13.Юнонистон илк подшоликлар даврида.
ЮНОНИСТОН, Қадимги Греция, Эллада — Болқон я. о. нинг жан., Эгей денгизидаги ороллар, Фракия соҳиллари, Кичик Осиёнинг ғарбидаги денгиз соҳилида жойлашган қадимий юнон давлатлари ҳудудининг умумий номи.
Тарихи. Археологик маълумотларга кўра, Юнонистон ҳудудида одамлар палеолит давридан яшаб келмоқда. Халкидика я. о. дан неандерталь одамининг бош суяги чиққан. Неолит даврида Юнонистон аҳолиси деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб, ўтроқ ҳаёт кечирган. Юнонистоннинг жез даври маданияти шартли равишда Критмикен маданияти ёки Эгей маданияти деб аталган. Мил. ав. 3-минг йиллиқда Юнонистон этник таркиби рангбаранг(пеласглар, лелеглар ва бошқалар) бўлган; уларни протоюнон қабилалари — ахейлар, ионияликлар сиқиб чиқариб ўз таркибларига сингдириб юборганлар. Мил. ав. тахм. 20—17-асрларда Крит о. да ахейларнинг илк давлатлари (Кнос, Фест, АгиаТриада, Микена, Тиринф, Пилос ва бошқалар) барпо этилган. Мил. ав. тахм. 1260 йил Микена, Тиринф, ва бошқалар давлатлар Трояни босиб олиб, уни вайрон этишган (қ. Троя уруши). Дорий қабилаларининг кириб келиши (мил. ав. тахм. 1200 йил) оқибатида давлатлар парчаланиб, уруғчилик муносабатлари жонланган. Мил. ав. 9-асрга келиб Шим. Юнонистонда — эолийлар, Ўрта Юнонистон ва Пелопоннесда — дорийлар, Аттика ва оролларда — ионияликлар истиқомат қилган: 8—6-асрларда юнонлар Ўрта денгиз, Мармар ва Қора денгиз соҳилларини колонизация қилганлар. Бу даврда Юнонистонда полислар (шаҳар давлатлар) шаклланган. Деҳқонлар ва ҳунармандларнинг уруғ зодагонлари билан кураши натижасига қараб полисдаги давлат ҳокимияти ё демократик (Афинада) ёхуд олигархик (Спарта, Крит о. да) тарзда бўлган. Иқтисодий жиҳатдан тараққий этган полисларда (Коринф, Афина ва бошқалар) қулчилик кенг тарқалган; Спарта, Аргос ва бошқаларда уруғчилик тузуми қолдиқлари сақланиб қолган. Мил. ав. 6-асрда полислар Спарта бошчилигида Пелопоннес иттифоқига ва Фива раҳбарлиги остида Беотия иттифоқига бирлашганлар. 5 — 4-асрлар полисларнинг энг равнақ топган даври саналади. У юнонфорс урушларида (500—449) юнонларнинг ғалабаси натижасида Афинанинг юксалиши ва Делос иттифоқининг (Афина бошчилигида) барпо этилиши билан боғлиқ бўлган.
Перикл ҳукмронлиги даври (443 — 429) Афина кучқудратининг энг кучайган, сиёсий тузумнинг энг демократлашган ва маданиятнинг равнақ топган даври ҳисобланади. Афина Юнонистоннинг асосий иқтисодий ва маданий марказига айланади, у денгизда ҳукмронликни ўз қўлига олган. Афина билан Спарта ўртасида Юнонистонда гегемон бўлиш, савдо йўлларига эгалик қилиш учун кураш Пелопоннес уруши (431—404)га олиб келган, у Афинанинг мағлубияти билан тугаган. Спартанинг юнон давлатлари ички ишларига аралашуви мил. ав. 395—387й. лардаги Коринф урушини келтириб чиқарган. 4-асрда Фива вақтинчалик юксалган. Левктра жангида (мил. ав. 371 йил) фиваликлар Спарта қўшинини тормор келтиришган. 4-аср ўртасида Юнонистоннинг шим. да Македония юксалган. Унинг подшоҳи Филипп II Херонея жангида (338) юнон шаҳарлари коалицияси устидан ғалаба қозониб Юнонистонни тобе этган. Александр (Искандар) салтанати парчалангач, эллинизм даврида (3—2-асрлар) Юнонистонда ҳукмрон бўлиш учун курашаётган ҳарбийлашган типдаги давлатлар ва иттифоқлар кўп бўлган (Македония, Ахей иттифоқи, Этолия иттифоқи). Мил. ав. 197 йил Киноскефал жангида Рим қўшинлари Македония устидан ғалаба қозонгач, Рим Юнонистон даги олигархияни қувватлаб, мамлакатнинг ички ишларига аралаша бошлайди. Мил. ав. 148 йил Македония, Иллирия ва Эпир Рим провинциясига айлантирилганлар. 146 йилдан (Ахей иттифоқи римликлар томонидан тормор этилгандан сўнг) Ю. Римга тобе бўлган (мил. ав. 27 йилдан унинг ҳудудида Римнинг Ахайя провинцияси барпо этилган), фақат номига Афинагина эркин шаҳар деб ҳисобланган. Мил. 4-асрдан Ю. Византиянинг асосий таркибий қисмини ташкил этган.
Фалсафаси. Антик фалсафа фалсафа тарихида муҳим ўрин тутади. У аввало, фалсафа тушунчасининг фанга кириб келишига сабабчи бўлди, ҳоз. кунгача бўлган барча фалсафага ҳал қилувчи таъсир кўрсатди. Юз йил давом этган тайёргарлик давридан сўнг юнон фалсафасининг мумтоз даври бошланди. Унинг гуллаб яшнаши мил. ав. 7—6-асрларга тўғри келди, таъсири эса минг йил мобайнида сезилиб турди. Византия ва ислом мамлакатларида юнон фалсафасининг ҳукмрон таъсири кейинги минг йилликда сақланиб қолди; кейинчалик, Ренессанс ва гуманизм даврларида, Европада юнон фалсафасининг уйғониши юз берди, бу эса Ренессанс даври платонизми ва аристотелизмидан бошлаб Европа фалсафий тафаккурининг бутун тараққиётигача бўлган даврдаги ижодий янгиланишларга олиб кедци.
Do'stlaringiz bilan baham: |