Ижтимоий кичик тизим. Ижтимоий ишлаб чиқаришда меҳнат тақсимоти ва ихтисослашиш муқаррар тарзда ижтимоий табақаланишга туртки беради, ўзига хос вазифаларнигина бажарадиган, жамиятда маълум мавқега эга бўлган ва ўз манфаатларини илгари сурадиган нисбатан мустақил ижтимоий бирликлар ва гуруҳлар вужудга келишига сабаб бўлади. Шуни таъкидлаш лозимки, ижтимоий табақаланиш ва одамлар ўртасидаги тенгсизлик жамиятнинг табиий ҳолатидир.
Ижтимоий тенгсизлик вужудга келиши ва жамиятнинг ривожланишида мулк институти алоҳида рол ўйнаган. Мазкур институт вужудга келиши билан одамларнинг мулкий тенгсизлик билан боғлиқ табақаланиши кучайган. Алоҳида касбий фаолият сифатида ақлий меҳнат билан шуғулланадиган кишилар пайдо бўлган. Мазкур жараёнлар меҳнат тақсимотини фаоллаштирган. Айрим гуруҳларнинг алоҳида ажралиб чиқишига, бошқаларининг турли ҳамжамиятларга бирлашишига туртки берган. Ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий тузилиши мазкур жамият тарихининг маълум давридаги муайян-тарихий ижтимоий бирликлар ва гуруҳларнинг ўзаро муносабатлари, ҳамда мазкур муносабатларни тартибга солувчи махсус институтлар ва муассасалар мажмуи билан тавсифланади.
Ижтимоий бирликлар ва гуруҳлар ижтимоий тузилманинг муҳим элементи ҳисобланади. Улар кишиларнинг умумий ижтимоий белгилари мавжудлиги билан ажралиб турадиган бирлашмаларидир. Ижтимоий бирликлар ва гуруҳлар турли асосларга кўра таснифланади. Жумладан, катта ва кичик ижтимоий гуруҳлар фарқланади. Кичик гуруҳ аъзоларининг яқинлиги, алоқаларнинг мустаҳкамлиги, муносабатларнинг норасмийлиги, бевосита шахсий алоқалар ўрнатилгани, умумий қадриятлар ва хулқ-атвор қоидалари амал қилиши билан тавсифланади. Кичик гуруҳга корхона, муассасанинг меҳнат жамоаси, оила мисол бўлиши мумкин. Жамоа – умумий фаолият, манфаатлар ва хулқ-атвор қоидаларининг бирлиги белгисига кўра уюшган кичик ижтимоий гуруҳ (масалан, меҳнат, ўқув, ҳарбий, спорт коллективлари). Оила – жамиятнинг никоҳга ёки қон-қариндошликка асосланадиган муҳим институти. Оилавий муносабатлар насл қолдириш учун зарур шарт-шароитлар яратадиган ва болаларни тарбиялаш, уларга жамиятнинг маданий анъаналарини сингдиришга қулай замин ҳозирлайдиган шахслараро ўзаро алоқаларнинг норасмийлиги билан ажралиб туради. Оилавий муносабатлар қариндошлик алоқалари билангина чекланмайди: улар оила аъзоларининг бир-бири олдида ўзаро маънавий жавобгарлиги, биргаликдаги меҳнат ва туриш-турмуш ҳамда улар билан боғлиқ бўлган ва ҳуқуқ билан тартибга солинадиган мулкий муносабатлар билан мустаҳкамланади.
Катта ижтимоий гуруҳлар – тарихий ривожланиш жараёнида вужудга келадиган синфий, этник, ҳудудий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа гуруҳлардир. Улар шахс ва жамият ҳаётида жуда муҳим рол ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |