44. Ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш усуллари. Ташқи иқтисодий фаолиятда квоталаш, лицензиялаш, тариф ва нотариф, солиқлар ҳамда валюта орқали тартибга солиниши Ҳар бир давлат ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг ўзига хос усулларига эга. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш усуллари “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг 17- моддасида белгиланган. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун ўзаро преференция ва имтиёзлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бир қатор давлатлар билан энг кўп қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаган (“Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхати”. 08.04.1998 й. 426-сон). “Бож тарифи тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси 3-қисмига асосан савдо-иқтисодий алоқаларда энг кўп қулайлик бериш тартиби назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёки қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги аниқланмаган товарлар учун ундириладиган импорт божининг ставкалари икки баравар оширилади. “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонуннинг 18- моддасида ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, 19-моддада эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ваколатлари белгиланган. Мазкур Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ товарлар экспорти, импортини тақиқлаш ҳамда чеклаш белгиланиши мумкин. Қонуннинг 21-моддаси товарлар айрим турларининг экспорт ва импортини лицензиялаш ҳамда квоталаш тартибини белгилайди. Товарларнинг айрим турларини экспорт ва импорт қилиш фақат уларни олиб кириш ёки олиб чиқиш учун тегишли рухсатнома (лицензия) олинганидан кейин амалга оширилади. Товарлар айрим турларининг экспорти ва импортини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар томонидан берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси айрим товарлар турларини экспорт ва импорт қилишга нисбатан миқдорий чекловлар (квоталар) белгилаши мумкин. Квоталарни тақсимлаш, қоида тариқасида, танлов ёки кимошди савдоси асосида амалга оширилади. Экспорт ва импорт қилиниши лицензияланиши ҳамда квоталаниши зарур бўлган товарлар айрим турларининг рўйхати, шунингдек лицензияларни бериш ва квоталарни тақсимлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади