Маъруза материаллари — маъруазада фойдаланиладиган, унинг асосий мазмунини ташкил қиладиган барча илмий-назарий, методик ва бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Уларга маърузада ўрганиладиган илмий қонунлар, тахминлар, методлар, тажрибалар, шархлар, тафсилотлар, мисоллар, исботлар, таҳлиллар, хулоса, тавсиялар, йўл-йўриқлар киради.
Маъруза модуллари — маъруза ўқув материалларини ташкил қилувчи таркибий бўлаклар. Бу бўлаклар маърузадаги илмий, назарий, методик маълумотлар таркибидан алоҳида ажратиб олиш мумкин бўлган фикр, қоида, қонун, фаолият (хатти-ҳаракат, операция) ва шу кабилардан иборат.
Модуллар бирламчи ва турли даражада умумлаштирилган катта ва йирик модулларга ажратилиши мумкин эканлигини назарда тутиш лозим. Ҳар бир маърузанинг модулли тизими тўлиқ ҳисобга олинган бўлиши керак, яъни маъруза материалини модулларга ажратиб олиш жуда ҳам зарур. Шундагина, ҳар бир маърузанинг мунтазам равишда тўлиқ, яхлит, бир бутун бўлиши таъминланади. Керак бўлганда айрим модулларни ўзгартириш ёки алмаштириш мумкин.
Маъруза алгоритмлари - маърузани амалга ошириш жараёнини унинг мақсадларига мувофиқ равишда ташкил қилиш босқичлари, тартиби, изчиллиги. Алгоритмлар асосан модулларни амалга ошириш кетма-кетлигини белгилаш ва унга риоя қилиш орқали маърузанинг бошидан-охиригача аниқ мақсадга йўналтирилган қатъий мантиққа эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Бунга эришиш учун ҳар бир маъруза материалини ташкил қилувчи модулларни амалга оширишнинг кўзда тутилаётган мақсадга мувофиқ бўлган таркибини олдиндан белгилаб олиш ва маъруза жараёнида унга риоя қилиш лозим.
Маърузанинг электрон варианти - маъруза матни, ундаги жадваллар, диаграмма, тасвирлар ва бошқа материалларнинг компьютер хотирасига ёзилган варианти. Бунда маъруза билан компьютер орқали танишиш, шунингдек, катта экранда намойиш қилиш ҳамда турли масофаларга узатиш имконияти ҳосил қилинади. Бундай материаллар дискет, компакт диск ва бошқа ташувчиларга ёзилган ҳолда сақланади.
Маърузанинг мультимедиа варианти - маъруза матнини, унинг айрим қисмларини, ундаги жадваллар, диаграммалар, тасвирлар, кино материаллари ва бошқа материалларни ҳамда ўрганилаётган жараёнларни компьютер экранида анимациялаштирилган кўринишда зарур бўлган овоз, мусиқа иштирокида намойиш қилиш учун тайёрланган шакли. Шундай мультимедиа материалларини катта экранда намойиш қилиш ҳамда турли масофаларга узатиш мумкин.
Маърузанинг мультимедиа варианти ҳаётий ва ҳаракатли тасвирлар, овоз, мусиқа орқали таъсирчанлиги ортиши билан яхши натижа бериши маълум. Мультимедиа материаллари компьютер хотирасидаги маълумотларни ёзиб олиш ва сақлаш учун хизмат қиладиган воситаларга ёзилган ҳолда сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |