2-савол баёни: Фикрларимиз тузилиши, қурилишини аниқлаш жараёни формаллаштиришдир. Формаллаштириш жараёни тафаккур шакллари ва қоидаларини турли рамзий, шартли формулалар, схемалар ва белгилар орқали ифодалашдир. У тафаккурнинг шакли билан биргаликда унинг мазмунини ҳам ҳисобга олишни тақозо қилади. Шу боис мантиқ фанининг энг қадимги ва долзарб соҳаси формал мантиқ фанидир. Бу фанга антик даврда юнон мутафаккири Аристотель асос солган. Мантиқ илмининг алоҳида фан сифатида шаклланиши Арастунинг номи билан боғлиқдир. У биринчи бўлиб мантиқ ўрганадиган масалалар доирасини аниқлаб беради. Арастуниннг «Категориялар», «Талқин ҳақида», «Биринчи Аналитика», «Иккинчи Аналитика», «Софистик раддиялар ҳақида», «Топика» номли асарлари бевосита мантиқ масалаларига бағишланган. Унинг «Риторика», «Поэтика» асарлари ҳам мантиқий таълимотининг муҳим таркибий қисмлари ҳисобланади. «Метафизика», «Рух ҳақида» асарларда эса мантиқ масалалари маълум даражада баён қилинган.
Арасту мантиқни «маълум билимлардан номаълум билимларни аниқловчи», «чин фикрни хато фикрдан ажратувчи» фан сифатида таърифлйди. Мантиқнинг вазифаси чин фикрни, хақиқатни аниқлашдир, деб таъкидлайди.
Мутафаккир хақиқатнинг мавжудлигини, объектив ҳарактерини эътироф этган холда, «билимларимизнинг вақеаликка мос келиши – хақиқатдир», деб кўрсатади. У ҳақиқатни аниқлашда нозидлик ва учинчиси истисно қонунларига амал қилиш зарурлигини таъкидлайди.
Формал мантиқ - фикрлашнинг тузилиши ва унинг қонунлари ҳақидаги фандир. Формал мантиқ фикрлашнинг ривожланишини, унинг такомиллашиш жараёнини ўрганишни ўзидан соқит қилади. У фикрлашнинг мантиқий тузилишини, шаклини ўрганади. Инсоннинг фикрлаш шакли, тузилиши турли қонунларга асосланади ва уларни келтириб ҳам чиқаради. Мантиқий шаклларни символлар ёрдамида ифода этиш мумкин. Масалан, «Ҳамма зиёлилар ақлий меҳнат билан шуғулланадилар», «Ҳамма капалаклар ҳашаротдир» деган фикрларнинг мазмуни турлича бўлсада, уларнинг тузилиши, шакли бир хилдир. Шунинг учун уларни «Ҳамма S – Р дир» ёки «Ҳамма а – в дир», деб ифодалаш мумкин.Формал мантиқ ва классик мантиқ тушунчалари синоним тушунчалар бўлиб,унда мулохазалар икки қийматли, яъни чин ёки хато бўлади.
Фалсафий адабиётларда диалектик мантиқ билан формал мантиқ мавжудлиги таъкидланади. Буларнинг биринчиси тафаккур шаклларини уларнинг ривожланишида олиб қараса, иккинчиси уларни шаклланган фикрлар сифатида ўрганади. Шунингдек, диалектик мантиқ тафаккурни унинг мазмуни ва шакли бирлигида олиб ўрганса, формал мантиқ фикрнинг шаклини унинг конкрет мазмунидан четлашган ҳамда нисбатан мустақил ҳолда олиб тадқиқ этади. Шунинг учун диалектик мантиқ фикрларимизнинг тараққиёти, ривожланишини, формал мантиқ эса нисбий турғунлигини акс эттиради. Диалектика фикрлашнинг формал мантиқ қонун – қоидаларига амал қилишни тақазо этади. Диалектика ҳам, формал мантиқ ҳам ҳамма вақт фалсафа таркибида ривожланиб келган. Формал мантиқ ва диалектик мантиқ бир – бирига муқобил методларга асосланади. Улар мустақил таълимот ҳисобланади. Диалектик мантиқ фалсафий метод сифатида, фалсафанинг муҳим таркибий қисми сифатида мавжуд бўлса, формал мантиқ мустақил фан сифатида шаклланган таълимотдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |