- Урал ширинмияси - Солодка уральская (Glycyrrhiza uralensis Fisch.).
Урал ширинмияси - Fabaceae оиласига мансуб, кўп йиллик ўт ўсимлик. Табиатда Урал чўлларининг бошланиш қисмида, Қозоғистоннинг 80-85% ҳудудларида, Сибирнинг чўлларида қалин тўқай ҳосил қилади [97,29,20].
Доривор хом-ашё сифатида ўсимликнинг илдиз ва илдизпояси ишлатилади. Урал ширинмиясининг ер остки аъзолари кимёвий таркиби жиҳатидан силлиқ ширинмиянинг ер остки аъзоларига ўхшаш бўлиб, таркибида гликозидлар (ликвиритин ва глицирризин), сахароза, глюкоза, аспарагин, крахмал ва эфир мойлари сақлайди. Ўсимлик хом-ашёсидан, доривор восита сифатида фойдаланишдан ташқари, озиқ-овқат саноатида, металлургия саноатида ва тамаки маҳсулотларини тайёрлашда ишлатилади [99, http:// eastbook.by.ru/minaeva/g4/d86.htm].
Шўр тупроқларда, ўсимликлар уруғдан экилиб интродукция қилинди. Уруғ унувчанлиги -2,7% ва сақланиш 50,0% кузатилди. Вегетациянинг дастлабки даврларида ёш ўсимликларнинг ўсиши жуда секин, кейинчалик жадаллашади. 1-вегетация йилида асосий поялар 33,0±2,09 см га ўсиб, уларда 12,4±1,60 та барглар ҳосил бўлади. Асосий поялар вегетация давомида 8,5±0,89 см ёғочланади ва улардан ўртача 3,0±0,63 та барглар тўкилади.
Июн ойининг ўрталарида дастлабки 1-тартибли новдалар ҳосил бўлади ва уларнинг сони ўртача 3,4±0,68 та га етади. 1-тартибли новдаларнинг узунлиги 6,7±0,93 см ва улардаги барглар сони 4,2±0,02 та ни ташкил этган. 2-вегетация йилида эса, ўсимликларнинг ўсиш суръати жадаллашади. Вегетациянинг дастлабки давриданоқ ҳар бир туп ўсимликда ўртача 2,3-3,7 та асосий поялар ҳосил бўлиб, май ойида асосий пояларда 1-тартибли новдалар ва июн ойининг охирида 2-тартибли новдалар ҳосил бўлади. 2-вегетация йилида Урал ширинмиясининг асосий поялари ўртача 56,0±2,50 см га ўсади ва уларда -18,8±2,31 та барглар шаклланади. Асосий поялар 13,2±0,83 см ёғочланади ва 9,0±1,30 та барглар тўкилади. Шунингдек, 9,8±1,28 та 1-тартибли новдалар ҳосил бўлиб, ўртача 11,0±1,75 см га ўсади. 1-тартибли новдаларда эса, ўртача 4,4±0,75 та 2-тартибли новдалар ҳосил бўлиб, уларнинг узунлиги 5,8±0,78 см ни ташкил этади (3.8-жадвал).
Адабиётлардаги маълумотларга кўра, Урал ширинмияси ўртача шўрланган (1,3-1,6%) тупроқларда жадал ўсади ва ривожланади. 2-вегетация йилида генератив даврга киради [138].
Шўрланган тупроқларда Урал ширинмиясининг ўсиш суръати 2 нчи вегетация йилида жадаллашади, лекин онтогенезни тўлиқ ўтамайди. Ўсимликлар 1 нчи вегетация давомида ташқи кўринишидан нимжон бўлиб, кейинги вегетация давомида тупроқларга мослашади.
Шундай қилиб, мутахасисларнинг (Муинова, 1977) фикрига қўшилган ҳолда, Урал ширинмиясини ўртача ва кучли шўрланган тупроқларда ўстириш ижобий натижалар беради [138].
Do'stlaringiz bilan baham: |