Давоси.
Хирургик даво:
– электрокоагуляция, криодеструкция, хирургик усулда йўқотиш;
– нур билан даволаш;
– метастаз бўлса – химиотерапия.
Учламчи сифилидлар
(Syphilis tertiaria)
Учламчи фаол (актив) захмда – дўмбоқчали сифилид (Syphilis tuberculosa) ва гуммоз сифилид (Syphilis gummosa) лар кузатилади.
Клиник кўриниши. Дўмбоқчали сифилид специфик инфильтрат бўлиб (инфекцион гранулема), дерманинг тўрсимон қаватидан ҳосил бўлади. Терида бўлак-бўлак ёки гуруҳ-гуруҳ, оғриқсиз, аниқ чегараланган, яримшар шаклидаги, ўлчамлари нўхот катталигигача етувчи дўмбоқчалар кузатилади. Дўмбоқчалар зич-эластик консистенцияли, тўқ-қизил, кўкимтир ёки жигарранг тусли бўлади. Дўмбоқчалар ойлаб ўзгармай сақланадилар. Улар 2 хил усулда регрессга учрайдилар: деструкциясиз, атрофик чандиқ ҳосил қилиб ёки яраланиб, чуқур чандиқ ҳосил қилиб. Ҳосил бўлган яра: текис, чеккалари кўтарилган бўлиб, сероз экссудатли, битгач ўрнида мозаиксимон чандиқ қолади ва чандиқ атрофи гиперпигментация билан ўралган бўлади. Дўмбоқчали сифилидларнинг 4 клиник турлари фарқланади:
– гуруҳланувчи дўмбоқчали сифилидлар (Syphilis tuberculosa aggregata) кўп учровчи клиник тур ҳисобланади. Тошмалар гуруҳ-гуруҳ жойлашадилар, периферияга ўсмайдилар. Ўчоқдаги дўмбоқчалар ҳар хил ривожланиш босқичида бўладилар, дўмбоқчалар ўрнида мозаикасимон чандиқлар ҳосил бўлади, чандиқлар бир-бирларидан гиперпигментли ҳошиялар билан ўралган бўлади.
– ўрмалаб юрувчи дўмбоқчали сифилид (Syphilis tuberculosa serpiginosa) турига дўмбоқчаларнинг гуруҳланиши ва улар инфильтратларининг бир-бири билан қўшилиши хосдир. Ундан ташқари дўмбоқчалар периферик-эксцентрик ўсадилар ва бир вақтнинг ўзида янги дўмбоқчалар ва дўмбоқчаларнинг деструкцияси кузатилади. Яралар мозаикасимон чандиқлар ҳосил қилиб битади.
– диффуз ўчоқли дўмбоқчали сифилид (Syphilis tuberculosa diffusa). Махсус инфильтрат тўқ-қизил ёки жигарранг, аниқ чегарали, сидирға ўчоқ ҳосил қилади, улар бир-неча ой мобайнида яраланиб битади, чандиқ ҳосил бўлади. Тошмалар, асосан, кафт ва товон соҳаларида жойлашади.
– карликсимон дўмбоқчали сифилид (Syphilis tuberculosa nana). Диаметрлари 1–2 мм, зич эластик консистенцияли, тўқ-қизил дўмбоқчалар дерманинг юза қаватида ҳосил бўлади. Дўмбоқчалар бир-биридан ажралган ҳолда, гуруҳ-гуруҳ жойлашиб, турли шакллар ҳосил қилади. Қайта сурилиб юза, майда чандиқлар ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |