Сиёсий кичик тизим. Ривожланган ижтимоий тизимга эга бўлган жамиятда ижтимоий, этник ва диний табақаланишнинг кучайиши муқаррардир. Мавжуд мавқеидаги туб ўзгаришлардан келиб чиқадиган қарама-қарши манфаатларни кўзловчи ижтимоий бирликлар ва гуруҳлар мавжудлиги уларнинг ўртасида сиёсий муносабатлар юзага келишига сабаб бўлади. Бу манфаатларни мувофиқлаштириш зарурияти жамият сиёсий тизимининг тузилиши ва функцияларини белгилайди.
Сиёсий тизим жамиятда сиёсий муносабатларни тартибга солувчи давлат ва сиёсий ташкилотлар, институтлар ва муассасалар мажмуидир. Сиёсий тизим мураккаб тузилишга эга. Жамиятда фуқароларга нисбатан қонунийлаштирилган мажбурлов чораларини қўллаш йўли билан ўзининг сиёсий муносабатларни тартибга солиш борасидаги функцияларини амалга оширувчи давлат сиёсий тизимнинг бош элементи ҳисобланади. Давлат жамиятнинг муҳим ижтимоий-сиёсий институти бўлиб, муайян ҳудудда унга олий ҳокимият ваколатлари берилади. Бу ваколатлардан давлат одамлар, уларнинг гуруҳлари ва бирлашмалари хулқ-атворини бошқариш учун фойдаланади. Давлатнинг асосий белгилари:
1. Жамиятдан ажратилган халқ ҳокимияти. Ҳокимият – бир субъект (ҳокимият бошлиғи)нинг ўз ҳукми остидаги фуқароларга буйруқлар бериш, уларнинг бажарилиши устидан назорат олиб бориш ва уларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан санкциялар қўллаш имконияти;
2. Суверенитет, яъни ўз мамлакати ҳудудида олий ҳокимиятга тўлиқ эгалик қилиш ва ташқи сиёсатда мустақиллик;
3. Ҳокимият чиқарган қонунлар ва унинг ваколатлари амал қилинадиган ҳудуд;
4. Бутун аҳоли учун мажбурий саналган қонунлар ва нормалар қабул қилиш мутлақ ҳуқуқи;
5. Давлат хизмати ходимлари, қуролли кучлар, мажбурлов органлари ва ҳоказоларни таъминлаш учун аҳолидан солиқлар ундириш ҳуқуқи.
Давлатнинг бошқарув шакли (яъни ҳокимиятни ташкил этиш усули) ва давлат қурилиши шакллари мавжуд. Бошқарув шаклларига кўра монархия ва республика фарқланади. Монархия қуйидаги белгилар билан тавсифланади: биринчидан – ҳокимият бир шахсга қарашли бўлади; иккинчидан – давлат бошлиғига ҳокимият мерос бўлиб ўтади. Давлат бошлиғининг ваколатлари ҳеч қандай конституциявий нормалар билан чекланмайдиган мутлақ монархиялар ва монарх ваколатлари конституция билан чекланадиган конституциявий монархиялар фарқланади. Республиканинг асосий хусусияти шундан иборатки, унда ҳокимият манбаи халқ ҳисобланади, зеро давлатнинг олий органларини халқ сайлайди. Парламент, президентлик республикалари ва аралаш республикалар фарқланади.
Парламент республикаси ҳукуматни парламент кўпчилиги тамойилига кўра шакллантиришни назарда тутади: қайси партия парламентда кўпчиликни ташкил қилса, шу партия парламентга ҳисобдор бўлган ўз ҳукуматини шакллантиради.
Президентлик республикаси давлат бошлиғи ва ҳукумат бошлиғи вазифаларини президент бажариши билан тавсифланади.
Аралаш республика (ярим президентлик республикаси)да кучли президентлик ҳокимияти ҳукумат фаолияти устидан парламентнинг самарали назорати билан уйғунликда амал қилади.
Давлат қурилиши шаклига кўра унитар, федератив ва конфедератив давлатлар фарқланади. Маъмурий бирликлари ўз давлатчилигига эга бўлмаган ягона, сиёсий жиҳатдан бир жинсли давлат унитар давлат ҳисобланади. Федерация – сиёсий субъектлар (штатлар, ерлар, федерация субъектлари ва ш.к.), ўз конституциялари, қонунчилик, ижро ва суд органларига эга давлатлар уюшмаси. Уларнинг мустақиллиги марказ билан федерация таркибига кирувчи субъектлар ўртасида ваколатларнинг тақсимланиши билан белгиланган чегараларга мувофиқ чекланади. Давлатлараро бирлашманинг алоҳида шакли конфедерация бўлиб, у мустақил давлатлар муайян ўзаро мақсадларга эришиш учун тузган доимий уюшмадир.
Ҳозирги давлатларнинг аксарияти ўз фаолиятини конституцияга мувофиқ амалга оширади. Конституция – сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тузум асосларини, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва бурчларини, асосий давлат органларини таркиб топтириш механизми ва уларнинг фаолият тамойилларини, сайлов тизими асослари ва ҳоказоларни мустаҳкамловчи давлатнинг асосий қонуни. Конституция бошқарув ва давлат қурилиши шаклини белгилайди.
Сиёсий тизим мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этувчи турли-туман партиялар, ҳаракатлар, ташкилотлар, институтлар, диний муассасалар ва таъсир гуруҳлари мажмуини ҳам ўз ичига олади. Сиёсий ташкилотлар давлат тузилмаларининг шаклланишига таъсир кўрсатади, ўз фаолияти дастурларини белгилайди, ижтимоий бирликлар ва гуруҳларнинг манфаатларини тегишли шиорлар, ижтимоий лойиҳаларда ифода этади ва уларни амалга оширишда қонуний воситалар билан иштирок этади. Уларнинг фаолияти ўз гуруҳларининг ўзгаларнинг манфаатларига зид бўлган ёки уларни камситадиган манфаатларини рўёбга чиқариш зарурияти билан белгиланади. Шу сабабли партиялар ва ҳаракатлар ҳокимият обрўсига таянади. Ҳокимиятнинг аралашуви зиддиятларни тартибга солиш, манфаатларни мувофиқлаштиришга кўмаклашади.
Жамиятнинг юқорида санаб ўтилган кичик тизимлари ўзига хос вазифаларни бажаради ва бир-бири билан алоқа қилади. Ҳозирги замон фалсафасида етакчилик қиладиган қарашга мувофиқ жамиятнинг яхлит тавсифи цивилизация ва маданият тушунчаларида берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |