5-БОБ. Давлатнинг сиёсий режими (тартиби)
5.1. Сиёсий режим (тартиб) тушунчаси ва белгилари.....
5.2. Сиёсий режим (тартиб) турлари....
5.3. Ўзбекистон Республикаси сиёсий режими (тартиби) ...
5.1. Сиёсий режим (тартиб) тушунчаси ва белгилари
Давлатлару ёки бу типларга тааллуқли бўлишидан, шунингдек ўзига хос бошқарув шакли ва давлат тузулишига эга бўлишларидан ташқари бир биридан ўзларининг рижимлари билан ҳам фарқ қилади.
Илмий манбаларда давлат режимининг бир неча тушунчалари мавжуд. Уларнинг энг кўп тан олингани - сиёсий (давлат) режим(и) – бу сиёсий (давлат) ҳокимиятни амалга оширишда ишлатиладиган усул, метод ва воситалар йиғиндисидир.
Бирор бир типдаги давлат моҳиятида юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар энг аввал унинг режимида акс этади, сўнгра бошқариш шакли ва тузилиш шаклига таъсир кўрсатади.
Адабиётларда “сиёсий режим” ёки “давлат режими” деган ифодалар қўлланилади. Айрим муаллифлар “сиёсий режим”нинг маъноси “давлат режими”га қараганда кенгроқ, деб ҳисоблаб, у нафақат давлат томонидан сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш усул, метод ва воситаларини, балки сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий ҳаракатлар ва ҳ.к.нинг ҳам шундай фаолиятини қамраб олади, дейишади. Аслида бу ифодаларни бир хил маънода ишлатиш хато ҳисобланмайди, яъни уларнинг орасида фарқ мавжуд эмас.
Сиёсий режим давлат сиёсий тизимнинг динамик (ҳаракатланувчи), функционал (бажарувчи) тавсифидир. Шу боис “сиёсий режим” ва “ҳуқуқий тизим” бир бири билан яқин боғлиқдир. Агар “сиёсий режим” жамият сиёсий ҳаётида иштирок этувчи ҳамда сиёсий ҳокимиятни амалга оширувчи барча институтлар мажмуасини англатса, “сиёсий тизим” мазкур ҳокимият қандай рўёбга чиқарилиши, ушбу институтлар қандай амал қилишини - демократикми ёки нодемократикми – билдиради.
Давлат режими давлат шаклини эътиборли миқёсда индивидуаллаштиради (ўзига хослик беради), шу шаклнинг давлат-ҳуқуқий механизмлардаги ролини ҳамда ижтимоий-сиёсий аҳамиятини белгилайди.
Давлат режими тавсифини ҳисобга олмасдан туриб нафақат давлатнинг моҳияти ва мазмунини, балки у ёки бу мамлакатда давлатнинг ижтимоий-сиёсий қимматини тушуниш мумкин бўлмайди. Шу нарсани ҳисобга олмасдан монархия ҳукмида бўлган айрим давлатларда (масалан, Буюк Британия, Голландия, Швеция) нега давлат ва жамоат тузуми айрим республикалардагига (масалан, 30-40- йиллардаги Германия ёки 70-йиллардаги Чили) қараганда анча демократлироқ, деган саволга жавоб топиб бўлмасди. Шу боис давлат шаклини, қолаверса унинг бошқа атрибутларини ҳаққоний белгилашда давлат режими асос бўлиб ҳисобланади.
Маълум маънода “сиёсий режим” тушунчаси “давлат бошқаруви стили“ тушунчасини ҳам ифода этади. Бошқариш стили оқилоналик ва самарадорлик нуқтаи назаридан давлат бошқариш технологиясини англатса, сиёсий режим давлат бошқарувининг сиёсий томонини, яъни ҳокимият ҳақиқатда кимларга тегишли эканлигини, уни қўлда ушлаб туриш ва эгалик қилиш усулларини, унинг одамларга (халққа) таъсир кўрсатиш механизмларини билдиради.
Сиёсий режим сиёсий ҳокимиятнинг барқарорлигини ва маълум даражада тартибга солинганлигини, сиёсат субъектларининг бошқарувчанлигини, ҳокимият учун маъқул бўлган сиёсий муносабатларнинг ҳаракати ва йўналишини, давлат ҳокимияти мақсадларига эришишини таъминлайди.
Сиёсий режим ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ривожланганлиги ва мароми, ҳукмрон элитанинг туркумлашганлиги, бюрократия билан муносабатлар ҳолати, ижтимоий-сиёсий ананалар ривожланганлиги, жамиятда сиёсий онг, хулқ-атвор, лигитимлик типининг ҳукмронлиги даражаси билан аниқланади.
“Сиёсий режим” тушунчаси қуйидаги параметр(белги)ларни ўзида қамраб олади:
халқнинг сиёсий ҳокимиятни шакллантириш механизмларида иштирок этиши, шунингдек шакллантириш жараёни ўзининг даражасини;
инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг давлат ҳуқуқлари билан нисбатини; ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланганлигини;
жамиятда ҳокимиятни амалга ошириш реал механизмлари тавсифини; сиёсий ҳокимиятни бевосита ҳалқ томонидан рўёбга чиқариш даражасини;
оммавий ахборот воситалари аҳволи, ошкоралик даражаси, давлат аппарати очиқлигини;
жамият сиёсий тизимида нодавлат тузулмаларининг ўрни ва роли, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари нисбатини;
сиёсий хулқ-атвор типи; сиёсий сардорлик тавсифи;
сиёсий ҳокимиятни амалга оширишда маълум методлар (ишонтириш, мажбурлаш ва ҳ.к.) етакчилигини;
давлат “куч” тузулмалари (армия, полиция, хавфсизлик органлари ва ҳ.к.)нинг сиёсий ва юридик ҳолати ва жамиятда ролини;
сиёсий плюрализм, шунингдек кўппартиявийлик даражасини.
Давлат режими ўз ўзидан вужудга келмайди. У бир қатор субъектив ва объектив факторлар таъсири остида юзага келади ва ривожланади. Уларнинг ичида турли-туман иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа факторлар бўлиши мумкин. Бинобарин, иқтисодиётнинг тавсифи (режали, бозор, марказлаштирилган ва ҳ.к.); жамият ривожланишиниг даражаси; унинг умумий, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти; давлат типи ва шакли; тарихий, маданий ва бошқа ананалар шулар жумласидандир. Шу ва шунга ўхшаш бошқа факторлар объектив факторларга киради. Шу билан бирга давлат режими шаклланиши ва мавжуд бўлишида субъектив факторлар ҳам катта роль ўйнайди. Субъектив фактор ичида одатда халқнинг ёки миллатнинг руҳи ёки эрки, деб аталмиш фактор ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
Миллат ёки халққа нисбатан “руҳ ва эрк” категориясини қўллаш умуман олганда мумкин бўлиб, ноаниқ ва шу билан бирга нозик табиатга эга. Чунки, ҳар қандай миллат ёки халқда кучли, енгилмас эркни (ғалабага, эркинликка ва ҳ.к.) ёхуд эрксизликни; эрксеварлик ёки манқурдликни; аниқ мақсадга интилиш ёки мақсади ноаниқликни; кучли манманлик ёхуд ҳолсизликни кўриш мумкин. Қадимдан бу ҳолатлар файласуфлар, юристлар, тарихчилар ва социологларнинг тадқиқот объекти бўлиб келган. Улар шу факторлар таҳлили асосида давдат режимини тушунишга ҳаракат қилиб келганлар.
Қадимги олимлар Рим давлати (империяси) гуллаб яшнаган даврларда рим халқининг руҳи ва эрки қандай бўлганлиги билан жуда кўп қизиққанлар. Шундай қизиқиш Х1Х асрда яшаган таниқли немис юристи Рудольф Иерингда ҳам мавжуд бўлиб, у ўзининг “Турли хил ривожланиш босқичларида рим халқининг руҳи” асарида халқ руҳи асосида рим давлатининг мазмуни ва давлат режимининг тавсифини тушунишга ҳаракат қилган. Р.Иеринг ўша даврларда давлат режими императорлар ва бошқа мансабдор шахслар эркидан ташқари яна қандай субъектив факторлар билан аниқланган?, деган саволга жавоб қидирган.
Олим қўйилган саволларга жавоб бера туриб, энг аввало римликларнинг характерига, унинг асосий белгиларига мурожаат қилади. Шу ўринда у қуйидагича саволларга жавоб қидирган: рим халқи характери, шу билан бирга римликлар руҳи ва эркининг ўзига хослиги нималарда ифодаланар эди? Ўнлаб бошқа халқларни бўйсиндирган ва Қадимги дунёда буюк империя ва маданият яратган бу халқнинг характери қандай эди?
Рим халқининг ўзига хос белгиларидан бири, деб ёзади Р.Иеринг, ўз миллий илдизларига чуқур садоқатидир. “Рим халқи характери тўғрисида ҳеч нарса билмайдиган киши унинг моҳияти космополит (дунёвий сиёсат) умумийликда эканлигини биладими? - деган саволни беради Р.Иеринг. Агар кимда ким римликларни озгина бўлса ҳам билганда эди, у бошқа бирор бир халқ эга бўлмаган шундай мустаҳкам миллатчиликка эга эканлигини билар эди ва ўзи ҳам улардек шу миллатга мустаҳкам ёпишган бўлар эди”.6
Р.Иерингнинг фикрича, давлат тузумига улкан таъсир кўрсатган рим халқининг муҳим сифати бўлиб, озодликка бўлган сўнмас муҳаббати, шахсий мустақиллик, ёрқин ифодаланган ўз шаън-шухрати ҳиссиёти, индивидуализм, шахсий ва миллий эгоизм (манманлик) ҳисобланади.
“Эгоизм рим умумийлиги (бирлиги)нинг ҳаракатлантирувчи сабабидир.”, - деб таъкидлайди Р.Иеринг. Эгоизм – бу “рим руҳининг асосий сифатидир.” Пасткаш (майда) эгоизм бор, деб тушинтиради у, яъни бу деганимиз “ахлоқий ва ақлан пасткашлик, ўзининг ҳисобларида узоқни кўра олмайдиган, бажаришга кучи йўқ, дақиқалик, пасткаш фойдани қаноатлантирадиган эгоизмдир.” Бироқ, буюклик эгоизми ҳам мавжуд, яъни рим руҳи ўз олдига қўйган мақсадларига кўра буюк бўлган, ўз режалари, мантиқ ва узоққа мўлжалланганлига кўра ҳайратланишга арзийдиган, ҳурматга сазовар метин энергияга, талабчанлик ва ўзини ўзи қурбон қилишга хос “келажак мақсадлар” кўзлайдиган эгоизмга эга. Бу эгоизм ахлоқий ва ақлий кучларнинг тўлиқ сафарбар этилганлигида ифодаланиб, у “буюк ишлар ва мурувватлар манбаи” бўлган. Рим буюклигининг энг юксак чўққисида Рим давлатига садоқат бўлиб, у инвидуал эгоизмдаги “ўзим ўзимга ва ҳаммаси ўзимга, интилишларим ўзим учун каби сифатларни енгиб, ўзини давлатга қурбон қилишга асос бўлган”.7
Р.Иерингнинг гапига кўра, прагматик, мақсадга интилувчан, табиатан эгоист бўлган римликлар ҳаммалар қатори аввало ўзларининг шахсий, кундалик талаблари, “индивидуал рисқи”ни қондиришни ҳеч қачон “ҳақ-ҳуқуқ, шон-шараф, Ватан ҳисобига” амалга оширмаган. У тўлиқ ишонч билан “римликларнинг индивиуал рисқи давлат рисқи билан мувофиқ бўлган, унинг эгоизми давлатни ҳам қамраб олган”, деб ёзади. Унинг тушунишича, “қонунларга қатъий риоя қилиш ва ижро этиш бир вақтнинг ўзида умумий ҳамда ўз шахсий манфаатга мос келади”. У “виждонсизлик, қўрқоқлик, ғаламислик ва ҳ.к билан сотиб олинган наф фақат юзакидир, виждонан, жасурлик билан, ҳақиқатга кўра мавжуд бўлган эгоизм мустаҳкам натижалар келтириши мумкин”, деб билан Р.Иеринг8. “Миллий бурч ҳисси” ҳар бир римликдан умумий мақсад ва манфаатлар билан узвий боғлиқ бўлган айни шундай олийжанобликни, шундай ҳаракат қилишни талаб қилган.
Юқоридагиларга асосланиб, Ўзбекистон сиёсий режимининг тамойили сифатида “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” тамойили мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ эълон қилинганлиги, ва унинг замирида давлатнинг буюклиги билан бирга халқнинг, миллатнинг “эгоизми”, яъни Ватанга нисбатан садоқати ва жонкуярлиги, “буюк ишлар ва мурувват”га қодирлиги, Ватанга муҳаббат йўлида жонни фидо қилиш ва бошқа шу каби сифатлар кўзда тутилганлигини англаш ва амалга ошириш лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |