Тасвирий санъат. А.Темур ва Темурийлар даври тасвирий санъати деворий момументал рассомчилик ва китоб миниатюраси йўналишида ривож топди. Ушбу тасвирий санъат турлари минтақа доирасида ўзига хос деворий суратлар, амалий санъат, пластикаларда ўз аксини топган қадимий, исломдан олдинги илдиз ва анъаналарга эга эди.
А.Темур замонасида расмли қўлёзмалар безатилишига оид маълумотлар ҳалигача қайд қилинмаган. Лекин, монументал рассомчиликка ўхшаш расмий миниатюра санъати муҳим ўрин тутганлиги учун, шубҳасиз, сарой мусаввирлариА.Темур сиймосини портретда абадийлаштиришлари лозим эди. XV асрга оид бир неча қўлёзмада композиция қисми сифатида портрет – расмлар сақланиб қолган. Уларда А.Темур табиат қучоғида, чаманзорларда, байрам тантаналарида ўз мулозимлари орасида тасвирланган.
Ҳирот XV асрнинг биринчи ярмида хусусан Бойсунқурнинг сарой кутубхонаси билан машҳур бўлди. Ҳиротга бошқа шаҳарлардан кўплаб хаттотлар, мусаввирлар ва мнаққошлар келтирилди. Жумладан, Бойсунқурнинг фармони билан Ҳиротга Табриздан уста Саид Аҳмад Наққош, Хўжа Мусаввир ва муқовачи Қавомиддин Табризий келтирилган. Устахона бошқарувига машҳур хаттот Фаридиддин Жаъфар Табризий қўйилган эди. Бу ерда кейинчалик турли мактаблар усталарининг ўзаро муносабати натижаси ўлароқ Ҳирот рассомчилик мактаби услуби яратилди. Ҳирот миниатюрасида шу асрларда учрайдиган айрим мавзулар ўз ифодасини топган. Булар севишганлар висоли, ҳукмдор қабулида сарой тасвирининг композицион қиёфаси, ов манзараси ва жанглар, тўқнашувлардир. Темурийлар даврининг кўзга кўринган тасвирий санъат вакиллари қуйидагилар:
Камолиддин Беҳзод
Махмуд Музаҳҳиб
Қосимали
Мирак Наққош
Ҳожи Муҳаммад Наққош
Шоҳ Музаффар.
Мусиқа маданияти. А.Темур ва Темурийлар даврини, муболағасиз, нафақат ўзбек халқининг, балки бутун Яқин ва Ўрта Шарқ элларининг мусиқа санъати жадал равнақ топган, камолот чўққисига эришган, чинакам Уйғониш даври бўлган дейиш мумкин.
Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида хонанда ва созандалар расмий– дипломатик, ҳарбий ва бошқа тантаналарнинг доимий қатнашчиларига айланган. Халқ томошалари, оммавий байрамлар уларсиз ўтмас эди. Бу эса, ўз навбатида, мусиқанинг бошқа санъатлар қаторидан муҳим ўрин эгаллашини таъминлади.
Манбаларда келтирилишича, ўзбек халқ мусиқаси қатори ҳарбий – расмий мусиқа турлари, мумтоз мақом санъати, минтақанинг бошқа туркий ҳамда арабзабон, форсийзабон халқларининг мусиқавий фольклари ривож топди. Энг муҳими, мусиқий анжомлар жасорат ва мардлик тимсолларига айланди.
А.Темур даврига хос бўлган маънавий кўтаринкилик мусиқа санъатининг деярли барча жабҳалари учун кенг имконият туғдириб берди: созандалик ва хонандалик, мусиқа таълими, бастакорлик ижоди, мусиқа илми камол топди. Асрлар қаърида шаклланган анъанавий “устоз – шогирд” таълим тизими кенг қулоч ёзди.
Мусиқа устозини ҳаммадан устун қўйиб, “устозлар устози”, деб улуғлаган А.Навоий ўзи ҳам мусиқий илмга эга бўлиб, бу борада муайян асарлар яратгани маълум. Унинг устози Ҳожа Юсуф Бурҳон ўз даврининг йирик мусиқашуноси ва бастакори эди. Бастакорлардан Абдулла Марварид, Ҳофиз Шарбатий, Паҳловон Муҳаммад, хонандалардан Мавлоно Айний, Ҳофиз Қозоқ, созандалардан Ҳожа Камолиддин Удий, Али Кармал, Ҳожа Абдуллоҳ Садр, мусиқий рисолалар муаллифлари Жомий, Биноий, Мавлоно Салимий, Мавлоно Риёзийлар А.Навоийнинг яқин дўстлари бўлишган. Ундан ташқари Темурийлар даврида бастакор ва хонандалардан Абдуқодир Найий, Қулмуҳаммад Шайхий, Ҳусайн Удий, Шоҳқули Ғижжакий, Қосим Раббонийлар ҳам самарали ижод қилишди. А.Темур ва Темурийлар даврида қуйидаги мусиқий мақомлар яратилди:
Шашмақом
Дугоҳ
Сегоҳ
Чоргоҳ
Панжгоҳ
Ройи Ироқ
Бузрук.
Do'stlaringiz bilan baham: |