Олтинчидан, яқинда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш каби энг муҳим масалалар тартибга солинган. Қонунда республикада барқарорликни таъминлаш, жамиятимизга экстремистик ва бузғунчилик ғояларининг сингишига йўл қўймасликнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлари назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, экстремизмга қарши барвақт курашиш мамлакатимизда алоҳида қонун билан тартибга солинмаган, бу ҳуқуқни қўллаш соҳасида кўплаб муаммоларга олиб келар эди.
Еттинчидан, яна бир муҳим жиҳат – таълим олиш ҳуқуқи Ўзбекистоннинг барча фуқароларига уларнинг динга муносабатидан қатъий назар таъминланади.
Олий ва ўрта диний таълим муассасаларига фуқаролар мажбурий умумий ўрта таълим олганларидан сўнг қабул қилинади.
Диний ўқув масканларида диний фанлардан дарс берувчи шахслар диний таълимга эга бўлишлари лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Ислом академияси, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, 9 мадраса, шу жумладан, 2 ихтисослаштирилган аёллар билим юрти, Тошкент православ семинарияси, Тошкент христиан семинарияси каби ўқув даргоҳлари фаолият юритмоқда.
Мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқх, ақида ва тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослаштирилган 5 илмий мактаб очилган.
Шунингдек, Ўзбекистон тўлиқ Инжил христианлари маркази, Ўзбекистон Евангель христиан-баптистлар черковлари уюшмаси ва бошқалар фаолият юритмоқда.
Саккизинчидан, “Зиёрат туризми”ни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳам Ўзбекистоннинг хайрихоҳлиги ва очиқлигидан далолат беради. Туризм соҳасини сифатли диний-маърифий дастурлар билан бойитиш ишлари олиб борилмоқда. Жаҳон ҳамжамиятига исломнинг ҳақиқий инсонпарвар моҳиятини етказиш, унинг бой меросини асраш ва ўрганишга қаратилган халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда Қуръон, Эски Тавротнинг 16 китоби ва Инжилнинг барча китоблари ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Ҳар йили июль ойида апостоллар Петр ва Павел шарафига диний китоблар ярмаркаси ҳамда диний китоблар ва черков буюмлари халқаро кўргазмаси ўтказиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ишларини фаол давом эттирмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан 20 йил аввал қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, алоҳида идоралараро комиссия муайян жиноятлар, шу жумладан, диний масалалар билан боғлиқ жиноятларни изчил жиноий юрисдикциядан чиқариш устида ишламоқда.
Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон ҳудудида диний материаллар ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласи кун тартибида. Шунга қарамай, фикримизча, давлат импорт қилинаётган диний матнларни экспертиза қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши лозим. Чунки диний адабиётни экспертизадан ўтказиш орқали Конституцияга қарши тарғибот мақсадларида диндан фойдаланиш ҳолатларининг, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олди олинади.
Умуман, Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати замирида давлатнинг дунёвийлиги, дин ва давлат бир-биридан ажратилгани ҳақидаги тамойил ётади.
Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати, ўз навбатида, халқаро шартномаларнинг бу борадаги талабларини тўлиқ эътироф этади ва фуқароларнинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш йўлида изчил қадамлар ташлашда давом этмоқда.
Жамиятни либераллаштириш, инсоннинг, шу жумладан, диний соҳадаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга доир стратегик дастур мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаган ҳолда диний эркинликлар ва конфессиялараро тотувликни таъминлашни назарда тутади.
Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги янги сиёсатининг илк амалий натижаларини фуқароларимиз ўз ҳаётида сезаётгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |