ОДДИЙ УЧУҚ (Herpes simplex)
Оддий учуқ (пуфакчали темиратки) ёки оддий герпес (herpes simplex), кўп учровчи терининг вирусли касаллиги ҳисобланади. Касаллик ҳар иккала жинсда, ҳар хил ёшда учрайди. Касалликнинг жойлашиши, кечиши ва оғирлигига қараб бир неча тури фарқланади.
Клиникаси. Оддий учуқнинг кўп учровчи соҳаси табиий ёриқлар атрофи ҳисобланади: бурун қанотлари, оғиз бурчаклари, лаб қизил ҳошияси, жинсий аъзолар. Дастлаб бир жойда, камроқ икки ва ундан ортиқ соҳаларда чегараланган гиперемия юзасида ўлчамлари мошдек ёки майда нўхотдек пуфакчалар ҳосил бўлади. Ҳар бир ўчоқда пуфакчалар 2–3 тадан 8–10 тагача етади. Пуфакчалар гуруҳ-гуруҳ жойлашиб, шаффоф эксудат сақлайди, суюқлик 2–3 кунда хиралашади. Айрим ҳолларда пуфакчалар томи бирикиб, 1–1,5 см ли кўпкамерали пуфак ҳосил бўлади, пуфак четлари гажимдор кўринишга эга. Кейинчалик пуфакчалар қуриб сарғиш-қўнғир қалоқга айланади ва 5–6 кундан сўнг кўчади. Қалоқлар ўрнида бироз қизғиш ёки пигментли доғ қолади. Айрим ҳолларда эса пуфакчалар 2–3 кундан сўнг ёрилади ва тўқ қизил рангли, атрофи гажимдор эрозия ҳосил бўлади. Пуфакчалар тошиши санчиқ, ачишиш, айрим ҳолларда атроф тўқималарнинг шишиши билан кечади. Беморнинг умумий аҳволи одатда ўзгармайди, айрим беморларгина ҳолсизлик, мушаклар оғриши, эт уюшишидан шикоят қиладилар. Тана ҳарорати 38–39° С гача кўтарилиши мумкин.
Аёлларда жинсий аъзолар соҳаси учуғи қўзғатувчиси ҳомила ва янги туғилган чақалоқларнинг зарарланишига сабаб бўлади. Бунда ҳомила ташлаш, ҳомила ўлими ёки ҳар турдаги нуқсонларнинг пайдо бўлиши кузатилиши мумкин. Шулар билан бир қаторда вирус бачадон бўйни раки (саратони) ривожланишига асосий сабаб бўлиб ҳисобланади.
Даволаш.
Маҳаллий анилин бўёқларининг спиртли эритмалари қўлланилиб, қалоқлар ҳосил бўлгач вирусга қарши таъсирга эга бўлган воситалар сақловчи: 3% ли оксалин, 3–5% ли тебрафен, 5% ли ацикловир мазлари суртилади.
Лейкоцитар интерферон яхши наф беради, у эритма ҳолида ўчоққа 6-7 марта кунига томизилади. Уни касалликнинг дастлабки кунларидан бошлаб тайинланади.Бу мақсадда: декарис, гаммаглобулин, пирогенал, продигиозан, аскорбин кислотасини катта миқдорда тайинлаш зарур. Дибазол ҳам интерферонга хос таъсир қилади, у 0,01г дан кунига 2 марта 1ой мобайнида тайинланади. Герпетик поливалент вакцина ҳам қўлланилади: тери орасига 0,1-0,2 мл 2-3 кунда 1 инъекциядан, 1 босқичга 10 инъекция кифоя.
Do'stlaringiz bilan baham: |