2-Ўқув саволи. Ҳарбий хизматчининг махсус сифатлари
55. Ҳарбий хизматчининг махсус сифатлари – ҳарбий хизматчи организмининг ҳарбий-профессионал фаолият давомида юзага келадиган муайян омиллар таъсирига бардош бера олиш хусусиятини англатади. Организмнинг бундай хусусиятларига асосан: чайқалиш, гравитацион юклама, кислород етишмаслиги, тебраниш, гиподинамия таъсирига бардош бериш қобилияти киради.
56. Чайқалиш таъсирига бардош бериш қобилияти – организмнинг самолёт, вертолёт, жанговар машина, транспорт воситаси каби объектлар тегишли маконда ҳаракатланаётганида юзага келадиган механик қўзғовчилар таъсири ва тезлик ўзгаришига чидамлилигини англатади.
Ушбу қобилият бош ва гавда мувозанатини идора қиладиган органга (вестибуляр аппаратга) таъсир ўтказадиган жисмоний машқлар, хусусан: махсус спорт снарядларида бажариладиган машқлар ҳамда акробатика ва гимнастика машқлари воситасида ривожлантирилади.
20- машқ. Батутда сакраш машқи.
Машқнинг ОҲТМ 1- курс курсантлари ва 3- ёш гуруҳига мансуб ҳарбий хизматчилар томонидан бажарилиши: икки маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода 180О га буриб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали; ўтирган ҳолатда тушиш; бир маротаба асосий сакраш амали; қорин соҳаси билан тушиш, оёққа туриш; бир маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода 180О га буриб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали.
Машқнинг ОҲТМ 2- курс курсантлари ва 2- ёш гуруҳига мансуб ҳарбий хизматчилар томонидан бажарилиши: икки маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода 180О га буриб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали; олд томон сальто бажариб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали; орт томон сальто бажариб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода йиғиб сакраш; бир маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода 180О га буриб сакраш; икки маротаба асосий сакраш амали, тўхташ.
Машқнинг ОҲТМ 3- курс ва ундан юқори курсларда таҳсил кўраётган курсантлари ҳамда 1- ёш гуруҳига мансуб ҳарбий хизматчилар томонидан бажарилиши: икки маротаба асосий сакраш амали; ўтирган ҳолатда тушиш; бир маротаба асосий сакраш амали; қорин соҳасига тушиш, бир маротаба асосий сакраш амали; олд томон сальто бажариб сакраш; бир маротаба асосий сакраш амали; орт томон сальто бажариб сакраш; бир маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода 360О га буриб сакраш; бир маротаба асосий сакраш амали; танани ҳавода йиғиб сакраш, тўхташ.
Батут тўридан сакраб тушиш ман этилади.
21- машқ. Кўчмас гимнастик ғилдирак ичида айланиш машқи.
Ушбу машқ ОҲТМ курсантлари ҳамда 1- ва 2- ёш гуруҳига мансуб ҳарбий хизматчилар томонидан гимнастик ғилдирак ичида белгиланган вақт давомида ҳар қандай томонга 10 та айланма ҳаракат бажарилиб, ижро этилади. Бош вертикал чизиқни биринчи маротаба кесиб ўтган фурсатдан вақт ҳисоби бошланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |