Пресслаш усулида пластмасса ишчи органи қиздириладиган прессларда тайёрланади. Пресс қолипларда пресс кукунлар иссиқ ҳолатда прессланиб ёки кўп қатламли пресс қолипларда листлар, плиталар ва панеллар бир нечтаси прессланиб олиниши мумкин (26.4-расм). Бу усулда буюм ва конструкциялар одатда термореактив полимер боғловчилар асосида тайёрланади. Масалан, фенопластлар, аминопластлар, ёғоч толали ва пайрахали плиталар ва бошқалар.
26.4-расм. Пресс-қолиплаш (штамплаш) схемаси а) пресс-материал солиш; б) қолипни ёпиш ва пресслаш; в) буюмни чиқариб олиш; 1-пресс-материал; 2-пресс-қолипнинг иситиладиган матрицаси; 3-иситиладиган пуансон; 4-пресс ползуни; 5-электр иситкич; 6-буюм; 7-буюмни чиқарувчи мослама.
Лентали композицион полимер материаллар ва панелларни пресслаш технологиясида тайёрлаш учун кўп қаватли гидравлик пресслар ишлатилади. Гидравлик пресслар маркасига қараб 10 дан 50 т гача ва ундан ортиқ қувватга эга бўлади. Прессларнинг ишчи органи иситилган сув, буғ, электр мосламалари ёрдамида қиздирилади. Буюмлар иссиқ ҳолатда қиздирилганда жараён босим остида олиб борилади.
Кўп қаватли прессларда ёғоч толали ва ёғоч пайрахали плиталар, қоғоз қатламли пластиклар, уч қатламли елимланган панеллар, текстолитлар ва бошқа композицион полимер қатламли буюмлар тайёрланади.
Пресс-қолипларда гигиена талабларига жавоб берадиган полимерлар асосида (полиэфирлар, эпоксид смоласи ва ш.к.) санитария-техника буюмлари, ром ва эшик қисмлари, қурилиш машина ва механизмлари қисмлари ва бошқалар қолипланади.
Қуйма усулда термопластик ва термореактив полимерлар асосида композицион полимер қурилиш материаллари тайёрланади. Қуйма усулнинг икки кўриниши мавжуд: оддий қолиплаш ва босим остида қолиплаш. Оддий усулда полимер композицияси иситилган ёки совуқ ҳолатда қолипларга қуйилади ва маҳсулот полимеризация ёки поликонденсация жараёнлари натижасида қотади. Оддий қуйма усулда буюм турли воситалар билан текисланиши ва зичлаштирилиши мумкин.
Бу усулда буюм ичида ҳаво бўшлиқлари қолиши эҳтимоли ҳисобига маҳсулот ўта юқори зичликка эга бўлмайди. Оддий усулда реактопластлар асосида полимербетон ва полимер қоришма плиталари, панеллар ва конструкциялар, органик шишадан турли буюмлар ва бошқа декоратив маҳсулотлар тайёрланади.
Босим остида қуйиш усулида асосан термопластик полимерлардан буюмлар олинади. Бу усулда полимер қовушоқ-оқма ҳолатгача қуйиш машинасининг қиздириладиган цилиндрида қиздирилади ва плунжер очилиб масса қолипга босим остида хайдалади. Эритма 20 МПа гача босим остида қолипланиши мумкин. Қолипларни тез бўшатиш мақсадида улар совуқ сув билан совитилади (26.5-расм). Бу усулда полиэтилен, полипропилен, полистирол ва шу каби термопластик полимерлар асосида буюмлар тайёрланади.
Босим остида қуйилганда буюм ички нуқсонларсиз бўлади, зичлиги ва мустаҳкамлиги ортади; технологик жараённи тўла механизациялаштириш ва автоматлаштириш мумкин.