Даргоҳ - энг олий давлат идораси. Унинг бошлиғи давлатнинг олий ҳукмдори ҳисобланади. Амир Темур давлат тепасига келгандан сўнг чингизийлардан бўлмиш Суюрғатмишни хон, яъни олий ҳукмдор деб эълон қилган. Суюрғатмиш «сохта хон» мавқеида бўлиб, амалдаги ҳокимият Амир унвонидаги Соҳибқирон ихтиёрида бўлган.
Мамлакат ва давлат аҳамиятидаги масалалар унинг ҳукми ва кўрсатмаси асосида ҳал этилган. Шу билан бирга, муҳим давлат масалалари кенгашда ҳал этилиб, даргоҳда вақти-вақти билан кенгайтирилган ва қисқартирилган тартибда мажлислар ўтказилиб турилган. Катта кенгашда мамлакат ҳаётига молик умумий масалалар ҳақида келишиб олинган. Кичик кенгашда давлат ва идораси фаолияти, юртда содир бўлаётган ўзгаришлар муҳокамаси, муҳим мансаб ва вазифаларга тайинлаш каби масалалар кўриб чиқилган. У ғоятда тор доирада ўтказилиб, давлат аҳамиятига молик масалаларнинг четга аён бўлишидан ниҳоятда сақланилган.
Кенгашларда амирнинг қариндошлари, олий дин вакиллари, бош амир, беклар-беги, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, олий мансабдор шахслар, вазирлар, девонбеги ва бошқалар иштирок этган. Мажлис баёни махсус котиб томонидан дафтарга тушириб борилган. Афтидан, кейинги мажлисларда ана шу баён асосида илгари қабул қилинган қарорлар, турли чоралар натижалари текширилган.
Даргоҳ, вазирликлар, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини Олий девон назорат қилган. Даргоҳ тизимидаги бу девонга девонбеги бошчилик қилган. Девонбеги давлат молиясини бошқарган ва вазирликлар фаолиятини, хазинадан мақсадга мувофиқ фойдала- нишларини назорат қилиб турган.
Олий девоннинг аҳамияти шу қадар баланд бўлганки, манбаларда баъзан уни даргоҳ билан бир маънода таърифлаш ҳоллари ҳам кузатилади. Олий девонда ҳар куни тўрт вазир: яъни, ижроия идоралари номидан бош вазир, ҳарбий вазир, мулкчилик ва солиқ ишлари вазири ҳамда молия вазири ҳозир бўлиб, ҳисобот бериб борган. Сарҳад ва бошқа тобе мамлакатлар бошқаруви билан боғлиқ яна уч вазирлик - холиса ҳам девонбегига ҳисобот берганлар.
Даргоҳдаги муҳим лавозимлардан бири - арзбегидир. У даргоҳга арз-дод, шикоят билан келганлар ҳамда мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабатини билдирувчиларни қабул қилишни уюштириш, тушган ариза, шикоят ва таклифларни олий ҳукмдорга етказиб туришга масъул бўлган.
Даргоҳда адолат амири лавозими мавжуд бўлиб, у турли ўлка ва шаҳарларда «сипоҳ ва орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида» бохабар бўлиб, олий ҳукмдорга ҳисобот ва маълумот етказиб турган. Маълумот олингач, махсус вакиллар - аминлар (яъни ишончли вакиллар) жойларга бориб воқеани ўрганиб, тафтиш қилган. Адолатни тиклаб, тегишли чоралар кўрган ва ёзма ҳисобот берган. Тобе ерлар тўловини йиғиб келиш ҳам уларнинг вазифаси ҳисобланган.
Олий фармонга кўра жойларга бориб ҳарбий юриш учун лашкар тўплаш билан тавочи шуғулланган. Бу вазифа ниҳоятда муҳим бўлгани учун у олий ҳукмдордан кейинги юқори даражадаги давлат мансаби деб қаралган. Маълумки, тобе ўлкалар, ҳукмрон сулола вакиллари, нуфузли амирларга тақсимлаб берилган юртлар олий кўрсатма бўлганда тегишли ҳарбий куч билан доим шай туришлари кўзда тутилган. Тавочилар эса худди мана шу аввал бошдан белгиланган лашкар сонининг тахт бўлиши, тайёргарлик даражаси, таъминоти кўнгилдагидек талабга жавоб бериши, кўрсатилган муайян йўл билан ўз вақтида етиб бориши каби ғоятда масъулиятли тадбирларга жавоб берганлар. Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, тавочилар бош тавочи, пиёда аскар тавочиси кабиларга тақсимланган. Бош тавочилар туманот (ўн минглик), ҳазоражот (минглик), садажот (юзлик) етакчиларидан, вилоят катталаридан қўшинни ўз вақтида, белгиланган сон ва сифат билан етказиб бериш тўғрисида тилхат олганлар. Шу билан бирга тавочи ҳарбий юриш чоғида қўшинларнинг жойлашуви, берилган буйруқ- ларнинг ижро этилиши ҳамда тинчлик пайтларида катта қурилиш- ларда иш тақсимлаш кабилар ҳам шуғулланган. Чунончи, Байлақон каналини қазишда 60-70 км масофани ҳар бир ҳарбий қисмга тақсимлаб беришга тавочилар бош бўлган.
Даргоҳда шунингдек, Девонбеги (сарой вазири)га бўйсунувчи бир қанча лавозимлар таъсис этилган. Улар бош ҳожиб ва ҳожиблар (расмий тадбирлар ташкилотчилари ва бошқарувчилари), хазинадор (хазиначи), носолар (даргоҳда ва олий фармон билан бошқа ерларда, масалан, юришларда ўтказиладиган тўй, базмлар, катта зиёфатларда стол тузатишга бош-қош бўлувчи), жибачи (қурол-аслаҳа сақловчи), қушчи (подшоҳона овлар уюштирилганда махсус ўргатилган ов қушларини олиб юрувчи, парвариш қилувчи) ва шу хизматни бошқарувчи қушбеги, баковулбоши (сарой ошпазларининг бошлиғи) ва баковуллар, котиблар (битикчилар), чопарлар, табиблар, созанда- лар, газалхонлар, фаррошлар, таблхона (ноғорахона), дорихоначи кабилардан иборат бўлган.
Ижроия тизими вазирликлардан ташкил топган. Уларнинг айримлари фақат даргоҳда туриб фаолият кўрсатган. Қуйидаги вазирликлар жорий этилган:
Do'stlaringiz bilan baham: |