5- мавзу: Мантиқ фанининг предмети, мақсад ва вазифалари Тафаккурнинг қонунлари.
Маъруза режаси:
Тафаккур мантиқий фикрлаш асоси. Тўғри тафаккур қонунлари.
Формал мантиқ. Диалектик мантиқ. Математик мантиқ. Тафаккур ва тил мутаносиблиги.
Тушунча, ҳукм ва хулоса чиқаришнинг фикр теранлигини таъминлашдаги роли.
Исботлаш ва рад қилишда далилларнинг ўрни. Аргументлаш ва билимлар тараққиётининг мантиқий шакллари (муаммо, фараз, назария).
Таянч тушунча ва иборалар: «мантиқ», «логика», тафаккур, тафаккурнинг мантиқий таркиби, билиш, ҳиссий билиш, ақлий билиш, тафаккур шакллари, тафаккур қонунлари, формал мантиқ, математик мантиқ, диалектик мантиқ, тафаккур ва тил, тушунча, ҳукм, ҳукнинг таркиби, субъект, предикат, боғловчи, мантиқий квадрат, савол, норма (меъёр), хулоса, дедуктив хулоса чиқариш, силлогизм, энтимема, полисиллогизм, эпихейрема, сорит, индуктив хулоса чиқариш, традуктив хулоса чиқариш, аналогия, исботлаш (далиллаш), мантиқий исбот, раддия, паралогизм, софизм, парадокс, баҳс, аргумент, аргументлаш, муаммо, фараз, назария.
Мавзуда кўриб чиқиладиган муаммолар: мантиқ фанининг объекти ва предмети, тафаккурнинг мантиқий таркиби, билиш босқичлари, мантиқнинг бошқа фанлар билан алоқаси, формал мантиқнинг асосий қонунлари, тафаккурнинг асосий мантиқий шакллари ва улар орасида тушунчанинг ўрни.
1 –савол баёни: «Мантиқ» арабча сўз бўлиб, унинг халқаро муқобили логикадир. Логика грекча logos сўзидан олинган бўлиб, фикр, сўз, ақл, тушунча, фан, қонун маъноларини ифодалайди. Арабча мантиқ атамаси ҳам шу маъноларга эга.
Мантиқ ёки логика термини икки маънода ишлатилади:
1. Нарса ва ҳодисаларнинг муайян тартиби, боғланиши, изчиллиги, улар тараққиёт қонунларининг ўзаро боғланиши (объектив мантиқ ёки нарсалар, ташқи дунё мантиғи) ҳамда тафаккур ёрдами билан вужудга келадиган фикрлар, тушунчалар ўртасидаги ўзаро алоқа, боғланиш ва изчиллик (субъектив мантиқ ёки фикрлар мантиғи) маъноларида. Тафаккур ташқи оламнинг инсон онгидаги инъикоси бўлганлиги сабабли объектив ва субъектив мантиқ узвий алоқадорликни, бирликни ташкил этади.
2. Тўғри фикрлаш, тафаккур қилиш қонунлари, қоидалари, шакллари, усуллари ва методларини ўрганадиган фан маъносида.
Мантиқнинг фан сифатидаги асосий вазифаси ҳақиқий билимларга эришиш шарт-шароитларини ўрганиш, фикрлаш жараёни тузилишини таҳлил қилиш, тўғри муҳокама юритишнинг мантиқий қоида ва методларини ишлаб чиқишдир.
Мантиқнинг илмий-тадқиқот объекти бўлиб билиш усули сифатидаги инсон тафаккури ҳисобланади. Унинг предметини эса инсонни ўраб турган ташқи оламни билиб олишга ёрдам берадиган тафаккур қонунлари, қоидалари, шакллари, усуллари ташкил этади. Мантиқ Фалсафа фани билиш назариясининг таркибий қисми сифатида билиш жараёнининг мантиқий таркибида тафаккурнинг ўрни ва ролини тадқиқ қилар экан, тўғри тафаккурлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Билиш воқеликнинг, шу жумладан, онг ҳодисаларининг инсон миясида субъектив, идеал образлар шаклида акс этишидан иборат. Билиш жараёнининг асосини ва охирги мақсадини амалиёт ташкил этади. Барча ҳолларда билиш инсоннинг ҳаётий фаолияти билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлган, унинг маълум бир эҳтиёжини қондириши мумкин бўлган нарсаларни тушуниб етишга бўйсундирилган бўлади. Билиш жараёнини амалга оширар экан, кишилар ўз олдиларига маълум бир мақсадни қўядилар. Улар ўрганилиши лозим бўлган предметлар доираси, тадқиқот йўналиши, шакллари ва методларини белгилаб беради. Билиш мураккаб, зиддиятли, турли хил даражаларда ва шаклларда амалга ошадиган жараёндир. Билиш деб объектив оламнинг инсон онгида акс этиш жараёнига айтилади. Инсон билиши икки шаклда содир бўлади: Унинг дастлабки босқичини ҳиссий билиш – инсоннинг сезги органлари ёрдамида билиши ташкил этади. Бу босқичда предмет ва ҳодисаларнинг ташқи хусусиятлари ва муносабатлари, яъни уларнинг ташқи томонида бевосита намоён бўладиган ва шунинг учун ҳам инсон бевосита сеза оладиган белгилари ҳақида маълумотлар олинади.
Предмет ва ҳодисаларнинг моҳиятини тушунишга тафаккур ёрдамида эришилади. Тафаккур билишнинг юқори - рационал (лотинча ratio – ақл) билиш босқичи бўлиб, унда предмет ва ҳодисаларнинг умумий, муҳим хусусиятлари аниқланади, улар ўртасидаги ички, зарурий алоқалар, яъни қонуний боғланишлар акс эттирилади. Ақлий (назарий, мантиқий билиш ёки абстракт тафаккур) буюм ва ҳодисаларнинг ички сабаб ва қонуниятларини, моҳияти ва мазмунини ақл, тафаккур ёрдамида билиб олишдир. У билишнинг олий босқичидир. Тафаккур дунёни, буюм ва ҳодисаларни умумлаштирилган, мавҳум, бавосита тимсоллар, тушунчалар, ҳукмлар, хулосалар, назариялар ва билимлар орқали акс эттиради.
Тафаккур уч хил шаклда: тушунча, ҳукм (мулоҳаза) ва хулоса чиқариш шаклларида содир бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |