Буйрак санчиғини профилактикаси
Сийдик йўллари обструкциясини чақирувчи омиллар (тош, ўсма, торайиш, қон лахталари, шиллиқ ва бошқалар) мавжуд бўлган ҳолларда буйрак санчиғининг келиб чиқиш хавфи юқори даражада бўлади. Шунинг учун обструкцияга сабаб бўлувчи касалликлар ва ҳолатларни барвақт ташхислаш (тўлиқ урологик текшириш) зарур. Агар бемор сийдик тош касаллиги билан хасталанган (буйрагида ёки сийдик найида тош) бўлса, у оғир меҳнат қилиш, спорт машғулотларидан ўзини сақлаши керак ва ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиб даволаниши зарур.
Сийдик йўллари инфекцияси (СЙИ)
Сийдик йўлари инфекцияи 2 турга бўлинади:
юқори сийдик йўллари инфекцияси (буйрак ва сийдик найи).
пастки сийдик йўллари инфекцияси (қовуқ ва сийдик чиқариш канали).
Сийдик-таносил аъзосининг лотинча номига “ит” қўшимачасини қўшиш билан ушбу аъзонинг яллиғланишининг лотинча аталиши келиб чиқади:
буйракларнинг яллиғланиши - пиелонефрит,
сийдик найларининг яллиғланиши - уретерит,
қовуқ яллиғланиши - цистит,
сийдик чиқарув каналининг яллиғланиши -уретрит,
эркакларда простата безининг яллиғланиши - простатит,
уруғ пуфакчаларининг яллиғланиши - везикулит,
уруғдон ортиқларининг яллиғланиши - эпидидимит,
уруғдонларнинг яллиғланиши - орхит.
Сийдик йўллари инфекциясида шикастланган соҳада оғриқ бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши ва дизурик белгилар, қон, сийдик таҳлилларида ўзгаришлар кузатилиши мумкин.
Дизурия – сийдик ажратишнинг бузилиши, тез-тез кам миқдорда сийиш, қовуқ тўла бўлмаган ҳолда тез-тез, сийишга талаб бўлиши, қовуқнинг тўлиқ бўшамаганлик ҳиссининг пайдо бўлиши ва ҳ.к.
Сийдик йўллари инфекцияси билан оғриган беморлар ташхисга қараб шифокор томонидан тайинланган антибактериал, дезинтоксикацион, оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши ностероид воситаларни қабул қилишлари зарур. Бундай беморларда диурез (кунлик ажратиладиган сийдик миқдори) муҳим аҳамиятга эга. Кунлик сийдик миқдори ўлчаб, ёзиб борилади. Бунинг учун беморлар кунига 1,5-2,0 литр атрофида суюқлик, етарлича инфузион терапия қабул қилишлари мақсадга мувофиқ.
Сийдик йўллари инфекцияси ичида ўткир пиелонефрит бел соҳасида кучли оғриқ, тана ҳароратининг 39-400 С гача кўтарилиши ва сийдикнинг лойқа кўринишда бўлиши билан характерланади. Бундай беморларда тана ҳароратининг узоқ муддат юқори бўлиши, тўғри даво тайинланмаганлиги танада септик ҳолатга (инфекциянинг бутун танага тарқалишига) олиб келиши мумкин. Бундай беморлар стационар шароитда доимий шифокор назорати остида даволанишлари зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |