Кузатиш объектини танлаш. Одатда кузатиш объекти олдиндан танланиб, экскурсия объекти дастлабки равишда ўрганилади (бориб кўрилади), зарур ҳужжатлар, экскурсияни ўтказиш тартиби, ўқувчилар учун бериладиган топшириқлар ва ҳисоботларнинг шаклларини тайёрлашдан иборат тайёргарлик босқичи амалга оширилади.
Экскурсиянинг мазмунини асослаш. Унда меҳнат ўқитувчиси ёки экскурсияни олиб борувчи томонидан экскурсиянинг мақсади, вазифалари, корхона ховлисида ва бошқа белгиланган жойларда ўзини тутиш қоидалари, кузатиш объектлари, экскурсия маршрути тўғрисида суҳбат ўтказиш, ўқувчиларни бевосита зарур вазифаларни бажариши назорат қилинади.
Экскурсияга якун ясаш. Экскурсия жараёнида пайдо бўладиган масалаларни ҳал қилишга қаратилган якунловчи суҳбат ўтказиш билан чекланмайди. Меҳнат бўйича навбатдаги машғулотларда бажариладиган вазифаларни ва ҳисоботларни таҳлил қилиш ҳамда жамоада эркин равишда муҳокама қилиш йўли билан экскурсияга узил-кесил якун ясалади.
Ишлаб чиқаришдаги экскурсияларни касб таълим ўқитувчиси бошқа фан ўқитувчилари, хусусан физика ўқитувчиси билан биргаликда ўтказиш мумкин. Бундай ҳолларда экскурсия вақти узайтирилади ва ўрганиш объекти анча чуқурлашади ҳамда кўп қиррали бўлади.
2. Экскурсияларнинг дарсдан ташқари машғулотларда тутган ўрни.
Экскурсияга тайёрланиш экскурсия объектини танлашдан бошланади. Объектни танлаш экскурсия жараёнида қўйиладиган вазифалар билан белгиланади. Масалан: 5-синф ўқувчилари меҳнат таълими дарсларида тикув материалларини қирқиш ишларини бажарадилар (тикувчилик корхоналарига экскурсия уюштириб, ўқувчиларни тикув материалларини қирқиш билан таништириш мумкин); 6-7-синфда тикувчилик буюмларига ишлов бериш ўрганилгандан сўнг асосий таълимий вазифа ўқувчиларга технологик жараёнларни автоматлаштириш ҳақида тушунча беришдан иборат бўлади (табиийки, бундай пайтда экскурсия учун автомат линия ёки алоҳида автомат машиналар мавжуд объект танланиши керак).
Экскурсия объектларини танлашда қишлоқ жойларида меҳнат таълими ўқитувчисининг имконияти ниҳоятда чекланганини назарда тутиш керак. Бунинг устига баъзан ҳамма экскурсияларни битта корхонанинг ўзида ўтказишга тўғри келади. Бундай ҳолларда меҳнат таълими ўқитувчиси экскурсиялар мазмунан такрорланмаслиги ва уларга ўқувчиларнинг қизиқиши сусаймаслиги учун олдиндан устахоналарда таълим беришнинг бутун даври учун ўтказиладиган экскурсияларнинг режасини тузиб олади.
Ўқитувчи экскурсия учун объект танлагач корхона раҳбарлари билан келишиб олади ва экскурсияни ким ўтказиши масаласини ҳал қилади. Экскурсияни ўқитувчининг ўзи ўтказса, энг кўп таълимий самарада эришилади. Чунки ўқитувчи мана шу тадбирнинг таълимий вазифаларини, ўқувчиларнинг тайёрлиги ва фан асосларига доир билимларини яққол тасаввур этади. Буларнинг ҳаммаси унга ишни аниқ олиб бориш, ўқувчиларнинг даққат эътиборини улар учун энг муҳим ҳисобланган асосий нарсаларга қаратиш имконини беради. Афсуски, ҳар бир меҳнат таълими ўқитувчиси ҳозирги саноат корхоналарида ўтказиладиган экскурсияларни бошқаришга тайёрланган, деб бўлмайди. Ана шундай ҳолларда экскурсияни корхонанинг ходими ўтказади, ўқитувчи эса унга аввал экскурсиянинг вазифаларини тушунтириши лозим.
Меҳнат таълими ўқитувчиси экскурсияни олиб борувчи билан биргаликда экскурсиянинг маршрутини ва ўқувчиларга кўрсатиладиган объектни белгилайди. Бунда ўқувчиларнинг хавфсизлиги масалаларига катта эътибор берилади. Ўқитувчи экскурсияни олиб борувчи билан биргаликда ўқувчиларнинг корхона территориясидаги ҳаракати хавфсизлигини қандай таъминлаш, уларни цехга қандай жойлаштириш кераклиги ҳақида фикрлашади.
Ўқитувчи экскурсия вақтида ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш учун уларга индивидуал топшириқлар беради. Бу топшириқлар турли характерда бўлиши, масалан: муайян деталга ишлов бериш тартибини ёзишдан (маршрутли технологик карта тузишдан), қатор операциялар бўйича детал машғулотнинг эскизини тайёрлашдан, қўл меҳнати билан машинада ишлашнинг унумдорлигини таққослашдан иборат бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |