Маърузани тайёрлаш мезонлари
Ҳозирги педагогик технологиялар тизимида маъруза ўзига хос модул, уни тайёрлаш ва ўтказиш эса кичик педагогик технология жараёнидан иборат. Бу жараён дастлаб маъруза учун материалларни тўплаш, ўрганиш, таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш, тегишли амалий вазифаларни белгилаш ва уларни сифатли амалга ошириш юзасидан тавсияларни шакллантириш босқичларидан иборат бўлади.
Шундан сўнг маъруза матнини тайёрлаш босқичи бошланади. Маъруза матнлари курснинг ўқув-мавзу режасида кўрсатилган мавзулар бўйича тайёрланади. Шу мавзуларни тегишли тингловчилар гуруҳи билан ўрганишдан кўзда тутилаётган мақсадлар белгиланади. Бунда мавзунинг долзарблигини аниқ, кўрсатиб бериш, унга тегишли муаммоларни ҳал қилиш йўналишларни белгилаб бериш ва шунга мувофиқ, илмий, методик ва амалий хулосаларни шархдаш. Уларни амалга татбиқ этиш юзасидан зарур тавсиялар бериш назарда тутилади.
Маъруза мазмуни унинг мавзусини тўлиқ қамраб олиши зарур шартлардан ҳисобланади. Бунинг учун маъруза материалини одатда, асосий таркибий блокларга ажратиш яхши натижа беради. Бунинг натижасида маъруза матнини тайёрлашда ҳам ва шу маърузани гуруҳда ўтказишда ҳам зарур тартиб ҳамда мантиқий изчилликка эришилади.
Илмий-педагогик мавзулардаги маърузалар материалларнинг таркиби кўпроқ қуйидаги блоклардан ташкил топади:
назарий блок - бунда тингловчиларни мавзунинг илмий-назарий асослари, қонуниятлари ва қоидалари билан таништирилади, яъни нимани ўргатиш керак деган саволга жавоб деб белгиланиши мумкин;
методик блок - мавзуни, қонун, қоидаларни ўрганиш, ўргатиш, қўлланиш, фойдаланиш масалаларини ўзлаштириш, яъни қандай бажариш керак деган саволга жавоб деб белгиланиши мумкин;
амалий блок - маъруза давомида ўрганилган янги маълумотларни "қаерда, қачон, нима мақсадда, қандай воситалар орқали, қандай меъёрларда қўллаш" билан таништириш, яъни "нима учун керак" деган умумий саволга жавоб деб белгиланиши мумкин;
хулосалар блоки - назарий, методик ва амалий блоклар бўйича умумлаштирувчи натижаларни ифодалашга хизмат қилади ва "нима қилиш керак" деган саволга жавоб белгиланиши мумкин;
назорат блоки - тингловчиларнинг ўзлаштиришларини маъруза давомида тезкор назорат қилишга хизмат қилувчи ҳар турли дидактив материаллар ва усуллардан иборат бўлиб, "тушунарлими" деган саволга жавоб белгиланиши мумкин;
тавсиялар блоки - маъруза мавзуси бўйича хулосаларни ҳар турли реал шароитларда амалга ошириш юзасидан тингловчиларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик ва ҳамфикрликда белгиланган асосий йўл-йўриқлардан иборат бўлиб, навбатдаги ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб беради. Уни мажозий маънода "маъқулми" деган саволга жавоб деб белгиланиши мумкин.
Маъруза блокларини юқорида келтирилган шартли саволлар билан қўшимча равишда белгилаб номлашдан мақсад шуки, улар ҳар бир блокнинг мақсад ва мазмунини ўзига хос яққол ифодалаши билан маърузани тайёрлаш ҳамда ўтказиш даврида маърузачи учун фойдали мўлжал сифатида қулайлик тугдиради. Бу эса маърузачининг матн тайёрлаш ва маърузани ўтказишда камчиликларсиз, аниқ изчилликда фаолият олиб боришига имконият яратади. Юқорида айтилган таркибий блокларни шартли равишда қуйидаги схема кўринишида ифодалаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |