғиз аппарати жойлашган.
Оёқлар яхши ривожланиб, тез югуришга мослашган; 8 – 10 бўғимли қоринчанинг охирида бир жуфт церкалар; эркагида 1 – 2 грифилка бўлади. Қанот эркакларида ривожланган, урғочисида фақат калта пўст қанот бўлиб, баъзи турларида қанотлар бутунлай йўқолган.
Уйларда яшовчи қизғич суварак нон ва бошқа озиқ қолдиқлари билан овқатланади. У турли касаллик микроблари ёки паразит юмалоқ чувалчанглар (қилбош, острица) нинг тухумини тарқатиб, инсон саломатлигига катта таъсир ўтказади.
Африка, Европа (жумладан Қримда) ва Австралияда тарқалган қора суварак йириқроқ (3 – 3,5 см) сассиқ ҳид тарқатади, у кўп касалликлар тарқатади.
Ўрта Осиёда кўп тарқалган қора тангача ёки тошбақасимон суварак тош, кесак ва эски деворлар орасида яшайди. Япалоқлашган, 4 – 5 см танаси овалсимон ёки доирасимон тузилган. У бошқа ҳамма сувараклар сингари тунда актив.
Қум таначаси юқоридаги турга ўхшаш тузилган, лекин у кемирувчи ҳайвонларнинг уяларида яшайди.
Суваракнинг личинкаси жуда секин ривожланади. Оддий суварак 3 – 4 ойда, қора тангачанинг личинкаси эса 3 – 4 йилда ривожланиб, вояга етади.
Сувараклар туркумига 2500 дан ортиқроқ тури мансуб бўлиб, булардан 50 тача Россияда, 22 тури эса Ўрта Осиёда учрайди.
Термитлар (Isoptera) туркуми.
Термитлар асосан, тропик қитъаларда кўп тарқалган, колония бўлиб яшовчи полиморф ҳашаротлардир. Юз мингларча (баъзида млн. ларча) индивидларни бирлаштирган ҳар бир колонияда битта урғочи (она термит) бир нечта эркак ниҳоятда кўп “ишчи” (булар колониянинг энг кўп қисмини ташкил этади) ва “солдат” деб аталадиган, тузилиши билан фарқланадиган индивид (фард) лар яшайди. Термитларнинг ҳаммасида қанот йўқолган. Фақат янги колония ҳосил этувчи ёш эркак ва урғочилардагина қанот бўлиб, кейинчалик буларда ҳам қанотлар йўқолади.
“Ишчи” термитлар жинсий органлари ривожланмаган урғочи ёки эркаклардир. Уларнинг катталиги 0,8 – 1 см. Боши катта, мўйлови ва оёқлари, кавшовчи типдаги оғиз аппарати яхши ривожланган, қанотсиз. Буларнинг вазифаси эркак, урғочи ва “солдат” ларни боқиш (улар ўзига овқат топиб, яшай олмайди), уй қуриш ва личинкаларни боқиб, тарбиялашдир. “Солдат” термитларнинг боши жуда катта, устки жағлари (баъзиларида устки лаблар) ўткир қуролга айланган. Булар колонияни бошқа авлодлар ёки чумолилардан ҳимоя этади. 1,5 см ча катталикдаги бу термитлар “ишчилар” ажратган озиқ ҳисобига яшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |