2-Мавзу: Диний қадриятлар ва ислом маънавиятининг тикланиши.
( 2 соат )
1.Ислом динининг ўзбек халқи маънавий ҳаётини бойитиб боришида тутган ўрни.
2. Ислом динига қарши олиб борилган хуружлар маънавий қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик нишонаси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”1 деб айтган эди.
Ислом дини Арабистони ярим оролида пайдо бўлган бўлса-да ўзиниг такомилини Мовароуннаҳрда топди. Марказий Осиёда, хусусан ,Мовароуннаҳрдаги тарихий жараёнлар бунга яққол гувоҳлик беради. Шарқда, жумладан Мовароуннаҳрда 9-12 ва 15-16 асрлар “Ренессанс” даври – “Шарқ уйғониш” даври деб номланади. “Шарқ Уйғониш” ёки “Мусулмон ренессанси” даврида улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиқди. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий (783-850), Абу Райҳон Беруний (973-1048), Аҳмад ал-Фарғоний (797-865), Мирзо Улуғбек (1394-1449)лар жаҳоншумул кашфиётлар қилдилар. Абу Наср Форобий (873-950), Абу Али ибн Сино(980-1037), Нажмиддин ан-Насафий (1067-1142)ларнинг фалсафий асарлари тафаккур хазинасини бойитди, фозил жамият ва комил инсон назарияси чуқур ишлаб чиқилди. Шеъриятда Рудакий, Фирдавсий, Румий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий каби даҳо ижодкорлар етишиб, ўлмас асарлар яратдилар.”Байт ул-ҳикма” (“Донишмондлар уйи”) 8- аср охирида Бағдодда Шарқнинг йирик илмий маркази эди. Хоразм пойтахти Урганчда хоразмшоҳ Абулаббос Маъмун ҳомийлигида “Билимдонлар уйи” (“Маъмун академияси”) ташкил этилган эди.12-асрда Бухоронинг Дарвоза маҳалласида “Фиқҳлар мадрасаси” қурилган.Бу мадрасада Қуръон,Ҳадис ва араб тили мукаммал ўрганилган. Наршахийнинг ёзишича Бухоро “Қуббат ул-ислом”,яъни “Ислом динининг гумбази” деб ном олган.Фиқшунос Абу Хафс Кабир Бухорийнинг хизмати туфайли шундай номга муяссар бўлган.Абу Жаъфар ат-Табарий (839-923)нинг “Тафсири Табарий” номли 14 жилдлик Қуръони каримнинг шарҳи ёзилди.1429 йил Мирзо Улуғбек раҳбарлигида Самарқанд шаҳрида “Дорул илм”га асос солинди. 1424-1428 йилларда Улуғбек расадхонаси ва 1433 йил Ғиждувонда Улуғбек мадрасалари қурилди.Улуғбек 1417 йилда Бухорода қурилган мадраса дарвозасига “Билим олиш ҳар бир мусулмон аёл ва эркакнинг бурчидир” деган калима ўйиб ёзиб қўйилди. 12 асрда Туркистонда яссавия,Хоразмда кубровия, 14 асрда Бухорода нақшбандия тариқатлари камол топди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Юртимизда навбатдаги олий диний таълим муассасаси, яъни маърифат маркази бўлмиш ҳадис илми мактабининг ташкил этилишини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бошланган халқимизнинг маънавий қадриятлари ва аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш билан биргаликда бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш йўлида амалга оширилаётган улкан ишларнинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.
IX асрга келиб ислом динининг суннийлик йўналишига эътиқод қилувчилар орасида энг ишончли деб тан олинган олти мўътабар ҳадис тўплами – Имом Бухорий (810-870)нинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли ҳадислар тўплами»), Муслим (819-875)нинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», Абу Довуд (817-888)нинг «Сунан» («Суннатлар»), Имом Термизий (824-892)нинг «Сунан», Имом Насоий (830-915)нинг «ас-Сунан ал-кубро» («Улуғ суннатлар») ва Ибн Можа (ҳижрий йил 209-273)нинг «Сунан» асарлари яратилган. Эътиборлиси шундаки, ислом оламида «Сиҳоҳи ситта» ёки ”Кутиби ситта” («Олти ишончли тўплам») номи билан машҳур бўлган ушбу олти тўпламдан учтасининг муаллифи – имом Бухорий, имом Термизий ва имом Насоийлар Марказий Осиё вакиллари ҳисобланадилар. Булар орасида имом Бухорий ислом дунёсида «муҳаддислар имоми» ва «ҳадис илмининг султони» номлари билан машҳур бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аждодларимизнинг ҳадис илми соҳасидаги меросини ўрганиш, улар томонидан яратилган ҳадислар тўпламларини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Жумладан, Ш.Бобохонов, Шайх Абдулазиз Мансур, У. Уватов, А.Ш.Жузжоний, А.Мўминов, Н.Муҳаммедов ва И.Усмонов каби олимлар, Б.Эшонжонов, Д.Раҳимжонов, Д.Муратов, М.Алимова, А.Абдуллаев, С.Оқилов, Ш.Зиёдов, З.Нажмиддинов, Р.Матибаева каби ёш тадқиқотчилар бу йўналишда қатор тадқиқотлар амалга оширган бўлсалар, Абдуғани Абдуллоҳ, Хожа Музаффар Набихон ўғли, Мирзо Кенжабек каби таржимонлар имом Бухорий ва имом Термизий қаламига мансуб айрим асарларни ўзбек тилига таржима қилишди. Гарчи ҳадис тадқиқотлари борасида амалга оширилган ишларнинг салмоғи ҳали унчалик катта бўлмаса-да, мана шуларнинг ўзи ҳам ўзбек ҳадисшунослик мактаби шакллана бошлаганидан дарак берарди. Бу эса ўз навбатида бу йўналишда янги бир қадамнинг ташланиши заруратини келтириб чиқарди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда биринчи марта ҳадис илми мактабининг ташкил этишини бу йўлда ташланган ана шу муҳим қадам деб аташ мумкин. Ҳадис илми ёки ҳадисшунослик тўғрисида сўз юритганда, авваламбор, бу илмнинг ислом тарихи, тафсир, фиқҳ, ақида, калом, тасаввуф илмлари қаторида ислом илмлари жумласига киришини билиб олиш лозим бўлади. Айтиб ўтиш лозимки, халқимизни ўз тарихидан узиб қўйган собиқ совет даврида ўтмиш меросимизнинг кўплаб қирралари қаторида ислом дини билан боғлиқ илмлар ҳам унутилди. Натижада тафсир ёки ҳадис нима эканлигини биладиган, фиқҳ билан каломни фарқлайдиган кишилар саноқли бўлиб қолди. Нафақат мусулмон мамлакатлари, балки бошқа минтақалар, жумладан, Европа ва Америкада ҳам бир неча тармоқлардан иборат бўлган исломшунослик алоҳида соҳа сифатида шаклланиб бўлган бугунги даврда ҳам бир замонлар ислом цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлган бизнинг юртимизда ислом дини билан боғлиқ илмлар ҳали ҳамон бошқа фан соҳалари, жумладан, тарих, фалсафа, филология каби соҳалар доирасида тадқиқ этиларди.
Do'stlaringiz bilan baham: |