Шамолнинг тупроқ унумдорлиги ва шўрланишга таъсири.
Шамол (эрозияси) натижасида тупроқ устки қатламларининг сидирилиб кетиши, бир жойдан иккинчи жойга олиб бориб ётқизилиши, тупроқ унумдорлигининг камайишига, ўсимликлар (айниқса пахта)нинг кўплаб нобуд бўлишига, баъзан тупроқнинг қайта шўрланишига сабабчи бўлади.
Шамол эрозияси (дефляция) айниқса Фарғона водийсида, Мирзачўлда, Самарқанд вилоятининг Нурота, Қоратепа, Зирабулоқ-Зиёвуддин тоғи районларида, Қарши, Томди, Бухоро ҳамда Қорақалпоғистоннинг Орол олди ҳудудларида кенг тарқалган бўлиб, Қ.Мирзажоновнинг маълумотига кўра, биргина Фарғона водийсининг ғарбий қисмида чангли бўрон бўлган кунлар сони 1961 йилда 63 тагача етган. Шу йилнинг ўзида Фарғона вилоятида шамол эрозиясидан 196 минг гектарга яқин экин майдони зарарланган ёки 1956-1960 йиллар мобайнида шамол республикамизнинг 200 минг гектар ердаги пахтасининг бутунлай нобуд бўлишига сабаб бўлган (Мовлонов, Исломов, Шерматов, 1970).
Ер ости сувлари ер юзига яқин бўлган районларда, айниқса Мирзачўл, Фарғона, Қарши чўлининг баъзи бир ерларининг шўрланишида (тузларнинг бир ердан иккинчи ерга кўчиб юришида) шамолнинг роли жуда ҳам каттадир. Маълумки, Мирзачўл, Амударёнинг қуйи қисми ерлари ер ости сувларининг ер юзасига яқинлиги, сувда эрувчан тузларнинг тупроқда ҳамда ер ости сувлари таркибида кўплиги билан ажралиб туради.
Ер остидан тупроқ ғоваклари бўйлаб кўтарилган сув, ер бетига жуда кўп миқдордаги турли хил тузларни олиб чиқади. Ҳароратнинг ошиши сувнинг буғланишига, тузларнинг эса тупроқнинг юқори қатламларида йиғилиб қолишига сабабчи бўлади. Кейинчалик катта тезликка (баъзан секундига 40 метр) эга бўлган шамол ана шу йиғилган туз қатламларини бошқа ерларга олиб бориб ётқизади. Натижада кўпинча шўри ювилиб, шўрсизлантирилган ерлар янги учириб келтирилган тузлар ҳисобига қайта шўрланади.
Агар бу ҳолатни Орол денгизи ҳудуди мисолида кўриладиган бўлса, 1960 йилда унинг сув сатҳи мутлоқ баландлиги 53 м, майдони 66,5 минг км2, сувининг ҳажми 1000 км3, шўрланиш даражаси 10-11% бўлган. 2003 йилда эса унинг сув сатҳи мутлоқ баландлиги 36 м, майдони, 42,4 минг км2, сувнинг ҳажми 400 км3 га келиб қолган (Франк Хюлер, Б.З.Новицкий, 2003). Натижада сувнинг сатҳи 17-18 м га камайган, 4 млн. гектар ўта шўрланган, қум-чанг-туз зарраларидан иборат бўлган, шамол ҳаракатига берилувчан майдон очилиб қолган. Бу майдонларда янги қум барханлари вужудга келмоқда, бу эса Орол атрофи ҳудудларида биринчидан, катта-майдондаги тоза ерларни тузланишига, ботқоқланишига унумдорлигини камайишига сабабчи бўлса, иккинчидан экологик вазият ёмонлашиш оқибатида инсонларнинг саломатлигини ёмонлашишига сабабчи бўлмоқда. Шунинг учун ҳозирги вақтда шамол эрозияси ҳукм сураётган территорияларни ўзлаштиришда шамол ҳаракатига боғлиқ бўлган юқоридаги ҳодисага катта эътибор берилмоғи даркор.
Шамол ҳаракати натижасида содир бўладиган ҳодисаларни бартараф қилиш чоралари.
Дюналар, барханлар ҳаракати ер усти унумдор қатламларини шамол тирнаб, сидириб, ер усти қисмида йиғилган маълум қалинликдаги тузларни учириб, шўрланмаган ерларга ётқизиши, темир йўллар, каналлар, пахта далаларини қумлар билан қопланиб қолиши, биринчидан, шу район иқлимининг қуруқлигига, яъни ёғадиган ёғин миқдоридан буғланишнинг устунлигига, иккинчидан, ўсимликлар дунёсининг камбағаллигига боғлиқ.
Шунинг учун энг аввало шу районларда ўсимликлар дунёсини кўпайтириш, ёққан ёғинни иложи борича ернинг устки қатламларида ушлаб қолиш, унинг йўлини тўсиш, даркор. Бу шамолнинг ер устки қатламларини кўчириб кетиш кучи – тезлигини камайтиришга олиб келади.
Ҳозирги вақтда шамол келтирадиган оқибатларни бартараф этишга катта эътибор берилмоқда, махсус илмий текшириш станциялари, институтлар айнан шу масала устида иш олиб бориб, қурғоқчиликка бардош берадиган ўсимлик турларини етиштирмоқдаларки, бу ўсимликлар ўтмишда қурғоқчилик бўлиб келган, шамол эрозияси ҳукмрон бўлган территорияларнинг ўзгаришида катта аҳамият касб этмоқда.
Бу борада немис олимлари (Франк Хюлер) билан Ўзбекистон олимлари (Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий текшириш институти – З.Б.Новицкий) ҳамкорлигида Орол денгизининг сувдан қуриган майдонларини кўкаламзорга айлантириш, ихота дарахтларини (қора саксовул ва б.қ.) ўстириш, умуман Орол олдини экологик соғломлаштириш мақсадида «GTZ лойиҳаси» бўйича олиб бораётган ишлари яхши натижалар бермоқда. Ана шу лойиҳа асосида 100 гектар майдонда кўкаламзорлаштириш – дарахтзорлаштириш ишлари бажарилган. Ихота дарахтлари кутилгандек ўсмоқда.
Ҳозирги вақтда шамол эрозиясини бартараф қилишда темир йўлларни, пахта далаларини, каналларни шамоллардан муҳофаза қилишда инженер-геолог, гидротехник, ботаник, ўрмоншуносларга химиклар катта ёрдам бермоқда. Бу мақсадда олимлар томонидан қумлар ҳаракатини тўхтатиб қолиш хусусиятига эга бўлган модда – полиакриламид ихтиро қилинган бўлиб, бу модданинг сувдаги эритмаси ҳаракат қилувчи қумлар устига сепилганда маълум қилинликдаги юпқа қобиқ ҳосил бўлади. Бу қобиқ остига экилган ўсимлик уруғлари бемалол ўсиб чиқади. Бу эса ўз навбатида илгариги кўчиб юрувчи қумлар ўрнида кўп йиллик ўсимликларнинг ўсиб ривожланишига, шамол кучининг қирқилишига сабабчи бўлади. Шунингдек бу мақсадлар учун битум эмуляцияси, нерозин ва бошқа қатор кимёвий моддалар ҳам ишлатилади. Сўзсиз, бу ҳодисани ўрганиш, унинг оқибатларини бартараф қилиш мақсадида, бундан кейин ҳам у ёки бу районнинг ўзига хос табиий шароитини, иқтисодиётини ҳисобга олган ҳолда айрим-айрим, мукаммал ўрганилиб, тегишли тадбирлар кўрилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |