- Тишли келла - Амми зубная (Ammi visnaga (L.) Lam.).
Тишли келла - Apiaceae оиласига мансуб 1 йиллик ўт. Табиатда Ўрта Ер денгизи атрофидаги тошли қирғоқларда, паст тоғларнинг шағалли қияликларида ўсади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари (ўт) турли хилдаги эфир мойлари ва флаваноидлар сақлайди [97].
Шўр тупроқларда ўсимликлар уруғдан экилди. Уруғлар 11-13 кунда уна бошлайди ва унувчанлик 24 кун давом этади. Уруғ унувчанлиги -44,4% ва сақланиш -68,2% ни ташкил этди. Ўсимликларнинг асосий поялари дастлаб жадал ўсади ва июн ойида ўртача 36,8 см га етади. Июн ойининг охирларига келиб ўсиш секинлашади ва асосий поялардаги кўп барглар сарғайиб қуриб қолади. Вегетация охиригача асосий поялар 42,0±3,44 см га ўсиб, уларда 6,2±1,16 та барглар ҳосил бўлади.
Асосий пояларда дастлабки 1-тартибли новдалар май ойида ҳосил бўлиб, вегетация давомида уларнинг сони ўртача 13,4±1,36 та га ва баландлиги 21,1±1,33 см га етади. Май ойининг охири ва июннинг бошида ўсимликлар генератив даврга киради. Ғунчалаш ва гуллаш фазалари узоқ давом этади. Вегетациянинг охирларида, бир туп ўсимликда ўртача 4,2±0,86 та ғунчалар; 30,2±2,23 та гуллар; 24,4±1,99 та шаклланган ва 35,8±3,26 та пишган уруғлар қайд этилган (3.9 - жадвал).
Шундай қилиб, шўр тупроқларда тишли келланинг ўсиш ва ривожланиши анча жадал бўлиб, вегетация давомида онтогенезнинг ҳамма даврларини ўтайди. Ўсимликнинг асосий поялари ва новдаларидаги барглар тез қуриб қолади. Асосий доривор хом-ашё барглар бўлиб, ўсимликлар танасининг ўртача 25-30% ни ташкил этади. Демак, шўр тупроқларда тишли келлани ўстириш самарали эмас.
- Оддий бангидевона - Дурман обыкновенный (Datura stramonium L.).
Оддий бангидевона - Solanaceae оиласига мансуб, 1 йиллик ўт ўсимлик. Табиий ҳолда Шарқий Европанинг ўрта ва жанубий қисмида, Кавказда, Қримда, Олтой ўлкалари ва Ўрта Осиёнинг адирликларида, боғларда, йўл бўйларида бегона ўт сифатида ўсади. Доривор хом-ашё сифатида уларнинг барглари терилади. Ўсимликнинг баргларидан тайёрланган препаратлар спазмага қарши ва наркотик восита сифатида ишлатилади. Улардан невралгия, асоратли ва ўткир ревматизм каби касалликларни даволашда фойдаланилади [97].
Шўр тупроқларда, оддий бангидевона нисбатан (шўрланмаган тупроқларда) секин ўссада, вегетация давомида онтогенезни тўлиқ ўтайди. Ўсимлик уруғдан экилди. Уруғ унувчанлиги -16,4% ва сақланиш -100% гача етади. Вегетация бошидан охиригача ўсимликлар бир маромда ўсади. Асосий поялар 50,2±2,87 см ўсиб, вегетация давомида 10,8±1,20 см га ёғочланади. Май ойининг ўрталарида 1- ва 2-тартибли новдалар ҳосил бўлади. Асосий пояларда ўртача 6,0±1,26 та 1-тартибли новдалар ҳосил бўлиб, улар 20,3±1,37 см га ўсади. Ҳар бир 1-тартибли новдаларда 16,8±2,33 та 2-тартибли новдалар ҳосил бўлади ва уларнинг узунлиги ўртача 4,1±0,50 см га етади. Асосий пояларда 6,2±1,07 та барглар ва 1-2 нчи тартибли новдаларда эса, 20,3±1,37 - 7,4±0,75 та барглар ҳосил бўлади (3.9 - жадвал).
Ўсимликлар июл ойининг бошида генератив даврга киради. Ғунчалаш ва гуллаш фазаси вегетация охиригача давом этади. Бир туп ўсимликда ўртача 4,0±0,89 та шаклланган ва 8,4±0,87 та пишган мевалар ривожланади.
Оддий бангидевонанинг шўр тупроқларда жадал ўсиши ва ривожланиши, ташқи кўринишидаги бақувватликка асосланиб, ўсимликлар шўрга чидамли деган, хулосага келдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |