40
ажратганлар ҳамда кўпчилик ҳолларда муҳим белгилари билан тасодифий белгиларни адаштириб
юборганлар.
Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг вақт ҳамда фазони идрок қилиши ва баҳолаши ўз
хусусиятларига эгадир. Табиатшунослик, тарих, географияга доир маълумотлар билан ўқувчиларни
таништиришда уларнинг бу хусусиятларини ҳисобга олиш керак.
Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда вақт ва фазони идрок қилиш уларнинг анча чекланган ва
камбағал ҳаётий тажрибалари билан мустаҳкам боғлангандир. Тарих ва география дарсларида улар
«аср», «минг йил», «эра», «давр» тушунчалари билан ишлашга, шунинг билан бирга
мамлакатларнинг, денгиз ва океанларнинг катта-кичиклиги, дарёларнинг узунлиги ҳамда тоғ
тизмаларининг баландлиги ҳақида фикр юритишга мажбурдирлар. Буларнинг барчаси кичик мактаб
ёшидаги ўқувчиларнинг чекланган тажрибаларидан ўтиб, ғоят ўзига хос ифодага эга бўлади. Мана
шу сабабли боланинг бевосита тажрибасидан ташқаридаги ҳамма нарсалар яхлит ҳолда (гарчи агар
кичик мактаб ёшидаги ўқувчи тўғри бир сонни атаган бўлса ҳам), «қадим замон» ва «узоқ»
тушунчалари сифатида идрок қилинади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўпинча кичик мактаб
ёшидаги ўқувчилар ҳодисаларнинг вақт жиҳатидан узоқлигини мутлақо тушунмайдилар. Тарихий
саналар улар учун кўпинча реал аҳамиятга эга бўлмаган абстракция бўлиб кўринади. Мана бундай
бир ҳодиса бўлган: учинчи синф ўқувчиси бувасидан жиддий равишда, сиз мамонтларни
кўрганмисиз, деб сўраган. Бувасининг бундан 80 йил олдин туғилганлиги, мамонтларнинг Ер юзида
бундан ўн минг йиллар аввал яшаганлиги болага абстракт тарзда маълум бўлган. Бироқ ҳар иккала
ҳодиса ҳам, боланинг бевосита ҳаётий тажрибаси нуқтаи назаридан қараганда, унга қандайдир «жуда
узоқ» вақт аввал ўтган ҳодиса бўлиб кўринган. Учинчи синф ўқувчисининг тарих дарсида
Скандинавиядан Болқон ярим оролигача бўлган сув орқали савдо йўлининг узунлигини аниқлаб
(«Варягдан Греккача»): «Юз километрлар чамаси!», «Юз километр», «Беш юз километр» ёки «Уч
минг километр» – деб берган жавобини ҳам, психологик жиҳатдан олганда буларнинг ҳаммаси
«жуда узоқ» деган маънони англатади, деб тушунтириш мумкин. Ўйлаймизки, Скандинавия билан
Болқон ярим ороли ўртасидаги масофани биладиган ва тўғри айта оладиган ўқувчи ҳар ҳолда бу
масофанинг реал моҳиятини жуда хира тасаввур қилади. Ўқитувчи ўқувчиларнинг формал тўғри
жавоблари билан қаноатланмай, уларни вақт ва фазовий муносабатларни тўғри идрок қилиш ва
баҳолашга махсус равишда ўргатиши лозим. Тажрибанинг кенгайиши ва таълим процессидаги
умумий ўсиш билан бирга кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг вақт ва фазовий муносабатларни
идрок қилишлари такомиллашади ҳамда вақт ва фазовий тушунчалар билан онгли ишлаш имконияти
юзага келади.
Do'stlaringiz bilan baham: