Улар: «Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди», дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): «Агар рост айтаётган бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар», денг.
Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.
Яҳудийлар: «Насронийлар тўғри йўлда эмаслар», дейишади. Насронийлар эса: «Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар», дейишади. Ҳолбуки, улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. Қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.
«Илмсизлар» Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди.
Аллоҳ масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир.
Насронийлар жангда яҳудийлар устидан ғолиб чиққанларида улардан ўч олиш учун масжидларни бузиб ташлашди. Инсонларга ўчакишиб, Аллоҳ таоло учун бино қилинган масжидларни бузиш ё одамларни масжиддаги ибодатлардан ман этиш жуда катта золимликдир.
Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир, демак, қаёққа юзлансангиз ҳам, Аллоҳни топасиз. Аллоҳ, албатта, кенг қамровли ва билимлидир.
«Аллоҳнинг фарзанди бор», дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир.
Осмонлару Ерни яратгувчидир, бирор ишни қилмоқчи бўлса, фақат «бўл!» дейди, шунда бўлади.
Жоҳил кимсалар: «Аллоҳ биз билан сўзлашса эди, ё Ундан бир далил келса эди», дейишади. Булардан олдингилар ҳам уларникидай гап айтишган эди, диллари бир-да! Биз оятларимизни ишонувчиларга баён қилганмиз.
(Эй Муҳаммад,) Биз сизни Ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. Дўзахийлар хусусида сиздан сўралмайди.
Оятдаги «Ҳақ»дан мурод, Қуръон, тавҳид ва Исломдир.
Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!» денг. Ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ дўст ҳам, мададкор ҳам бўлмайди.