XIV класс- Кредитларни суғурта қилиш: Суғурта қилдирувчининг дебитори ночорлиги (банкротлик) ёки дебиторнинг суғурта қилдирувчи олдидаги қарзларни қайтариш мажбурияти бажарилмаслиги (ночорликдан ташқари) натижада суғурта қилдирувчи зарар кўрганда суғурта қопламаси тўланишини таъминловчи суғурта турлари.
XV класс- Кафолатликни (кафолатларни) суғурта қилиш:Суғурта қилдирувчининг ўзига берган кафолатни бажариши мажбурияти натижасида суғурта қилдирувчи зарар кўрганда суғурта қопламаси тўланишини таъминловчи суғурта турлари.
XVI класс- Бошқа молиявий таваккалчиликлардан суғурта қилиш: б) олдиндан назарда тутилмаган харажатлар натижасида суғурта қилдирувчи зарар кўрганда (17-классда кўрсатилгандан ташқари);
в) шартномалар тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш натижасида мазкур даражанинг а) ва б) бандларида кўрсатилгандан бошқа нобудгарчиликларга учраганда суғурта қопламаси тўланишини таъминловчи суғурта турлари.
XVII класс- Ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ харажатларни суғурта қилиш:Суд муҳокамаси билан боғлиқ кўрилган харажатлар натижасида суғурта қилдирувчи зарар кўрганда суғурта қопламаси тўланишини таъминловчи суғурта турлари.
Европа иттифоқи мамлакатларида Ассистанс деб номланган суғурта тармоғи ҳам бор.
Ҳозирги пайтда Шимолий Европа мамлакатлари суғурта бозорида ўзаро рақобат кураши ва суғурта ташкилотларини ўзаро бирлашиши жараёнлари кечмоқда. Бу жараёнлар Европанинг бошқа давлатларига ва АҚШга ҳам хосдир. Айниқса, мулк ва жавобгарлик суғуртаси соҳасида юз бераётган қаттиқ рақобат суғурта тарифларини кескин тушишига олиб келаяпти ва бу ҳолат уларни стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақоза этмоқда. Мулк ва жавобгарлик суғуртасини амалга оширадиган баъзи суғурта ташкилотлари ҳаёт суғуртасига ихтисослашиши кузатилмоқда. Шимолий Европа мамлакатлари ёки бошқача айтганда Скандинавия мамлакатлари суғурта бозорида йирик халқаро қайта суғурталовчи компанияларнинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши унчалик бақувват бўлмаган маҳаллий қайта суғурталовчи компанияларни молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатяпти.
«Стэндарт инд Пуэр» рейтинг компанияси фикрига кўра, Скандинавия давлатлари бўлмиш 5 та давлатда (Дания, Швеция, Норвегия, Финландия, Исландия) суғурта мукофотлари ҳажмини ошириш жуда қийин. Кейинги пайтларда денгиз суғуртаси ва унга тааллуқли бўлмаган умумий суғурта бозорида жиддий рақобатни ўз бошидан кечираётган бир қатор суғурта ташкилотлари ҳаёт суғуртасига ихтисослашмоқда. Хусусан, Швециянинг «Скандия» суғурта жамияти қайта суғурта қилиш соҳасидан воз кечиб, асосан ҳаёт суғуртасини амалга оширишга киришди. Ҳаёт суғуртаси соҳасида суғурта ташкилотлари ва банкларнинг ҳамкорлиги кучайиши кузатиляпти. Жумладан, 1997 йилда Швецияда «Тригг Ханс» суғурта ташкилоти ва «СЕБанкен» банкини бирлашиши ушбу суғурта турини ривожлантириш имкониятини берди.
Айни чоғда банк ва суғурта ташкилотларининг суғурта соҳасидаги ҳамкорлиги Норвегияда ҳам шаклланяпти. «Гьенсидиге» ўзаро суғурта жамияти «Юнион бэнк оф Норвей» банки билан бирлашди. Бундан фарқли равишда Финландияда банклар ҳаёт суғуртаси билан шуғулланадиган шўъба корхоналарини ташкил этишган.
Шимолий Европа мамлакатларида тарихан суғурта бозори бўлиниб олинганки, унда чет эл суғурта ташкилотларининг улуши кичик миқдорни ташкил этади. Шуниси қизиқарлики, яқин йилларгача Финландияда чет эл суғурта ташкилотларини фаолият кўрсатишига жиддий тўсиқлар мавжуд эди. Бу мамлакатда 1950 йилдан фақат «Ингосстрах» ваколатхонаси ва Буюк британиянинг «Коммершиал Юнион» суғурта ташкилоти фаолият кўрсатган. Кейинчалик, Финландия бозорида фаолият юритиш учун «Сигна», «АИГ» ва «Тригг Ханс» чет эл суғурта компанияларига лицензия берилган. Улар фақат ушбу мамлакатда мавжуд бўлган ўзларига қарашли хорижий фирма ва компанияларнинг мол-мулкини ва жавобгарлигини суғурта ҳимоясига олиш билан шуғулланиб келяпти. Ҳозирги пайтда Шимолий Европа мамлакатларида 374 та суғурта ташкилоти бўлиб, уларнинг 150 таси ҳаёт суғуртасига ихтисослашган.
Суғурта ташкилотлари сонининг кўп бўлишига қарамасдан суғурта мукофотларининг катта қисми бир нечта йирик суғурта компаниялари томонидан йиғиб олинади. Масалан, Швецияда суғурта мукофотларининг 80 фоизи «Скандия» ва «Тригг Ханс» суғурта ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади. 2004 йилда 5 та давлат суғурта ташкилотлари томонидан жами 74,6 млрд.долл. ҳажмида суғурта мукофотлари йиғиб олинган.