Маданият функциялари. Ижтимоий ҳодиса сифатида маданият кўп сонли функцияларни бажаради ва жамият ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Маданиятнинг асосий функцияларига:
маърифий, яъни билиш (эвристик) функцияси;
ахборот (информатив) функцияси;
коммуникатив (алоқа, муносабат, мулоқот ўрнатиш) функцияси;
тартибга солиш (регулятив) функцияси;
баҳолаш (аксиологик) функцияси кабилар киради.
Маданият инсон фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олади, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий кичик тизимларини бирлаштиради. Аммо маданий жараён чегараси цивилизация, унинг меъёрлари билан белгиланади. Маданият цивилизацияда чуқур илдиз отган бўлиб, у билан бир жон ва бир тан ҳисобланади. Маданият ва цивилизациянинг ўзаро алоқаси шу даражада кучлики, аксарият файласуфлар ва олимлар бу тушунчаларни айний деб ҳисоблайдилар.
Демак, маданият – инсоннинг фаолияти жараёни ва унинг оқибатида яратилган моддий ва маънавий қадриятлар бўлиб, шахсни шакллантириш ва камолотида муҳим омил бўлган ижтимоий ҳодисадир.
Қадриятлар назарияси фалсафий билимларнинг илмий тизими сифатида XIX асрнинг иккинчи ярмида Вильгельм Виндельбанд, Рудольф Лотце, Герман Коген, Генрих Риккерт каби немис файласуфларининг асарларида шакллана бошлади. ХХ асрнинг бошида француз файласуфи П.Лапи қадриятлар назариясини ифодалаш учун «аксиология» (юнон. axios - қадрият, logos – фан, таълимот) атамасини муомалага киритди. Кейинчалик аксиология муаммолари феноменология, герменевтика, экзистенциализм ва бошқа фалсафий йўналишларнинг вакиллари томонидан тадқиқ этилди.
Аксиология – фалсафанинг қадриятларни ўрганиш билан шуғулланувчи алоҳида бўлими (юнон. axios - қадриятлар, logos – билим: қадриятлар ҳақидаги фан). Қадриятлар улкан фалсафий аҳамиятга эга. Қадриятлар тушунчаси инсоннинг дунёга бўлган муносабатининг алоҳида жиҳатини намоён этади. Улар инсон фаолияти, жамият ва маданиятнинг ўзига хос хусусиятларини янада теранроқ англаб етиш имконини беради. Қадриятлар инсон ва жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди, чунки инсоннинг ҳаёт тарзини, унинг ҳайвонот дунёсидан ажралиш даражасини айнан қадриятлар тавсифлайди.
Ҳозирги замон фалсафий ва социологик адабиётларида ҳам қадриятларнинг табиати ва моҳиятини тушунишга нисбатан ягона ёндашув мавжуд эмас. Айрим тадқиқотчилар қадриятга инсоннинг маълум бир эҳтиёжини қондиришга ёки унга муайян фойда келтиришга қодир бўлган предмет сифатида; айримлар – идеал, меъёр сифатида; яна бир гуруҳ олимлар – бирон-бир нарсанинг инсон ёки ижтимоий гуруҳ учун аҳамияти сифатида ёндашадилар. Зикр этилган ёндашувларнинг ҳар бири мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга, чунки уларнинг барчаси қадриятларнинг муайян жиҳатини акс эттиради; уларга бир-бирини истисно этувчи ёндашувлар сифатида эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ёндашувлар сифатида қараш керак. Мазкур ёндашувлар синтези ҳозирги замон қадриятлар умумий назариясини ташкил этади.
Қадрият – бу борлиқ ранг-баранг элементларининг объектив аҳамияти бўлиб, уларнинг мазмуни жамият субъектларининг эҳтиёжлари ва манфаатлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |