Формацион назария К.Маркс номи, у ишлаб чиққан жамият ҳақидаги таълимот билан боғлиқ. Умуман олганда, Маркс ўз давридаги глобал тасаввурларга, хусусан, Гегелнинг умумий қонуниятлар ҳамда ягона йўналишга эга бўлган жаҳон тарихи ҳақидаги ғояларга эргашган эди. Бу тасаввурлар тарихга материалистик ёндошув асосида қайта ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра инсоният тарихи табиий, ўз ички қонуниятларига эга бўлган, яъни кишилар онгига боғлиқ бўлмаган ҳолда содир бўладиган формацияларнинг алмашиниш жараёнидан иборат. Формация деганда қандайдир эмпирик жамият (инглиз, француз ёки бошқа) геополистик ҳамжамият (Шарқ, Ғарб) эмас, балки жамият ижтимоий тузилмасининг негизини ташкил этувчи умумият тушунилади. Яъни, формация – жамиятнинг муайян тарихий типидир. Ҳар бир формациянинг асосини ўзига хос ишлаб чиқариш усули ташкил этиб, унинг структурасида ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқариш қуроллари, уларнинг ривожланиш даражаси ва характери муҳим аҳамият касб этади. Улар ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари билан боғлиқ бўлиб, ишлаб чиқариш муносабатлари сиёсий, ҳуқуқий устқурмага, шунингдек, ижтимоий онгнинг бошқа шаклларига нисбатан асос, базис ролини ўйнайди.
Формацион таълимотга кўра, жамият қуйи шаклдан юқори шаклларга, ибтидоий жамоа тузумидан қулдорлик жамияти орқали феодализмга, ундан капитализмга ҳамда энг олий мақсад, инсониятнинг «олтин» асри коммунизмга қараб ҳаракат қилади. Бир формациядан иккинчисига ўтиш янги ишлаб чиқариш кучлари ва эскириб қолган ишлаб чиқариш муносабатлари ўртасидаги зиддиятлар ҳамда ихтилофлар натижасида юзага келадиган ижтимоий инқилоб орқали содир бўлади.
XIX асрнинг охири – ХХ аср ўрталарига келиб, формацион таълимот нафақат ижтимоий назария бўлибгина қолмай, балки кучли эътиқодга таянган мафкуравий таълимот даражасига кўтарилди. Социалистик тизим инқирозга юз тутгандан сўнг формацион таълимот танқиди айниқса постсоциалистик маконда янада кенгроқ ва кескинроқ тус олди. Ҳозирги замон тарихини, капитализм ривожи истиқболларини англашда, формацион таълимот хулосаларининг ҳақиқатга мос келмаслиги, «реал социализм» мамлакатларида амалга оширилган кенг қамровли социалистик тажрибанинг муваффақиятсиз интиҳоси макрсистча тарихий концепциянинг танқидида ҳал этувчи аргумент бўлди.
Формацион ёндошувдан фарқ қилиб, цивилизацион ёндошув ягона, яхлит тизимга туширилган таълимот сифатида шаклланган эмас. «Цивилизация» тушучаси (лот. civilize – фуқароларга, давлатга хос) илк бор XVIII асрда европалик маърифатпарварларнинг асарларида қўллана бошлади. У жиддий эволюцияга юз тутиб, ҳозирги пайтгача бир қанча маъноларда қўлланилади1. Дастлабки даврларда у табиат олами тузилишидан фарқли равишда умуман инсониятни, унинг ижтимоий тузилишини англатган ва бирлик шаклда ишлатилган. Кейинчалик у ёввойилик ва жоҳилликдан кейин келувчи ижтимоий ривожланиш босқичини билдирган. Cўнгра у қадриявий хусусият касб этиб, маданият тушунчасига, айниқса, индивидуал ва ижтимоий хулқ-атвор нормативларига сингиб кетган маънавий маданият, яъни кишилар, халқларнинг менталлиги маъносига яқинлашиб қолди. Америкалик олимлар А.Кребер ва К.Клакхан 1952 йилда «маданият» терминининг 164 та таърифини эълон қилдилар ва кўп ҳолларда уни «цивилизация» термини билан бир қаторда қўлланилганлигини қайд этдилар2. «Цивилизация» ва «маданият» тушунчалари кўпинча синонимлар сифатида ишлатиб келинди.
XIX асрнинг иккинчи ярмидан цивилизация тушунчасини бутун бир халқлар ва мамлакатларнинг ривожланган ҳолатига, «олий даражадаги маданий тузилмалар»га татбиқан, кўплик шаклида қўлланила бошланди. 1861 йилда Зальцбургда инсоният цивилизацион ривожининг ранг-барангли назариясини, тарихга маданий-тарихий ёки цивилизацион ёндошувни шакллантира бошлаган маданий-тарихий мактаб пайдо бўлди. Н.Я. Данилевский (1822-1865), О.Шпенглер (1880-1936), А.Тойнби (1889-1975), П.А.Сорокин (1889-1968) ва бошқалар ушбу мактабнинг машҳур намоёндалари эди. Уларнинг ҳар бири «цивилизация» терминига ўз талқинларини берганлар: Данилевский – «маданий-тарихий типлар», Шпенглер – «Етук маданиятлар», Тойнби – «Локал цивилизациялар», Сорокин – «Маданий суперсистемалар» ғояларини илгари суришган. Уларнинг ичида энг оммавийлашгани «локал цивилизациялар» термини бўлди.
Шундай қилиб, цивилизация – тарихнинг маданий-тарихий концепцияси нуқтаи назаридан, - социомаданий асосга кўра бир-биридан фарқ қилувчи мамлакат ва халқларнинг йирик ҳамда узоқ давом этадиган мустақил умумияти бўлиб, уларнинг ўзига хослиги табиий, охир-оқибат ҳаётнинг объектив шароитлари, шунингдек, ишлаб чиқариш усулига боғлиқ бўлади. Бу умумиятлар вужудга келиш, шаклланиш, инқироз ва барҳам топиш босқичларини босиб ўтдилар.
ХХ асрнинг охирларига келиб, айрим аналитиклар томонидан дунёнинг икки ярим шарли тузилиши ва тарихнинг мегациклик (мегадаврий) характери концепцияси илгари сурила бошлади3. Бу таълимотнинг заминида инсоният тарихини аввал бошданоқ Шарқ ва Ғарбга бўлинган социомаданий тизимлар тарзида талқин этиш ғояси ётади. Машҳур немис файласуфи К.Ясперс (1883-1969) ёзишича: «Дастлабки қутбланиш (Шарқ ва Ғарб) турли кўринишларда асрлар давомида ҳаётийлигини сақлаб келган… Юнонлар ва форслар, Рим империясининг Ғарбий ва Шарқийга бўлиниши, ғарбий ва шарқий христианлик, ғарб дунёси ва ислом, Европа ва Осиё – булар бирининг ўрнини бошқаси кетма-кет эгаллаган ушбу қарама-қаршиликнинг тимсолларидир…»4.
Бу нуқтаи назарнинг тарафдорлари таъкидлашича, узоқ ўтмишдаёқ Шарқ ва Ғарб ўртасида муайян меҳнат тақсимоти вужудга келган. Улардан биринчиси – маънавий ташаббуслар билан чиққан бўлса (буюк жаҳон динларининг айнан Шарқда пайдо бўлганлиги ҳам бежиз эмас), иккинчиси – инновацион ғояларни илгари сурган. Инсониятни Шарқ ва Ғарбга ажратишни улар инсон миясини чап ва ўнг яримшарларига бўлиниши билан қиёслайдилар.
Тарих фалсафасида тарихий тараққиёт ғояси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Тараққиёт ривожланиш жараёнининг қуйидан юксакка, норасо ҳолатдан баркамол ҳолатга ўтиш билан тавсифланувчи йўналишини англатади. Тараққиёт тушунчаси жамиятга татбиқан (бу ҳолда ижтимоий тараққиётни назарда тутилади) ва унинг айрим элементларига, жамиятнинг тузилиши ёки бошқа параметрларига татбиқан (бу ҳолда фан-техника тараққиётини, маънавий соҳадаги, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги тараққиёт назарда тутилади) сўз юритиш мумкин.
Тараққиёт мезонларини аниқлаш ижтимоий тараққиёт назариясининг баҳсли масаласи ҳисобланади. XVII аср мутафаккирлари инсон ақлини тараққиёт мезони деб ҳисоблаганлар. Кейинчалик ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларининг ривожланиш даражаси шундай мезон сифатида эътироф этилган. Ҳозирги вақтда тараққиётнинг асосий мезонлари сифатида кўпинча ижтимоий-сиёсий, мафкуравий, гуманистик ва бошқа мезонлар қайд этилади. Бу мезонлар ёрдамида у ёки бу ижтимоий тизимлар, сиёсий режимлар, ижтимоий ҳаракатларнинг прогрессивлик даражасини аниқлаш мумкин.
Жамият ҳаёти тузилмасининг 4та асосий соҳалари, яъни жамиятнинг муҳим кичик тизимлари: иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий кичик тизимлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |