3.2. Давлат моҳиятига ёндашувлар....
Моҳият аввало фалсафий категория бўлиб, у ёки бу ҳодисада бош масала, асосий мағиз, зарурий ҳолат, деган маъноларни англатади. Шунга кўра, давлатнинг моҳияти деганда унинг мазнуни, ижтимоий аҳамияти (роли), тарихий вазифалари ва фаолият юритишидаги энг асосий, аҳамиятли жиҳатлари тушунилади.
Давлат моҳиятининг марказида сиёсий ҳокимият туради. Сиёсий ҳокимият бир вақтнинг ўзида давлатнинг муҳим белгиси ва унинг моҳиятининг асосий мазмунидир. Давлат ўз моҳиятига кўра жамиятнинг сиёсий ҳокимиятидир.
Давлатнинг табиати ва моҳиятини чуқур ва ҳар томонлама тушунмасдан туриб, уни моҳирона, билимдонлик билан бошқариб бўлмайди ёки у тўғрисида тассаввурлар тўлиқ бўлмайди.
Давлат моҳиятини кўриб чиқишда икки ҳолатга эътибор бериш лозим:
ҳар қандай давлат сиёсий ҳокимият ташкилотидир (расмий жиҳати);
бу ташкилот кимнинг манфаатларига хизмат қилади (мазмуний томони).
Давлат моҳиятини тушунишда уни фақат расмий нуқтаи назардан, яъни сиёсий ҳокимият ташкилоти, деб тушунсак, унда қулдорлик давлати билан замонавий давлатлар моҳиятан бир бирига ўхшаш бўлиб қолади. Шу боисдан давлат моҳиятини бундай эмас, балки мазмун томондан тушуниш унинг моҳияти асосини ташкил этади. Бошқача айтганда давлат кимларнинг манфаатларини амалга ошириши ҳамда ўз сиёсатида нималарни устивор, деб ҳисоблаши унинг моҳияти ўзагини ташкил этади. Шу боисдан ҳам давлат моҳиятига синфий, умуминсоний, диний, миллий, ирқий ёндашишлар мавжуд.
Собиқ Иттифоқ даврида давлат ва ҳуқуқ назарияси фанига оид чоп этилган деярли барча адабиётларда бундан бир ярим аср вужудга келган давлатнинг марксистик тушунишига асосланиб, унинг моҳиятига бир томонлама синфий, яъни уни ҳукмрон синфнинг диктатураси ва чекланмаган ҳокимиятининг қуроли сифатида ёндашувлар ҳукмрон бўлган. Бу фикрни исботлаш учун бундай ёндошувларнинг муаллифлари сўзларига эътибор қаратсак. “Сиёсий ҳокимият ўз маъносига кўра, - деб ёзган эди К.Маркс ва Ф.Энгельс, - бу бир синфнинг бошқасини бостириб туриши учун ташкиллаштирилган зўрликдир”.2 “Давлат, - деб ёзади Ф.Энгельс, - бир синфни иккинчи синф бостириб туриши машинасидан бошқа ҳеч нарса эмас”3. Айни шундай фикрни В.Ленин ҳам билдирган4. Албатта, давлатнинг моҳиятига бундай ёндашиш улар фараз қилган давлатгагина тегишли бўлиб, уни барча давлатларнинг моҳиятига қўллаб бўлмас эди.
Давлатнинг моҳиятига умуминсоний қадариятлар юзасидан ёндашиш мақулроқ ҳисобланади. Бу ёндашувга кўра давлат моҳиятан аҳолининг ҳар хил қатламлари, гуруҳлари манфаатларини келиштиришга шароит яратиб берган сиёсий ҳокимият ташкилоти, деб қаралади. Бундай давлатларга Германия, Франция, Швейцария, Швеция, Австрия, АҚШ ва бошқаларни мисол қилса бўлади. Ўзбекистон давлати моҳиятида ҳам умуминсоний (ижтимоий) мазмун ва аҳамият ягона ривожланиш йўли ҳисобланади.
Давлат моҳиятига диний, миллий ва ирқий ёндашишлар асосида аниқ бир давлат сиёсатида диний, миллий, ирқий манфаатларнинг устивор, деб ҳисоблаш ётади.
Давлатнинг моҳиятига таъриф беришда ғарб олимлари томонидан ишлаб чиқилган назариялар мавжуддирки, улар билан танишиш тарихда давлатларни тушунишга ёрдам беради. Давлатнинг моҳияти ва унинг ижтимоий аҳамияти юзасидан давлат ва ҳуқуқ назарияси фани доирасида шаклланган назарияларни қуйидагича таснифлаш мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |