Биринчи зонага – кўпинча баланд тоғ районларидан тортиб, то тоғ олди районларини ўз ичига олган территориялар киради. Сел ҳодисасини вужудга келтирувчи сув ўзининг дастлабки қатраларини худди шу зонадан йиғади. Сув билан бирга ҳаракатга келувчи, сел массасининг асосий қисмини ташкил қилувчи тоғ жинслари ҳам худди шу зонадан бошлаб ҳаракатга келади. Сел оқимига кирувчи тоғ жинслари ҳали унча майдаланмаган, қиррали, катта-катта бўлаклардан, харсанг тошлардан ташкил топган бўлади. Майда ва лойқа заррачалари унча кўп бўлмайди.
Иккинчи зона – транзит зона деб аталиб, бу зонага ягона сел оқими вужудга келган асосий дарё ўзани атрофидаги ҳудудлар киради. Ягона сел оқими биринчи зонадан бошланадиган кичик-кичик ирмоқ сел оқимларининг бир-бирларига қўшилишидан пайдо бўлади. Шунинг учун сел оқими бу зонада катта кучга эга бўлган бўлиб биринчи зонадан оқизилиб келинаётган тоғ жинси бўлакларини асосан қолдирмасдан олиб ўтиб кетади. Катта-катта тош бўлаклари худди шу зонада бир-бирлари билан урилиши натижасида майдаланади, қирралари силлиқланади. Сел массаси лойқа, қумтош, қум жинслар билан бойийди, унинг ҳажм оғирлиги ортади. Шунинг учун фанда биринчи зонадаги сел массасини сув ва тошлардан ташкил топган сел оқими дейилса, иккинчи зонадаги сел массасини сув+тош+лойқалардан ташкил топган сел оқими деб аталади.
Учинчи зонага – у ёки бу дарёнинг этак қисм ҳудудлари кириб, иккинчи зонага нисабатан текислиги билан фарқ қилади. Бу зонанинг бошланиш қисмидан бошлаб, сел оқими ўз кучини камайтира боради ва тинч оқа бошлайди. Шунинг учун бу зонанинг бошланиш қисмларига биринчи ва иккинчи зоналардан оқизиб келинган сел массасига кирувчи йирик тоғ жинслари ётқизилиб, ўрта ва охирги қисмларида шағал, тош, қум, қумтош ва лойқа заррачалари ётқизилади.
Зоналарнинг чегараси сел ҳодисаси вужудга келадиган районларнинг иқлимига, геологик, геоморфологик тузилишига қараб, денгиз юзасига нисбатан турли районларда турлича баландликлардан ўтиши мумкин.
Сел ҳодисаси билан кураш чоралари.
Сел ҳодисаси ва унинг келтирадиган зарарлари билан инсонлар узоқ ўтмишдан буён доимо курашиб келганлар. Сел ҳодисасидан зиён етиши кутилган ҳудудларни сел офатидан сақлаш мақсадида шох, хода, харилар ташлаб, тош деворлар, дамбалар, тўғонлар қурганлар. Ҳозирги вақтдаги селга қарши чоралар ўтказилган текширишлар, узоқ вақтлар давомида олиб борилган кузатишларга асосланиб чиқарилган илмий, амалий хулосаларга асосланган бўлиб, асосан икки турга бўлинади:
Do'stlaringiz bilan baham: |