8-Мавзу: Темурийлар даври маданияти
(Culture epoch of Temurs)
Режа:
1.XV асрнинг биринчи ярмида Моварауннаҳр ва Хуросондаги моддий маданият равнақи.
2. Темурийлар даврида илм-фан. Улуғбекнинг илмий мактаби
3. Хаттотлик, тасвирий санъат ва мусиқа маданияти.
4. Бадиий адабиёт. А.Навоий ижодий мероси.
Машғулот мақсади: Темурий давридаги юксалишнинг сабаби ва мазмун моҳияти тўғрисида маълумотга эга бўлиш. Илм-фан, санъат, меъморчилик анъаналарининг ўзига хослиги ва иккинчи уйғониш даври эканлигининг моҳиятини англаш.
Таянч тушунчалар: Темурийлар, расадхона, мадраса, каҳҳол, хаттотлик, нафис китоб, минатюра санъати, мусиқа, адабиёт.
XIV ва XV асрлар Марказий Осиё халқларининг уйғониш даври ҳисобланади. Негаки бу даврлар А.Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги йиллари бўлиб, мўғуллардан кейинги илм-фан, санъат, меъморчилик, адабиётнинг юксак тараққиётга эришган даври ҳисобланади. Темурийлар давридаги юксалишга аслида А.Темур асосий пойдевор қўйган бўлиб, Темурийлар даврида тахт учун курашлар давом этсада маданий тараққиёт ўз босқичида давом этган. Бу даврларда тахт учун курашлар тинимсиз давом этганлиги учун маданият маркази Хуросон ва Ҳирот бўлган.
Ўзининг кўп йиллик ҳарбий юришлари билан Шарқнинг жуда кўп обод вилоятларини ва шаҳарларини забт этган А.Темур ўз давлатининг шон-шуҳрати учун унинг марказий қисми бўлган Моварауннаҳрнинг, айниқса, пойтахти Самарқанднинг ободонлигига алоҳида эътибор беради. У забт этилган мамлакатлардан фақат моддий бойликларнигина эмас. Балки жуда кўп ҳунармандлар. Санъат аҳллари ва олимларини Моварауннаҳрга олиб келади ва мамлакатни обод этишда уларнинг меҳнатидан фойдаланади. А.Темурда ҳар бир зафарли воқеани, севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидасини барпо этиш билан нишонлаш одати бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистондан олиб келинган юзларча моҳир ғишт терувчилар, Шероз, Исфихон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда гўзал иморату иншоатлар бино қиладилар. У онаси Некўзбибига атаб Кешда Оқсаройни бунёд эттиради. Ушбу саройнинг пештоқига “Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилгудек бўлсангиз биз қурдирган иморатларни кўринг” деган машҳур ёзувлар битилган.Ундан ташқари Самарқанд ва бошқа ҳудудларда ҳам жуда кўплаб меъморий иншоатлар А.Темур томонидан қурдирилган. Улар қуйидагилар:
Бибихоним масжиди
Шоҳи Зинда
А.Яссавий мақбараси
Зангиота мажмуи
Дарҳақиқат осмонўпар баланд бинолар А.Темур давлатининг ёрқин тимсоли ва намунасидир.
Самарқанддаги қурилишлар тўғрисида сўз юритилганда, шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мўғуллар босқини давомида бутунлай вайрон этилган ва аҳолиси томонидан ташлаб чиқилган Самарқанд шаҳри А.Темур ҳукмронлиги даврида ўзининг қадимги ўрнидан бирмунча жануброқда бошдан-оёқ янгидан қурилади. Шаҳар тевараги Оханин, Шайхзода, Чорсу,Коризгоҳ, Сузангарон ва Феруза каби номлар билан юритилувчи олтита дарвозали мустаҳкам янги қалъа девор билан ўраб чиқилади. Шаҳар аркида Темурнинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсаройлар бино қилинди.
А.Темур шаҳарлардаги қурилишларидан ташқари Самарқанд атрофида ўзининг хешу ақраболарига атаб кўпгина гўзал боғлар қурдирди. Улар қуйидагилар:
Боғидилкушо
Боғичинор
Боғибиҳишт
Боғибаланд
Боғинав
Боғишамол
Давлатобод
Моҳир меъмор, тажрибали соҳибкорларнинг ақл-заковати, меҳнати-ю маҳорати билан барпо этилган ушбу чорбоғлар ва улардаги гўзал кўшклар ўша давр боғдорчилик санъатининг намуналаридандир.
А.Темур ўз давлати пойтахти Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ, Миср,Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Чунки Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ўша давр муаррихи Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Самарқандга чет мамлакатлардан, хусусан Хуросондан маъданлар, Ҳинд ва Синддан ёқут, олмос, Хитойдан атлас, яшин тоши, мушк ва бошқа моллар, ўзга мамлакатлардан олтин ва кумуш олиб келинарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |