42
ажратиш, таянч нуқтани топиш, сўзлаб бериш учун режа тузиш ва ўтилган мавзуларни идрок этган
ҳолда янги мавзуни такрорлашни тавсия қилади.
Таълим жараёнида ўқув материалларининг маъносини, моҳиятини, турли мулоҳазаларни,
далилларни, илмий асосларни эслаб қолиш ва эсга тушириш орқали ўқувчиларда мантиқий хотира
такомиллашади. Уларни А. А. Смирнов тавсия қилган усул ва воситалар билан қуроллантириш
ўқитувчининг вазифаси ҳисобланади. Ақлий меҳнатда мустақилликни вужудга келтирмай билишга
интилиш қобилиятини ўстириш мумкин эмас. Шунинг учун болаларга изоҳли ўқиш, масаланинг
шартини шарҳлаш, муаммоли вазиятни яратиш ва ҳал қилишни ўргатиш муҳим аҳамиятга эга.
Ихтиёрий эслаб қолиш ва ихтиёрий эсга туширишнинг маҳсулдорлиги кўп жиҳатдан ўқувчилар
ақлий фаоллигининг даражасига боғлиқ. Ақлий фаолият даражаси уларнинг эслаб қолишини ташкил
қилиш ва бошқариш усулларини эгаллашига узвий алоқадордир.
Мнемик (хотира) усулларига таъриф ёки қоидани сўзма-сўз эслаб қолиш, ўз сўзи билан айтиб
берса бўладиган материалнинг моҳиятини эслаб қолиш, бирламчи ва иккиламчи қисмларга ажратиш,
рақамларни бир жойга тўплаш, энг зарур тушунчаларга алоҳида эътибор бериш киради. Эслаб
қолиш, эсда сақлаш, эсга туширишнинг самарадорлиги мақсадни англаш ва унга интилиш негизида
вужудга келади. Хотиранинг самарадорлиги ўқиш мотивларига бевосита боғлиқдир. Рус психологи
Т. Н. Баларич ўз тажрибасида бир гуруҳ ўқувчиларга ўқув матнини бундан кейин сира керак
бўлмаслигини, иккинчи-гуруҳга ундан тез кунда фойдаланилишини айтиб ўзлаштиришни
тавсия
қилган. Олинган натижаларга кўра биринчи гуруҳда фаолиятда қўллаш установкаси юқори самара
берган, матн тез эслаб қолишган ва узоқ вақт эсда сақланган. Л. В. Занковнинг тадқиқотида ҳам
эслаб қолишга интилишнинг роли ўрганилган, узоқ вақт эслаб қолишга интилиш ҳам яхши самара
бериши исботланган. Шунга асосланиб психология фанига «узоқ вақт эслаб қолиш», «ҳамма вақт
эсда сақлаш» иборалари киритилган.
Умуман катталарнинг, хусусан ўқитувчиларнинг муҳим вазифаларидан бири ўқувчиларда
материалларни эслаб қолиш
учун муайян интилишни, таркиб топтириш, уларга эслаб қолишнинг
усулларини, фикр юритиш операцияларини (таққослаш, таҳлил қилишни) ўргатишдан иборатдир.
Хотиранинг маҳсулдорлигини ошириш учун таълим жараёнида ўзини ўзи назорат қилиш,
материални такрорлашда текшириш, эсга тушириш, машқ қилишдан унумли фойдаланиш зарур.
Агар кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларга эслаб қолиш ва эслаш усуллари ўргатилмаса, улар
материални бевосита такрорлашда, узоқ вақт тўхталиб қоладилар. Шунинг учун ҳам эслаш қийин
меҳнат (К. Д. Ушинский) ҳисобланади. Лекин ўқувчилар материални эслашни хуш кўрмайдилар ва
уни осонгина тиклаш йўлини тушунмайдилар. Материални эслаб қолиш, эсда сақлаш, эсга тушириш
ва эслаш усулларини ўргатиш мантиқий хотира ўсишининг гаровидир.
Хаёл.
Кичик мактаб ёшидаги ўқувчининг хаёли ўз ўқув
фаолиятининг таъсири, талаби,
имконият ва шарт-шароитлари орқали таркиб топади. Боланинг хаёли теварак-атроф таассуротлари,
дунё ажойиботлари, кўрсатмалилик, тасвирий санъат асарларини етарли даражада акс эттириш
билан вужудга келади. Образлар, суратлар, чизмалар, шартли белгилар, номаълум
нарсаларнинг
аломатлари, табиат манзаралари, фазовий тасаввурлар жамланиб ўқувчиларнинг хаёли пайдо
бўлади. Таниш образ яратиш билан узвий боғлиқ бўлган тикловчи хаёл боланинг руҳий дунёсида
алоҳида аҳамият касб этади. Таълим жараёнида болаларнинг ёрқин, аниқ, тиниқ, яққол тасаввур
образлари хаёл ёрдамида муайян воқеликка айланади. Ўрганилаётган фан материаллари эшитилган
ва ўқилган бадиий асарлардаги
образлар тартибга солинади, яхлит бир бутунликдан иборат
умумлашган образлар тизими яратилади. Ўқиш давомида турмуш тажрибасида тўпланган
таассуротларни қайта тиклаш, янги белгилар билан бойитиш, уларни ўзаро бирлашган ҳолатга
келтириш, янги образлар, ижодий изланишнинг энг муҳим омили – ижодий хаёлни
такомиллаштиради. Ижодий хаёлнинг энг муҳим хусусиятларидан бири
яратилган тасвирларнинг
яққоллиги, мантиқий қонунларга узвий боғлиқлиги, ғайри табий, ажойиб-ғаройиб истаклардан
узоқлигидир. Шунинг учун ўқувчи хаёлида турмушга, воқеликка зид келмайдиган тасвирлар,
тимсоллар кўлами тобора кенгаяди. Бу эса ўқувчида ҳодисаларни танқидий бахолаш кўникмаси
пайдо бўлганини билдиради. Натижада унинг хаёли таассурот қуршовидан бўшайди, яратилган
образларни табиат ва жамиятнинг объектив қонунларига суянган ҳолда баҳолаш кўникмаси
янада
такомиллашади.
Кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар хаёлининг хусусиятларидан яна бири ҳаётий воқелик билан
фантазиянинг ўзаро аралашиб кетишидир. Маълумки, ўқувчи яққол воқелик ёки ҳодисани ўзи