2-савол баёни: Мавжуд олам ривожланишининг муайян ҳолатларини ифодалайдиган тартиблилик ва тартибсизлик, яъни қонун ва хаос тушунчалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу масала хусусида фалсафа тарихида турлича ғоялар илгари сурилган. Қадимги мифологик, диний-фалсафий қарашларда оламнинг дастлабки тартибсизлик – хаос ҳолати мавжудлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилган. Масалан, хитойлик замондош олимлардан бири Юань Кэ ўзининг “Қадимги хитой афсоналари”(М., 1965) номли китобида хитой халқининг афсонавий-диний дунёқарашини таҳлил қилади. Бу афсоналарга кўра, дунёнинг дастлабки ҳолати Хаос – тартибсизлик бўлиб, сўнгра икки қарама-қарши куч – Янь (осмон қудрати) ва Инь (ер қудрати) ўртасидаги муносабат туфайли хаоснинг бўйсундирилиши ва дунёнинг тартибланиши юз берди. Дунёнинг тартибли тузилишининг асосида бошланғич беш унсур (сув, олов, ҳаво, дарахт ва тупроқ) кўрсатилади. Бу унсурлар асосида табиатнинг беш хил ҳодисаси – ёмғир, қуёшнинг товланиши (уфқ), иссиқ харорат, совуқлик, шамол талқин қилинади.
Қадимги Хитойдаги Конфуций фалсафасида ҳам оламнинг тузилиши, инсон ва жамият тақдири осмонга, яратувчи илоҳий кучга боғлиқ деб кўрсатилади. Унинг таълимотича Ли деган тушунча алоҳида аҳамият касб этади. Ли – тартиб, қоида, қонун деган маънони англатади. Конфуций жамиятнинг қатъий тартибли иерархик тузилишини ҳимоя қилади ва Ли – жамият равнақининг асоси, деб ҳисоблайди.
Ҳозирги замон фалсафасида синергетика ривожланишнинг эволюциявий тамойилини асос қилиб олади. Эволюцион ривожланиш борлиқнинг умумий қонуни бўлиб, ўз-ўзидан ташкиллашув, ўз-ўзини бошқариш, тартибсизликдан тартибланиш асосидаги мураккаб жараён сифатида намоён бўлади. Ўзлигини шакллантириш, ўз-ўзидан ташкиллашув – унсурларнинг ўзаро таъсири натижасида тизимда янги тартиб ёки тузилма вужудга келиш жараёнидир. Синергетикада ўз-ўзидан ташкиллашув деб мувозанатда, муайян уйғунликда бўлмаган очиқ тизимларнинг оддий ташкиллашувдан мураккаб ташкиллаштирилган ҳолатларга спонтан тарзда ўтиш жараёни тушунилади. Қайд этиладики, ривожланиш тартибсизлик (хаослик) туфайли амалга ошади. Ҳозирги фанга маълум бўлишича, кўпгина тизимларнинг ривожланиши ночизиқли моҳиятга эгадир, бу ҳолда ҳар бир тизимнинг эволюциявий жараёнида кўп вариантлик ривожланиш имкониятлари мавжуд ва улар қайтарилмаслик табиатига эга. Шу тариқа тартибсизлик (хаослик) туфайли амалга ошувчи ривожланишда ўз-ўзидан ташкиллашув юз беради. Ўз-ўзидан ташкиллашув эса тартибланиш асосидир. Синергетикада тартибсизликдан тартибланиш ғоясининг мазмуни ана шунда.
Ривожланиш жараёнига хос тартиблилик ва тиртибсизликдан тартибланиш жараёнлари фалсафада қонун тушунчаси орқали ифодаланади. Оламда нарса ва ҳодисаларнинг ўзгариши ва ривожланиши уларнинг ўзаро алоқадорлиги ва боғланишлари асосида содир бўлади. Ривожланиш ва ўзаро алоқадорлик қонунларда намоён бўлади.
Энг умумий шаклда қонун – оламдаги турли хил нарсалар ва ҳодисалар, воқеа ва жараёнлар ўртасидаги тартиблашган муносабатлар, ўзаро алоқалар демакдир. Лекин қонун барча муносабатларни ифодалайди, деган хулоса чиқармаслик керак.
Олам ривожланишининг, табиат ва жамиятнинг ҳар қандай қонуни учта муҳим томони билан характерланади: 1) Қонун объектив асосга эга бўлиб у оламдаги турли хил нарса ва ҳодисалар, воқеа ва жараёнлар ўртасидаги муҳим, зарурий, умумий ва нисбий барқарор (доимий) алоқадорликларни ифодалайди; 2) Қонун хусусий характерга эга бўлиб воқеалар ривожланишининг қатъий натижасини, муайян йўналишини белгилаб беради; 3) Қонун маълум бир шарт-шароитларда намоён бўлади, нарса ва ҳодисаларнинг мавжудлиги ҳамда ривожланиши учун мажбурий, зарурий ҳисобланади.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда қонунга қуйидагича таъриф бериш мумкин: Қонун – муайян шарт-шароитда воқеалар ривожланишининг характери ва йўналишини белгилайдиган, маълум бир қатъий натижани тақозо этадиган объектив дунёдаги нарса ва ҳодисаларнинг муҳим, зарурий, умумий, нисбий барқарор муносабатлари, ўзаро алоқадорликларидир.
Мавжуд воқеликнинг қонунлари ниҳоятда хилма-хилдир. Табиат қонунлари, жамият ривожланиши қонунлари ва маънавий олам (хусусан тафаккур) қонунлари объектив жараёнларни акс эттиришига қараб бир-биридан фарқ филади. Табиат қонунларини табиатшунослик фанлари, жамият қонунларини жамиятшунослик фанлари, маънавий олам ривожланиши қонунларини маънавиятшунослик фанлари ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |