Ўсмирларда тафаккурнинг ўсиши.
Ўсмирларнинг тафаккури кичик мактаб ўқувчилари
тафаккуридан анча фарқ қилади. Ўсмир тафаккури умумлашган, чуқур ва анча абстракт бўлади.
Кичик мактаб ўқувчиси асосан конкрет предметларни бир-бири билан таққослайди, кўпинча якка
ҳукм юритади. Асосан умумий тасаввур ва оддий тушунчалардан фойдаланади. Ўсмир эса илмий
тушунчаларни ўзлаштириб, деярли умумий ҳукмлардан фойдаланади. Ўсмирнинг тафаккури
абстракт характерга эга бўла бошлайди. Ўсмир асосий ва муҳим нарсаларни анча осон-лик билан
ажрата олади.
Ўқитиш процессида абстракт тафаккур ривожлана боради, ҳодисаларни анализ ва синтез
қилиш ўса боради. Ҳамма ўқув предметлари ўсмирларда энг олдин абстракт тафаккурни
ривожлантиради. Ўқувчилар конкрет фактларгагина эмас, улар анализ қилишга, ҳодисалардаги
муҳим хусусиятларни ажрата олишга, ўз нуқтаи назарларини исботлашга, уларни асослаб беришга
ўргана борадилар. Улар нарса ва ҳодисаларни кенг умумлаштира бошлайдилар. Ўқитиш процессида
умумий мавҳум тушунчалар шакллана боради. Масалан, математикада – нуқта, чизиқ, бурчак,
тенглик; физикада – куч, солиштирма оғирлик, тезлик; географияда – экватор, қутб, кенглик ва
ҳоказо; тарихда – қул, қул эгаси, давр, феодал ва ҳоказо.
Бир қатор тадқиқотлар ўсмирларнинг етарли равишда абстрактлаштира олмасликларини
кўрсатади. Улар ҳар вақт ҳам грамматикани ўрганганларида, сўзнинг маъносидан абстрактлашга
ўтолмайдилар. Ўсмирларда ҳали аналитик-синтетик фаолият яхши ривожланмаганлигини кўрсатади.
Бу айниқса геометрик масалаларни ечишда яққол кўринади. Буларнинг ҳаммаси ўсмирларда
абстракт тафаккурнинг шаклланиш даврида эканлигидан дарак беради. Бу ёшдаги болалар
тафаккурининг яна бир хусусияти улар тафаккурида конкрет образли компонентнинг ҳануз катта
роль ўйнашидир. Ўсмирларнинг ҳаёт тажрибаси ортиши ва мактабда ўқиш таъсири билан мустақил
фикрлаши ўса боради. Ўсмир ўз фикрига, ўз нуқтаи назарига эга бўлишни хоҳлайди, бунда улар
ҳатто ота-оналар ва ўқитувчи обрўсига ҳам қарамасдан, уларнинг фикрига танқидий қарай
бошлайди, баъзида адабиётлардан «хато, нотўғри фикрлар» топган бўладилар.
Ўсмирнинг тафаккури ҳар бир предмет бўйича билим, кўникма ва малака олиш, ўзлаштириш
процессида йилдан-йилга такомиллашиб ва чуқурлашиб бораверади. Ўсмирлар ўзлари ўрганаётган
нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятига тобора кўпроқ тушуна бошлайдилар. Шу билан бир қаторда, улар
бирор бир ҳолатларни исботлаш ва ўз фикрларини изчиллик билан асослаш қобилиятини ўстириб
борадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |